Ўзбекистон ва Марказий Осиё: Толибон нега бунча қўшни давлатларга мурожаат қилиб қолди? Afg‘oniston O‘zbekiston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, ANADOLU
Афғонистон Толибон ҳаракатининг сўнгги ҳафталарда минтақа давлатларига устма-уст мурожаат билан чиқаётгани кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортмай қолмади. Толибон бу билан нима демоқчи эканига оид саволларни пайдо қилди.
"Бу толибларнинг истиқболдаги амбицияларидан, дунё ҳамжамиятига ўз имижи ҳақида бераётган муждаларидан дарак", - дейишмоқда айрим минтақавий сиёсий таҳлилчилар.
Афғонистон минтақанинг аксарият Марказий Осиё давлатлари - Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонга ҳам бевосита чегарадош давлати бўлади.
Ўтган йили ўз тарихида илк бор Америка Қўшма Штатлари билан "тарихий" тинчлик битимини имзолашга муваффақ бўлган ва биринчи марта афғонлараро мулоқотларга бош қўшгандек кўринган Толибон ҳаракатининг ўзи эса, ҳали-ҳануз минтақадаги энг йирик жангари гуруҳи бўлади.
Ҳаракат куни-кеча яна расмий баёнот билан чиққан, бу гал Қирғизистон ва Тожикистонга мурожаат қилган.
Толибон Марказий Осиёнинг бу икки давлатини "ораларидаги муаммоларини оқилона ва мулоқотлар йўли билан ҳал қилиб олиш"га чақирган.
Ҳаракат уларни "исломий ва бир-бирларига қардош мамлакатлар", деб атаган.
Марказий Осиё ҳам аксарият аҳолиси мусулмон минтақа бўлади.
Янги танглик

Сурат манбаси, official
Афғонистон Толибон ҳаракатининг расмий баёноти Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида вазиятнинг яна кескинлашганига оид хабарлардан кун ўтиб бўй кўрсатган.
Ўзаро чегараларида шу йил апрель ойида маҳаллий аҳоли орасида юзага келган зиддият эса, ҳар икки томон ҳарбийлари иштирокидаги қуролли тўқнашувларга айланиб кетган.
Сув устидан минтақанинг икки қўшни давлати ўртасида келиб чиққан сўнгги қонли низо бу яқин йиллар ичида кузатилмаган энг ёмони экани айтилган.
Қуролли тўқнашувларда ҳар икки томондан жами элликдан ортиқ киши қурбон бўлган, юзлаб кишиларга тан жароҳати етган, яна минглаб одам дарбадарликка юз тутишга мажбур бўлган.
Юздан ортиқ бинога ўт қўйилган, талон-тарож этилган.
Томонлар низони қўзғашда яна бир-бирларини айблашган, бир-бирларига қарши жиноий иш очишгача боришган.
Орада бунга "учинчи куч"ни масъул билганларнинг борлиги ҳам кўрилган.
Томонлар уч кун деганда бир муросага келишган, 1 май куни сулҳ битимига имзо чекишган.
4 июнь куни Тожикистон томонининг ўзаро тавсифланмаган ҳудудда контейнер ўрнатиши Қирғизистоннинг жиддий хавотирларига сабаб бўлган.
Расмий Бишкек уларнинг Қирғизистонга минг метргача кириб келганликларини даъво қилган.
Қирғизистон бешта қишлоғи аҳолисини аллақачон хавфсиз жойга кўчирганини ҳам маълум қилган.
Худди шу манзарада Қирғизистоннинг айни шу ҳудудга кетаётган ҳарбий вертолёти Тожикистон билан чегара яқинида фавқулодда қўниб, сўнгра ёниб кетганига оид хабарлар олинган.
Аммо расмий Душанбе қирғиз тарафининг баёнотларини расман рад этиб чиққан.
Орадан кун ўтиб, ҳар икки томон давлат хавфсизлик қўмиталари раҳбарлари учрашиб, чегарадан ўз қўшинларини олиб кетишга келишиб олишгани хабар берилганди.
Афғонистон Толибон ҳаракатининг Қирғизистон ва Тожикистонга мурожаатан эълон қилган расмий баёноти худди шу кунга тўғри келган.
Толибларнинг мазкур баёнотига бу икки минтақа давлатининг муносабати ҳозирча имконли эмас.
Аммо орада кечган вақт давомида Қирғизистон ҳам, Тожикистон ҳам ораларидаги ўзаро зиддиятни музокаралар йўли билан ҳал қилиш истагида эканликларини баён қилиб келишади.
Ўзбекистон эса, сўнгги қуролли низо манзарасида қирғиз-тожик чегарасидаги вазиятни тинч йўл билан ечишга чақирган биринчи минтақа давлати бўлган.
Расмий Тошкент мавжуд келишмовчиликка фақат музокаралар йўли билан барҳам бериш мумкинлигини баён қилганди.
Мулоқотми ёки уруш?

