Тожикистон: 'Халққа нима керак' ёки Мирзиёев ташрифидан ўзбеклар нимага умид қилишмоқда? O‘zbekiston Tojikiston mintaqa dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, official
Агар, расмий маълумотларга таянилса, Тожикистондаги ўзбеклар сони бир миллиондан ошади. Ўзбеклар Тожикистонда нуфузи жиҳатидан иккинчи ўринда туради.
Расмий рақамларда Тожикистондаги ўзбеклар сони 1 миллион 200 минг атрофида экани айтилади.
Аммо мамлакатдаги ўзбекларнинг ўзлари бундан ҳам кўп эканликларини иддао қилиб келишади.
Ўтган йили Тожикистонда бўлиб ўтган президент сайловида мамлакатдаги ўзбекларнинг кўпчилиги ўзларининг айнан Эмомали Раҳмонга овоз беришларини айтишган.
Бу галги сайловда ҳам яна амалдаги президент бўлган Эмомали Раҳмоннинг ўзи ютиб чиққан.
Шавкат Мирзиёев Тожикистон президентини сайловдаги ютуғи билан расман ва ошкора табриклаган илк минтақа ва дунё лидериларидан бири бўлган.
Ўзбеклар нега айнан Эмомали Раҳмон номзодини қўллашлари сабабини очиқлашаркан, ўз қарорларини унинг "Шавкат Мирзиёев билан ака-ука бўлиб кетишгани, чегараларни очиб, чинакам дўстлик муносабатлари ўрнатгани" билан ҳам изоҳлашган.
"Бундан қайси ўзбекнинг боши кўкка етмаган", - дея бунинг ўзлари учун аҳамиятини хосан қайд этиб ўтишган.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Аммо айни бир пайтда улар Эмомали Раҳмоннинг янги президентлиги даврида ўзбекларнинг муаммоларига янада кучлироқ эътибор қаратишини исташларини ҳам баён қилишган.
Улар ўзбек мактаблари сонининг қисқариб кетишига йўл қўйилмаслиги, мамлакат олий ўқув юртларида ўзбек бўлимларининг очилиши, радио ва телевидениеда ўзбекча эшиттириш ва кўрсатувларнинг кўпайишини исташларини айтишган.
"Бу муаммоларнинг ижобий ечим топишидан умидворликлари"ни билдиришган.
Ўзаро визасиз борди-келдиларга расман изн берилганидан мамнун эканликларини айтган бошқалари эса, янги президентнинг Ўзбекистонда махсус қайддан ўтмай туриб, уч кун эмас, янада кўпроқ яшашга рухсат берилиши масаласини ҳал этишини ҳам хоҳлашганди.
Тожикистонга бу галги расмий ташрифи чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг илк бор Хўжанд шаҳрига ҳам бориши кўзда тутилган.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Ўзбекистонга бевосита чегарадош Суғд вилояти маркази бўлган Хўжанд Тожикистоннинг иккинчи йирик шаҳри саналади.
Тожикистоннинг дунёга чиқадиган йўллари асосан Ўзбекистон орқали ўтади.
Ўзбекистон билан ўзаро муносабатларнинг яхшиланиши Тожикистон ва мамлакат ўзбеклари ҳаётида жуда кўп ижобий ўзгаришларга эшик очиши умид қилинади.
Хўжандда ҳам ҳозир Ўзбекистон президентининг ташрифига тайёргарлик жуда қизғин экани айтилади.
Қарши олиш тадбирларига айрим ҳозирлик ишларининг жазирама иссиқ ва куннинг тиғида ҳам олиб борилаётгани орада ҳатто айрим минтақавий нашрларнинг эътиборига тушган воқеъликка ҳам айланиб улгурган.
Шавкат Мирзиёевнинг расмий ташрифи арафасида Би-би-си Ўзбек хизмати хўжандликлардан айримларининг ўй-фикрларига қулоқ тутди.
Мавлон амаки, 82 ёш, Хўжанд шаҳри яшовчиси:
"Мустақиллик, мустақиллик, деб жар солдингиз, бирингиз Амир Темур, яна бирингиз Исмоил Сомоний, бошқангиз Манас, дея кибрингизни Помир тоғига қадар кўтардингиз, халққа нима берди бу мустақиллик?
Пайдо бўлганидан бери бу халқлар виза деган балони билмас эди, чегара деган азобга дучор бўлмаганди.
Халқларни ажратдингиз, оилаларни бўлиб ташладингиз, миллатга қараб ўтмишда ўтган буюкларни ҳам бу жиноятингизга шерик қилдингиз.
20 йилча сизнинг бу кибрга тўлган сиёсатингиз жабрини оддий халқ кўрди. Етар!
Мана, бўларкану одамдай яшаса, ўзбегу тожик бир-бирига қондош, қардош ва дўст, деб лутф қилсангиз, осмон узилиб ерга тушмас экан, бироз бўлса ҳам сизни бошига кўтариб қўйган ҳокисор халқ қайтага сизни дуо қилар экан.
Энди қирғиз дўстларимизга ҳам шу муждани беринг, бизни бир-биримиздан айиришмасин!"

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Мунаввара Ойматова, Бобожон Ғафуров номли Хӯжанд давлат университети ӯзбек филологияси факультети доценти:
"Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга ташрифи расмий доиралар учун ўзаро ҳамкорлик келишувлари имзоланадиган тарихий воқеа.
Аммо оддий халқ учун бу қувончли ҳодиса.
Чунки пандемия туфайли ёпилган чегаралар яна очилишини ҳамма интиқ бўлиб кутаётгани сир эмас.
Савдо-сотиқ, юз минглаб қариндошлар кабилар айни чегаралар очилишига маҳтал.
Икки давлатдаги оддий халқ учун тинчлик ва ободлик муҳим масала.
Қўшни давлат билан яхши қўшничилик муносабатидан оддий халқ ҳам жуда манфаатдор.
Яна борди-келдилар тикланади. Яна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари айирбошлаш ва савдо-сотиғи ўз изига тушади.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Халққа нима керак? Тинчлик ва қора қозони қайнаса бўлди.
Икки томон президентларининг ҳар икки мамлакатга ташрифлари янги-янги иқтисодий имкониятлар эшигини очаётгани аниқ.
Бу, ўз ўрнида, ҳар икки мамлакат иқтисодий фаровонлиги учун зарурдир.
Шавкат Мирзиёев ташрифи шарофати билан ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, шаҳарлар обод бўлди.
Бугун кутилаётган ташриф 2018 йилгисидан бошқачароқ.
Бу гал Ўзбекистон Президентининг Эмомали Раҳмон ҳамроҳлигида Хўжандга ҳам ташриф буюриши кутилмоқда.
Бу алоҳида ажойиб ҳодиса.
Хўжандда ҳам бир қатор янги корхоналар очилиши кутилмоқда.
Бу эса, янги иш ўрни дегани.
Табиийки, буларнинг барчаси икки мамлакат президентлари ташрифи шарофатидан.
Бу олий мақомдаги ташриф янги иқтисодий-сиёсий, маданий, адабий бошламалар учун дебоча бўлади, деб умид қиламиз".
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга икки кунлик расмий ташрифи бугун, 10 июнь куни бошланади.
Шу соатларда Ўзбекистон раҳбарининг Тожикистонга етиб боргани расман хабар берилди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek






























