Ўзбекистон Тожикистонда тарқалаётган касалликдан хавотирда - O'zbekiston Tojikiston dunyo yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Published

Тожикистонда болаларда учровчи ўткир шол фалажи хасталиги "хуруж" қилган. Жаҳон Соғлиқ ташкилоти вазиятни "фавқулодда", деб таснифлаган. Ўзбекистон ушбу хавфли касаллик кузатувини кучайтиришга киришган.

Бугун, 26 март куни Ўзбекистон Санитария-эпидемиология маркази бу ҳақда расман билдирган.

Полиомелит ўткир юқумли хасталик ҳисобланади, Тожикистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош тўртта давлатидан биттаси бўлади.

Жаҳон Соғлиқ ташкилоти Тожикистондаги полиомелит билан боғлиқ ҳолатни ҳали шу ой бошидаёқ фавқулодда, деб таснифлаган, мураккаблигини иккинчи даражали, деб баҳолаган.

Агар, уларнинг 18 март кунги сўнгги ҳисоб-китобларига таянилса, Тожикистонда жами тўртта ўткир шол фалажи ҳолати қайд қилинган.

Халқаро ташкилот айни пайтда мутахассислар вазиятни синчковлик билан ўрганишга киришганликларини маълум қилган.

"Қўшни давлатлар ҳам, "лозим тайёргарликни кўриши, исталган пайтда полиомелитнинг олдини олиш, аниқлаш ва даволашга ҳозир бўлиши керак"лигини таъкидлаган.

Ўзбекистон томонига кўра, аллақачон Тожикистонга бевосита чегарадош Сурхондарё вилоятига махсус мутахассислар сафари уюштирилган.

Бундан мақсад вилоятдаги ўткир шол фалажини назорат қилиш бўйича эпидемиологик вазиятни ўрганиш бўлгани айтилган.

O'zbekiston bozorlari

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Ўзбекистон 2002 йилда полиомелитдан холи ҳудуд, деб эълон қилинган.

Ушбу касалликка қарши эмлаш вакцинация жадвалига киритилган.

Ўзбекистон томонининг расман маълум қилишича, ҳозирча мамлакатда бирор бир полиомелит ҳолати аниқланмаган.

"Лекин чет давлатлардан кириб келган шахслар уни маҳаллий аҳолига юқтириши" мумкинлигидан хавотир билдирилган.

Расмий хабарда полиомелит Тожикистондан ташқари Афғонистонда ҳам аниқланаётгани айтилган.

Афғонистон ҳам минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош давлати бўлади.

Марказ ҳам ўз хабарида бу давлатлар билан ҳозир иқтисодий алоқалар яхши йўлга қўйилгани, фуқароларнинг кириб-чиқишлари учун шароитлар яратилганига алоҳида тўхталиб ўтган.

Худди шу боис ҳам, Ўзбекистон Давлат чегарасининг санитария назорати пунктларида, даволаш профилактика муассасаларида ўткир шол фалажининг фаол эпидемиологик кузатувини кучайтириш ва 5 ёшгача бўлган болаларни эмлашга тайёрлаш бўйича, амалий ҳамда маслаҳат ёрдами кўрсатилганини билдирган.

Маълум бўлишича, бунга ўхшаш чора-тадбирлар Қорақалпоғистонда ҳам кўрилган.

Ўткир шол фалажининг олдини олиш учун 10-20 март кунлари Сурхондарёда 5 ёшгача бўлган болалар эмланган.

Poliomelit virusi

Сурат манбаси, Science Photo Library

Полиомелит ўткир шол касаллиги ҳисобланади.

Уни ўта майда, ҳатто, оддий микроскопда ҳам кўриб бўлмайдиган вируслар чақириши айтилади.

Касаллик асаб тизими, айниқса, орқа мияни шикастлайди.

Жиддий асоратлар, ҳатто умрбод фалажлик ёки эрта ўлим ҳолатига сабаб бўлиши мумкин.

Бу ўткир юқумли касалликни юқтириб олиш учун биргина мулоқотда бўлиш ёки вирусни ташиб юрувчига тегишнинг ўзиёқ кифоя қилиши маълум.

Тожикистондаги полиомелит билан боғлиқ сўнгги ҳолат аксарият минтақа давлатларида коронавирус яна аста-секинлик билан бош кўтараётган бир пайтга тўғри келган.

Айнан Тожикистон пандемия устидан "мутлақ ғалаба" қозонганликларини расман эълон қилган биринчи ва ягона минтақа давлати бўлиб турибди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek