Хитой вакцинаси “энг кучсизи” бўлиб чиқди – Ўзбекистон ва дунё, коронавирус, koronavirus, Covid-19, O'zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Хитой вакцинаси "энг кучсизи" бўлиб чиқди - коронавирусга қарши бор-йўғи 50 фоиздан сал кўпроқ самарали эканини кўрсатди. Хитой вакциналаридан бири Ўзбекистонда ҳам синаб кўрилмоқда. Шу пайтгача мингдан ортиқ ўзбекистонлик Хитой вакцинаси билан эмланган.
Бунга Бразилияда ўтказилаётган учинчи босқич синовлари натижаси далолат қилган.
Синов чоғида Хитойнинг энг етакчи Sinovac вакцинаси бор-йўғи 50.4 фоиз эффектив бўлиб чиққан.
Бу дастлабки умидбахш натижалардан анча паст кўрсаткич бўлади.
Аммо коронавируснинг даволашни талаб қиладиган енгил формасининг олдини олишда 78%, ўртача ва оғир ҳолатларида эса, 100 фоиз қўл келиши айтилган.
Хитойники ўтган йили дунёда коронавирусга қарши энг кучли экани айтилган тўртта вакцинадан биттаси бўлганди.
Бразилиядан ташқари, Sinovac вакцинасини Индонезия, Туркия ва Сингапур каби қатор давлатлар сотиб олиш истагини билдиришганди.
Sinovac вакцинаси бошқа мамлакатлар тажрибасида турлича натижа кўрсатгани ҳам бор гап.
Дейлик, туркиялик тадқиқотчилар бу вакцина 91.25 фоиз самарали эканини айтишган.
Бугун, чоршанба куни оммавий эмлашларни бошлаб юборган Индонезия эса, Sinovac вакцинаси 63.5 фоиз эффектив эканини маълум қилган.
Бу ҳар икки кўрсаткич ҳам сўнгги босқич синовларининг оралиқ натижаси сифатида қайд этилган.
Орада Хитой вакцинаси синовлари Ғарбники каби чиғириқдан ўтказилмаслиги, шаффоф эмаслиги борасида танқид ва хавотирларга ҳам сабаб бўлиб улгурган.

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистонда коронавирусга қарши Хитой вакциналарининг учинчи босқич синовлари 10 декабрь куни бошланган.
Ҳозирга келиб, Ўзбекистонга коронавирусга қарши Хитой вакцинаси билан эмланганлар сони 1200 кишидан ортган.
Коронавирусга қарши яратилаётган вакциналар, унинг синови ва истеъмоли борасида ўзбекистонликлар ҳам якдил фикрда эмас, бу улар томонидан кибер фазода энг кўп баҳсу мунозараларга сабаб бўлиб келаётган мавзулардан бири бўлади.
Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирининг айтишича, Хитой вакцинасининг хавфсизлигига ишонч ҳосил қилгачгина, уни Ўзбекистонга олиб келиш чоралари ва синовларига розилик билдиришган.
Хитой вакцинаси "биринчи ва иккинчи синовларидан яхши ўтганидан кейин, қўшимча эффектлари бўлдими-йўқми, ҳаммасини ўргангандан сўнг бу каби тўхтамга келишган.*
Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазири ўтган йилги интервьюсида буни "биолог ва генлар инженерлиги билан узоқ йиллар шуғулланган олим сифатида айтаётгани"ни алоҳида таъкидлаган.
Хитой вакциналари

Сурат манбаси, Getty Images
Хитой коронавирусга қарши бир эмас, бир нечта вакцина устида иш олиб бораётган дунёнинг саноқли давлатларидан бири бўлади.
Улардан айримлари аллақачон расман қайддан ҳам ўтган. Тўртта вакцинаси учинчи босқич синовларига қадар етиб борган.
Ўтган йил ноябр ойида Sinovac Biotech вакцинаси самарали бўлиб чиққани ҳам хабар берилган. Тезда иммунитет ҳосил қилишини кўрсатгани, бу Ковидга қарши таъсирчан дунёдаги тўртинчи вакцина экани айтилган.
Тадқиқотчилар якуний дастлабки натижалар бу каби хулосага келишларига асос берганлигини баён қилишган.
Аммо The Lancet тиббий журналида чоп этилган маълумотлар бу вакциналарнинг фақат биринчи ва иккинчи босқич синовлари натижаларига таянганини кўрсатган, холос.
Бу синовлар ўтган йилнинг апрель ва май ойларида ўтказилган, аммо улар одамни Kовиддан қанчалик ҳимоя қила олиши ноаён қолган, очиқланмаган.
Ҳисобот муаллифлари натижалар вакциналарнинг "фавқулодда вазиятларда қўллаш мумкин"лигини кўрсатганини иддао қилишган.
Хитой вакциналарининг учинчи босқич синовларига оид маълумотлар чоп қилинмаганди.
Хитой ўзларида коронавирусни деярли буткул жиловлашга муваффақ бўлган.
Шу боис вакциналарининг сўнгги босқич синовларини Покистон, Саудия Арабистони, Россия, Индонезия ва Бразилияда ҳам ўтказмоқда.
Хитойлик мулозимларнинг айтишларича, вакциналари 60000 га яқин одамда ўтган ноябр ойи бошида синалган.
Аммо орада Sinovac Biotech вакцинаси синови Бразилияда тўхтатиб ҳам қўйилган. Бунга бир кўнгиллининг ўлими сабаб бўлган.
Бунга вакцинага алоқаси йўқлиги аниқланиши ортидан, қисқа вақт ўтмай, яна қайта бошланганди.
Хитой аллақачон камида уч вакцинасини фавқулодда дастур доирасида истеъмолга киритган, муҳим вазифаларда ишловчи ишчилари ва ҳарбийларига таклиф қилган, эмлаган.

Сурат манбаси, Getty Images
Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистонда синалаётганининг иккинчи дозадан кейин 90-93 фоиз самара беришини кутишаётганини айтганди.
Хитойники Ўзбекистонда учинчи босқич синови бошланган биринчи вакцина бўлган.
Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co., Ltd компанияси ишлаб чиққан коронавирусга қарши вакцина Ўзбекистонда жами 5 минг кўнгиллида синалиши айтилган.
Ўзбекистонлик масъуллар орада "ҳаммаси шахсий ҳохиш-истакка кўра амалга оширилиши, ҳеч кимнинг бунга мажбурий жалб қилинмаслиги"ни таъкидлашган.
Хитой вакцинаси синови фақат пойтахт Тошкентда ўтказилиши айтилган.
Маълум бўлишича, жаҳон стандарти тажрибасига кўра, барча кўнгиллиларга пул тўланади ва барча қатнашчилар синовлардан олдин турли хил зарарларга, ён таъсирларга қарши тиббий суғурта қилинади.
"Шунингдек, агар синовлар давомида кимдир вафот этса, ўлим сабаби аниқланмасиданоқ синовлар тўхтатилади. Яъни сабаб аниқлангунича кутилмайди".
Хабарларга кўра, синовлар муваффақиятли якунланса, Ўзбекистон вакцинани имтиёзли нархларда сотиб олиши мумкин бўлади.
Бундан аввал ўзбекистонлик масъуллар Россия вакцинасининг ҳам мамлакатда синовдан ўтказилиши эҳтимоли ҳақида сўз юритишган.

Сурат манбаси, EPA
4 декабрь куни Россиянинг Sputnik V вакцинаси Ўзбекистонга келтирилган. Уни Тошкентга келтирган Россия ҳукумат вазирини шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи қабул қилган.
Масъуллар орада бошқа, жумладан, АҚШ вакцинаси учинчи бисқич синовини ҳам назардан соқит этишмаган.
Вазир Иброҳим Абдураҳмонов орада Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Хитойнинг яна бир - Sinopharm компаниясининг ўлдирилган, кучсизлантирилган вирусларга асосланган вакцинасини ҳам мамлакатга олиб келиш билан шуғулланаётганини ҳам маълум қилган.
"Бир нечта вакцина синовини параллел равишда ўтказиш - давр тақозоси", - эканини айтган.
Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирига кўра, "бир нечта вакциналар синовдан ўтказилиб, улар орасидан энг самаралиси аҳолини эмлаш учун танлаб олинади".
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади, сони ҳозир расман 34 миллиондан ортади.
Жорий пайтда Қозоғистон ва Қирғизистондан кейин минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган учинчи давлати бўлиб турибди.
Бунгача Америка, Германия ва Россиянинг Pfizer&BioNTech 90% , Спутник V 92%, Moderna PHK эса, ҳаттоки, 95% гача эффектив бўлиб чиққани хабар қилинган.
Улар якуний - учинчи босқич синовларида дунёнинг турли давлатларида минглаб одамда синалган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
































