Ўзбекистонда номусга тажовуз қилиш нега кўпайди, қанча одамга иш йўқ ва Россия шартномага кўндими? Янгиликлар - O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Ўзбекистондаги мардикорлар

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Published

Ўзбекистонда номусга тегиш жинояти ортган. Юз минглаб ёшлар нега ишсиз ва Алишер Усмоновнинг Ўзбекистонга яна бир кўмаги - bbcuzbek.com дайжести.

Иш йўқми?

Бугун Ўзбекистонда 1,6 миллион одам ишсиз.

Мамлакатдаги ишсизлик билан боғлиқ сўнгги рақамларга Сенатда ойдинлик киритилган.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати бугун, 23 апрель куни ўзининг навбатдаги ялпи мажлисини ўтказган.

Маълум бўлишича, бу ишсизларнинг ярми 16-30 ёшлилар ҳисобига тўғри келади.

Жорий йилда эса, Ўзбекистон меҳнат бозорига яна ярим миллиондан ортиқ битирувчининг кириб келиши кутилаётгани айтилади.

Масъулларга кўра, бу жорий йилда 1 миллион 300 мингдан ортиқ ёшни иш билан таъминлаш эҳтиёжини англатади.

Ўзбекистонда 2021 йил - "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили".

Ишсизлик, айниқса, сўнгги ойларда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев устма-уст эътибор қаратаётган энг долзарб муаммолардан бири.

Президент Шавкат Мирзиёев "ҳар қанча қийин бўлмасин, ярим миллион ёш, 200 минг аёлни иш билан таъминлаш ва 300 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш лозим"лигини таъкидламоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлатидир.

Сўнгги эълон қилинган расмий маълумотларга таянилса, мамлакат аҳолисининг сони ҳозир расман қарийб 35 миллион кишини ташкил этади.

Агар, президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи яқинда келтирган ҳисоб-китобларга қаралса, уларнинг ярмидан кўпи айнан ёшлар ҳисобига тўғри келади.

18-30 ёшлилар орасида ишсизлик кўрсаткичи қарийб йигирма фоизни ташкил этади.

Аксар аҳолиси мамлакатнинг чекка қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи Ўзбекистонда ишсизлик ва камбағаллик ҳали-ҳануз чуқур илдиз отган муаммолардан бири бўлади.

Миллионлаб ўзбекистонликларнинг тирикчилиги ташқи меҳнат миграцияси орқали ўтиб келган.

Ишсизлик муаммосининг вақтинчалик ечими сифатида пайдо бўлган мардикор бозорлари эса, сўнгги чорак асрдан ортиқроқ вақт мобайнида мамлакатда одатий туc олиб бўлган воқеъликлардан бири бўлади.

Ўзбекистон президенти орада ёшларни ишли қилиш масаласини ҳокимлардан тортиб, солиқ идораси, савдо-саноат палатаси, прокурорлар, тижорат банклари раҳбарлари зиммасига қадар юклагани ҳам кўрилган.

Ишчи хотин-қизлар

Сурат манбаси, official

Айрим маҳаллий кузатувчилар буни ўшанда мамлакат аҳолиси сонида ёшлар улушининг катталиги ва бунинг янада ўсиб бориши мамлакат раҳбариятини жиддий ташвишлантираётгани билан ҳам изоҳлашган.

Бошқалари айнан ишсизликни уларнинг радикаллашувига сабаб бўлиши мумкин бўлган хавотирли омил сифатида ҳам баҳолашган.

Яқин-яқингача минтақадан четдаги энг йирик жангари гуруҳлар сафида жанг қилганларнинг ҳам ўзбекистонликлар экани кўрилган.

Шу пайтгача масъуллар ҳар йили яратилганини баён қилиб келаётган "юз минглаб янги иш ўринлари" эса, афтидан, бу муаммога ҳали-ҳануз жиддий ечим бўла олмаган.

Ўзбекистонда "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" муносабати билан махсус Давлат дастури ишлаб чиқилган.

Давлат дастурида кўзда тутилган чора-тадбирларни бажариш учун қарийб 30 триллион сўм, 2 миллиард 600 миллион АҚШ доллари ва 57 миллион евродан зиёд маблағ йўналтирилиши кўзда тутилгани ҳам айтилган.

Дастурда иқтисодиётни ривожлантириш бўйича 113 та чора-тадбир белгиланган. Бунда энг катта эътибор янги иш ўринлари ташкил этишга қаратилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, "Агар "маҳаллабай" тизимни жойига қўйиб, давлат идоралари дастурдаги вазифаларни қунт билан, илм билан, ақл билан бажарса, кескин ўзгариш бўлади".

Энг кўп жиноятлар

Огоҳлантириш

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Ўтган йили Ўзбекистонда номусга тегиш ҳоллари ортган.

Бу ҳақда ҳам Сенатнинг бугунги ялпи мажлиси тафсилотларидан маълум бўлган.

Ялпи мажлис чоғида Ўзбекистон Бош прокурори ҳам чиқиш қилган.

Ниғматилла Йўлдошев 2020 йилда мамлакатда умумий жиноятчилик кўлами қарийб 35 фоизга ошганини айтган.

Худди шу вақт оралиғида Ўзбекистонда ўғрилик, талончилик, товламачилик ва номусга тегиш энг кўп ортган жиноятлар экани маълум бўлган.

Дейлик, хабарда номусга тегиш жиноятининг 27,7 фоизга кўпайгани айтилган.

Gazeta.uz интернет нашрининг ёзишича, бунга йиллик ҳисобот далолат қилган.

Хабарда яна оғир ва ўта оғир жиноятларнинг 49 фоизга ошгани ҳақида ёзилган.

Ўз ўрнида, вояга етмаганлар орасида ўз жонига қасд ёки суиқасд қилганлар сони ярим мингдан кўпроққа нисбат берилган, 526 та экани айтилган.

Маълум бўлишича, мамлакат бўйлаб жами 62 081 та жиноят расман рўйхатга олинган.

Уларнинг аксарияти эса, олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сирасига киритилган.

Тилга олиб ўтилган жиноятчилик ҳоллари нега ортиб бораётгани тафсилотлари маълум эмас, нашр хабарида бу ҳақдаги тафсилотлар тилга олинмаган.

Ўзбекистон минтақанинг энг йирик мусулмон давлати бўлади.

Россия билан шартнома иш бердими?

Спутник V вакцинаси келтирилиши

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон Бош вазирининг чиқишидан бир ҳафта ўтмай, Ўзбекистонга Россия вакцинасининг дастлабки партияси келтирилган.

Абдулла Арипов ўтган ҳафта шу ой охиригача Ўзбекистонга Спутник V вакцинаси олиб келинишини маълум қилганди.

Бу Хитой ва Ғарбники ортидан, Ўзбекистон коронавирусга қарши олаётган учинчи вакцина бўлади.

Дастлабки партияси дейиларкан, расмий хабарда унинг дозаси аниқ очиқланмаган.

Аммо бундан олдин Ўзбекистон Россиядан бир миллион доза Спутник V вакцинаси харид қилиш режасида экани хабар берилган.

Бу вакцина учун сарф-харажатнинг ярмини асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов кўтариши айтилганди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расман маълум қилишича, Спутник V мамлакатда шу йилнинг февраль ойида мамлакатда оммавий фойдаланиш учун сертификатланган ва тасдиқланган.

Вазирлик расмий хабарида Спутник V ни сертификатлаш жараёни ишлаб чиқувчилардан керакли ҳужжатлар, хусусан, вакцина клиник синовларининг учинчи босқичи натижаларини олгандан кейингина бошланиши маълум қилинган.

Вакцинани етказиб беришда Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси амалий кўмак бергани айтилган.

Мамлакатда эмлаш ишлари шу йилнинг 1 апрель куни Ғарбнинг Oxford-AstraZeneca ва Хитойнинг Ўзбекистон сўнггида расман ҳаммуаллифи сифатида эътироф этилган ZF-UZ-VAK2001 вакциналари билан бошланган.

Худди шу манзарада Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш масъуллари 1 миллион доза Спутник V вакцинаси хариди юзасидан Россия билан шартнома имзоланаётганини ҳам билдиришганди.

Агар, расмий статистикага таянилса, орада кечган вақт давомида мамлакатда жами ярим миллиондан ортиқ киши эмланган.

Агар, масъуллар режасига таянилса, шу йил июнь ойи охиригача хавфли гуруҳга кирувчи 4 миллиондан ошиқ одамни эмлаш режаланган.

Шу ой охирига қадар Ўзбекистонга яна бир миллион дозадан ортиқ Хитой вакцинаси ҳам келтирилиши айтилган.

Хитой ва Россия Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий шериклари ҳам бўлишади. Минтақадаги иккита йирик геосиёсий ва геоиқтисодий ўйинчилар саналишади.

Шу кунларда Россиянинг Спутник V вакцинаси Европада эпидемиологикдан кўра сиёсий муаммолар яратаётгани анчайин жиддий хавотирларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Бундан аввал аксарият минтақа давлатларининг энг йирик сармоячиси ва кредиторидан биттаси сифатида кўрилувчи Хитойнинг ҳам ўз вакцинасидан сиёсий босим қуроли сифатида фойдаланаётганига оид қўрқувлар бўй кўрсатган.

Ўзбекистон келаси йилгача ўз вакцинасига эга бўлишига оид умидлар ҳам йўқ эмас, мамлакат масъуллари яқинда бу ҳақда расман маълум қилишган.

Сўз иккита вакцина ҳақида бораётгани айтиларкан, бу борада ўзбек олимлари жиддий изланиш олиб бораётгани айтилган.

Қозоғистон ҳозирча минтақанинг коронавирусга қарши ўз вакцинасини яратишга муваффақ бўлган ягона давлати бўлади.

QazCovid Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг рухсати билан ҳозир учинчи босқич синовлардан ўтмоқда.

Орада Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги уни муваққат қайддан ўтказгани ҳам айтилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek