Мирзиёев ваъдасининг устидан чиқдими? Ўзбекистон Тоғли Қорабоғ Туркий дунё - O’zbekiston Rossiya Turkiya yangiliklar

Асаджон Ходжаев

Сурат манбаси, Screenshot/gazeta.uz

Published

Маълум бўлишича, Ўзбекистон ҳозир мутахассислар билан бирга Тоғли Қорабоғда қайта тиклаш лозим бўлган объектларни аниқлаштирмоқда. Уларни янгитдан барпо этишда ўзбекистонлик қурувчилар ҳам иштирок этишади. Янгилик Ўзбекистон президентининг бу хусусдаги баёнотидан икки ҳафта ўтиб ўртага чиқмоқда.

Бу ҳақда Озарбайжонда экан, президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори баён қилган, у маҳаллий оммавий ахборот воситаларига интервью берган.

Асаджон Ходжаев бошчилигидаги Ўзбекистон ҳайъати Озарбайжоннинг Боку ва Ағдам шаҳарларида бўлиб ўтган Туркия Кенгаш доирасидаги ахборот ва медиа соҳасидаги йиғилишда иштирок этган.

Баҳо ва эътибор

Ағдам

Сурат манбаси, MAX LOMAKIN / BBC

Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўз интервьюси чоғида Ағдамдаги вазиятга алоҳида тўхталиб ўтган.

Шаҳарда "битта масжиддан ташқари деярли ҳамма нарса вайрон этилгани"ни айтаркан, "жаҳон ҳамжамияти бунга эътибор қаратиши керак"лигини таъкидлаган.

У, ўз ўрнида, Туркий кенгашга аъзо давлатлар ҳам қайта тиклаш ишларида фаол иштирок этишларини қайд этган, Ўзбекистон ҳам бу масалада ўз ёрдамини таклиф этганини эслатиб ўтган.

Асаджон Ходжаевнинг айтишича, Ўзбекистон Озарбайжон халқига туҳфа сифатида аллақачон битта мактаб қуриб бериш борасида келишиб ҳам олган.

Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўз интервьюси чоғида ўзаро ҳамкорликларининг натижаларини "яқин орада кўришлари"га ҳам умид қилиб қолган.

Ўз интервьюсини эса, "энг асосийси Тоғли Қорабоғ ҳудудига тинчлик келди", - деган сўзлар билан якунлаган.

Тарихий баёнот

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон президенти Тоғли Қорабоғ масаласига Туркий Кенгашнинг 31 март кунги норасмий саммитида тўхталган. Тоғли Қорабоғ борасида тарихда кузатилмаган баёнот билан чиққан.

Шавкат Мирзиёев Тоғли Қорабоғ ҳудудининг қайтарилишини "тарихий адолатни тиклаш йўлидаги ғалаба", деб баҳолаган.

Бу минтақани қайта тиклашда Ўзбекистон тарафи Озарбайжонга ёрдам беришга тайёрлиги ҳақида айтганди.

Шавкат Мирзиёевнинг маълум қилишича, Ўзбекистон Тоғли Қорабоғдаги кўҳна обидалар, маданият ва маърифат масканларини тиклаш ишларига ҳисса қўшишга ҳозир.

Ағдам

Сурат манбаси, Getty Images

Норасмий саммит глобал коронавирус пандемияси боис, сиртдан уюштирилган.

Шавкат Мирзиёев ўз чиқишида Тоғли Қорабоғ ҳудудининг қайтарилишини "тарихий адолатни тиклаш йўлидаги ғалаба", деб баҳолаган.

Озарбайжон президенти ва халқини худди ана шу ғалаба билан "яна бир бор табриклаши"ни айтганди.

Шавкат Мирзиёев ўтган йил ноябрь ойида "Россия Федерациясининг фаол кўмагида эришилган" Тоғли Қорабоғ битимини ҳам беэътибор қолдирмаган.

Ўзбекистон президенти бу масалага Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммити чоғида сиртдан қилган чиқишида тўхталиб ўтган, бу келишувларни "олқишлашлари"ни баён қилган.

"Ушбу ҳудудда тинч ҳаёт ва барқарорлик тез фурсатда тикланишига умид билдириб" қолганди.

Тинчлик битими 9 ноябрь куни Арманистон, Озарбайжон ва Россия ўртасида имзоланган.