Сурат манбаси, official/arxiv
Бошқа томондан, ҳаракатнинг Қирғизистон ва Тожикистонни мулоқотларга чорловчи баёноти Афғонистонда толибларнинг ҳужумлари шиддатлашган, зўравонликлар янада кучайган, АҚШ ва Нато бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари мамлакатдан ўзларининг сўнгги ҳарбийларини ҳам олиб чиқиб кетиш ҳаракатида бўлган бир пайтга тўғри келган.
Айни шу кунларда толиблар биргина Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимолий Фарёб вилоятининг ўзида қатор туманлар назоратини ўз қўлларига олишганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Толибон ҳаракати ўтган ой ҳам Афғонистоннинг қўшниларига мурожаат билан чиққан.
Уларни ўз ҳудудларидан Афғонистонга қарши фойдаланилишига изн бермасликка чақирган, акс-ҳолда бунинг оқибатлари билан огоҳлантиришни ҳам унутмаган.
Бунга Ғарбнинг қатор нуфузли нашрларида Афғонистонни тарк этаркан, АҚШ ўз амалиётларини четдан туриб амалга ошириш учун минтақа давлатларида ҳарбий базаларини очиш ниятида эканига оид бўй кўрсатган хабарлар сабаб бўлган.
Мазкур давлатлар сирасида эса, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон ҳам тилга олинган.
АҚШ 20 йиллик ҳарбий ҳозирлигидан сўнг, жорий йилда Афғонистондан ўз қўшинларини буткул олиб чиқиб кетмоқчи ёки уларнинг сонини кескин қисқартирмоқчи.
Худди шу нарса Толибон "тарихий битим"да илгари сурган энг муҳим ва асосий шарт бўлади.
Ҳаракат бунга жавобан Афғонистон тупроғидан бирор бир хорижий жангари гуруҳга жой бермаслигини ваъда қилган.
Афғонистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош, дунёнинг асл илдизлари Ўзбекистонга бориб тақалувчи ва ўз вақтида айнан Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлган ўзбек жангари гуруҳлари ҳали-ҳануз бошпана сақлаб келаётган саноқли давлатларидан биридир.
Ўзбекистон Афғонистондаги тинчлик жараёни ва қайта тиклаш ишларига расман ва фаол бош қўшган ягона минтақа давлати бўлади. Толибон ҳаракатининг ўзи билан ҳам бевосита ва расман мулоқотда.
Расмий Тошкент ўзининг Афғонистондаги иқтисодий манфаатларини ҳам расман ва ошкора баён қилиб ҳам келади.
Толибон орада Афғонистоннинг ўзлари назорат қиладиган ҳудудларида Ўзбекистоннинг лойиҳаларини қўлларидан келганича қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Толибон ҳайъатининг Тошкентга 2019 йилги амалий ташрифи манзарасида ҳаракат ўзининг веб сайтида сиёсий қаноти раҳбари Мулла Абдулғани Бародар Ахунд Ўзбекистон ташқи ишлар вазирини Мозори Шарифга темир йўл ётқизиш, Афғонистон шимолини электрлаштириш каби Ўзбекистон бошлаган лойиҳаларни охиригача етказишга чақиргани ҳақида ёзган.
У бу ишлар икки давлат ўртасидаги савдо-сотиқ алоқаларининг кенгайишига хизмат қилишини билдиргани айтилганди.
Тинчлик жараёнининг Афғонистонда толибларни ҳам ўз ичига олувчи коалицион ҳукумат тузилишини мақсад қилган якуний - афғонлараро мулоқотлар босқичи ҳануз ўз поёнига етмаган, аро йўлда қолиб кетган.
Агар, ушбу мулоқотлар муваффақиятли якун топса, бу толибларнинг сиёсий йўл билан ҳам қайта қудратга келишларига йўл очади.
Аксарият экспертларнинг бирдек эътироф этишларича эса, жорий йил Афғонистон учун "ҳал қилувчиси" бўлади.
Шундай экан, Толибон ўзининг устма-уст мурожаатлари билан нима демоқчи?
Камолиддин Раббимов
Сиёсий таҳлилчи, Франция

Сурат манбаси, facebook
"Толибон ҳаракатининг Афғонистон бўлими томонидан Тожикистон-Қирғизистон можароси бўйича қилинган баёнот муҳим рамзий аҳамиятга эга.
Бу толибларнинг истиқболдаги амбицияларидан, дунё ҳамжамиятига ўз имижи ҳақида бераётган муждаларидан дарак.
Демак, биринчидан, Толибон Тожикистон ва Қирғизистонни ўзаро низоларини тинч йўл билан, музокаралар доирасида ҳал қилишга чақирар экан, бу билан Афғонистонда ҳокимиятга қайтишига ишончи катта эканлигини ва ҳозирданоқ мамлакатнинг ташқи сиёсат ташаббусини ўз қўлларига олишга интилаётганини кўрсатади. Яъни, "Афғонистонни ташқи позициясини бугунги Кобул эмас, биз айтамиз!", - дейишмоқда.
Иккинчидан, толиблар қўшни икки мусулмон давлатини тинчликка, музокараларга чақирар экан, бу билан ташқи дунёга "биз аслида тинчликпарвармиз, лекин вазият тақозо қилгандагина жангари бўлишга мажбур бўламиз", демоқчидек.
Толибон ҳаракати ўзининг ўтган даврда шаклланган репутацияси ўта салбий эканини яхши англайди.
Айниқса, бу ҳаракат Афғонистонда қудратда бўлган давр ушбу мамлакатдаги этник камчиликлар учун қатағон ва тотал қўрқув даври сифатида қабул қилинади.
Бу давлатга коалиция кучлари киргач ҳам, Толибон ҳаракати партизанлик урушини ўта қўпол воситалар орқали, тинч аҳоли томонидан кўплаб қурбонлар бериш ҳисобига олиб борди.
Натижада, толиблар ҳалқаро даражада террор воситаларини муттасил ишлатувчи жангари гуруҳ сифатида қабул қилинади.
Шу сабаб, толибларнинг сўл - тинчликпарвар қаноти бу ҳаракатга "жамият ва давлат ишларига масъул, тинчликпарвар, инсонпарвар", деган репутация зарурлигини яхши англашади.
Тожикистон ва Қирғизистонга йўналтирилган мурожаат эса, рамзий кўринишда, ушбу репутацияга даъвогарликнинг ифодаси ҳисобланади".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