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Келишув Тоғли Қорабоғда урушни тўхтатиш, қайта қўлга киритган ҳудудларини Озарбайжон назорати остида қолдириш, минтақага Россия тинчликни сақлаш кучларини киритишни кўзда тутган.

Ўзбекистон президенти ўшанда бу янгиликка расман ва ошкора муносабат билдирган биринчи Марказий Осиё раҳбари бўлган.

Сўнгги Тоғли Қорабоғ уруши шу йилнинг 27 сентябрь куни бошланган.

Рақиб томонлар янги урушни очишда бир-бирларини айблаб чиқишган.

Расмий Тошкент буни эътиборсиз қолдирмаган, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги худди ўша куннинг ўзида расмий баёнот билан чиққан.

Ўзбекистон Озарбайжон ва Арманистон муносабатларидаги кескинликнинг кучайишидан "жиддий хавотирда" эканини билдирган.

Ўзбекистон бу баёнотини МДҲ нинг амалдаги раиси сифатида ҳам берган.

Tog'li Qorabog' urushi

Сурат манбаси, EPA

Расмий Тошкент тарафларни "ҳарбий ҳаракатларни тезда тўхтатиш"га даъват этаркан, "можарони суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига риоя қилган ҳолда тинч йўл билан бартараф этиш мақсадида дипломатик музокараларни бошлашга чақириб" қолган.

Баёнот мазмунидан расмий Тошкентнинг Тоғли Қорабоғ масаласида ўзининг ўтмишдаги мавқеида собит қолгани англашилган.

Тоғли Қорабоғ можароси бунгача, қарийб ўттиз йилдирки, ўзининг якуний ечимини топмай келган.

Tog'li Qorabog' urushi

Сурат манбаси, Getty Images

Орада Россия, АҚШ воситачилигида эришилган ва томонларнинг ўзлари келишган муваққат сулҳ битимлари ҳам иш бермаган, чиппакка чиққан.

Ҳар уч сулҳ битимини бузишда рақиб томонлар бир-бирларини айлаб чиқишган.

Озарбайжон расман охиригача жанг қилишини айтган, музокаралар столига қайтиши учун қатор шартларни илгари суриб келаётганди.

Аммо янги тинчлик битими фонида ҳам Тоғли Қорабоғ қолган қисмининг тақдири ноаён қолгани кўрилган.

Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда расман Озарбайжоннинг ҳудуди сифатида тан олинади.

Талаш бўлиб келаётган бу ҳудуд устидан уруш илк бор кузатилаётгани йўқ.

1994 йилда сулҳ билан якун топгани олти йил давом этган.

Tog'li Qorabog' urushi

Сурат манбаси, Reuters

Илк Тоғли Қорабоғ уруши 1988 йили бошланган.

Аҳолисининг аксарини арманлар ташкил қилган Тоғли Қорабоғ Мухтор вилояти СССР замонида Озарбайжон таркибида бўлган.

Арманларнинг Тоғли Қорабоғни Озарбайжон таркибидан олиб чиқиб, Тоғли Қорабоғ республикасини ташкил қилиш ғояси қонли ҳодисаларга сабаб бўлган.

1994 йилгача давом этган уруш оқибатида Озарбайжон Тоғли Қорабоғ билан бирга ўзининг етти тумани устидан назоратни йўқотган.

Тоғли Қорабоғ ўзини республика деб эълон қилган, бироқ бу республика халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган.

1992 йилдан буён Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал этиш мақсадидаги музокаралар ҳануз давом этмоқда.

Озарбайжон ўзининг ҳудудий яхлитлиги таъминланишини талаб қилади. Арманистон расман эътироф этилмаган республика тарафини олиб келади.

Бу ҳудудда яшовчи насроний ва мусулмонлар ўртасида ер учун қарама-қаршиликлар эса, аслида 100 йилларга бориб тақалади.

Арманистон - мустақил Ўзбекистон ўз элчихонасига эга бўлмаган МДҲдаги ягона давлат.

Марҳум Ислом Каримов ҳам ва ҳозиргача Шавкат Мирзиёев ҳам ўз бошқаруви даврида давлат раҳбари сифатида Арманистонга ташриф буюришмаган.

Айни воқеълик ҳам шу кунгача кўплаб таҳлилчиларнинг диққат-эътиборини ўзига тортиб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek