Ўзбекистон: Сурхондарёда балон ёндирилди, Қўқонда аёллар йўлни тўсди - аҳоли яна норозилик билдирмоқда, янгиликлар - Видео

norozi

Сурат манбаси, Social media

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Музработликлар электр йўқлигидан норозилигини йўлда шина ёқиб намойиш этди, айни кайфиятдаги қўқонлик аёллар кўчани тўсиб қўйишга уринди.

27-28 декабрь кунлари мамлакатнинг турли ҳудудларида энергия тақчиллигига қарши норозилик акциялари бўлиб ўтган.

27 декабрь куни ижтимоий тармоқда пайдо бўлган видеотасвирларда катта йўлнинг ўртасида ўнга яқин автомобиль балонларини ёқаётган одамлар кўринади.

Турли манбаларда видеоларга берилган изоҳларда ҳолат 27 декабрь куни Сурхондарё вилоятининг Музработ туманида юз бергани айтилади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Сурхондарё вилояти Музработ Тумани "Оби Ҳаёт" маҳалласида деярли бир сутка давомида чироқ бўлмаганлиги учун халқ норозилик билдириб кўчага чиқди ва балонларни ёқиб юборди», деб ёзган Telegram'даги TentakMinds канали.

Музработ тумани ҳокимлиги 28 декабрь куни ушбу хабарларни тасдиқлаган.

"Ҳақиқатдан, 25 декабрь куни туманнинг "Оби ҳаёт" маҳалласида қуввати 630 кВА кучланишга эга бўлган трансформатор ишдан чиққан бўлиб, 26 декабрь куни Вилоят Электр тармоқлари АЖ томонидан қуввати 400 кВА кучланишга эга бўлган таъмирланган трансформатор об-ҳавонинг ноқулайлиги, кучли довул ва қор ёғиши натижасида яроқсиз ҳолатга келган", дейилади ҳокимлик баёнотида.

Расмий хабарда айтилишича, трансформаторнинг ишдан чиқиши ортидан "Оби ҳаёт" маҳалласидаги 545 хонадондан 165 таси электрсиз қолган.

Ҳокимлик норозилик юз берган куннинг ўзидаёқ маҳаллада янги трансформатор ўрнатилиб, муаммо бартараф этилганини маълум қилган.

28 декабрь куни ижтимоий тармоқда яна бир видео тарқалган.

Видеода ўндан ортидан аёллар йўлни тўсиб қўйишга уринаётгани кўзга ташланади.

Кадр ортидан берилган изоҳда Қўқон шаҳар ҳокимлиги биноси атрофида яшовчи аёллар газ ва свет йўқлигидан норозилигини ана шундай усулда ифода қилаётгани айтилади.

"Чунки уйларида газ йўқ, свет йўқ. Мутасадди ходимларни бир неча марта чақирдик, лекин улар бизни эшитишни истамади. Тўйиб кетдик, ҳақиқатан ҳам, газ-свет йўқлигидан", дейди кадр ортида ҳолатни изоҳлаётган аёл.

Ҳозирча Қўқонда юз бергани айтилган ҳолат юзасидан расмийларнинг муносабати кўзга ташланмаган.

Декабрь ойининг бошида Бухоронинг Бухоро ва Қоракўл туманлари ҳамда Андижон шаҳрида ҳам маҳаллий аҳоли энергия таъминотидаги узилишларга норозилик сифатида йўлларни тўсиб қўйган эди.

Гул эккан - ҳокимнинг қизи

jizzax

Сурат манбаси, Jizzax hokimligi

Бундан аввал Telegram'даги Davletov.uz суриштирувлари асосида Жиззах вилояти ҳокими давлат буюртмаларини бажариш ишларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган бўлиши мумкинлиги борасида хабарлар чиққан эди.

Канал таъсисчиларидан бири вилоят ҳокими Эргаш Салиевнинг қизи бўлиши мумкин бўлган корхона Жиззах шаҳрини кўркам кўринишга келтириш ва гуллар экиш бўйича умумий қиймати 2 миллиард сўмдан зиёдроқ бўлган иккита давлат буюртмасини қўлга киритгани ҳақида ёзган.

Корхона таъсисчиларидан бири ва жамоатчилик эътиборига тушган иккинчи таъсисчининг турмуш ўртоғи маҳаллий матбуотга у, чиндан ҳам, вилоят ҳокимининг фарзанди эканини тасдиқлаган.

Би-би-сининг Жиззах вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати билан боғланишга уринишлари ҳануз натижасиз қолмоқда.

Бироқ вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Акмал Биноқулов ижтимоий тармоқда қолдирган изоҳида "мазкур ҳолатни ўрганиш вақт талаб қилишини" билдирган ва бу мавзуда "эҳтиросларга берилиб, ҳар хил фикр билдиришга шошмаслик»ни сўраган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Жиззахдаги эҳтимолий манфаат тўқнашуви ҳолати юзасидан ўрганиш ишлари бошлаганини хабар қилган.

26 декабрь куни Davletov.uz канали Жиззахдаги "таниш-билишчилик" борасида суриштирувларининг навбатдаги қисмини эълон қилган.

Ҳозирча келтирилган далиллари расман тасдиқланмаган янги суриштирувда Жиззах вилояти ҳокими ўринбосарининг қариндошлари қурилиш соҳаси бўйича "бир неча юз миллиард сўмлик" давлат буюртмаларини қўлга киритгани ҳақида сўз боради.

Канал "замҳокимнинг ўзи қариндошлари ютган» тендерларда комиссия раиси сифатида ваколатли шахс бўлганини таъкидлайди.

Хоразмча тендер

xorazm

Сурат манбаси, Xorazm hokimligi

Davletov.uz канали, шунингдек, Хоразм вилоятида ҳам маҳаллий мансабдорларнинг қариндошлари тендерлар орқали давлат буюртмаларини қўлга киритганини аниқлаган.

Каналнинг ёзишича, вилоят ҳокими ўринбосарининг укасига тегишли бўлиши мумкин бўлган компания 20 миллиард сўмлик давлат буюртмасини ютган.

Бу ҳолатда ҳам "замҳоким тендер комиссияси раиси бўлган», дея ёзади Davletov.uz.

Хоразмдаги ҳолат бўйича, ҳозирча, расмий изоҳ берилмаган.

"…маданиятли жамиятларда бундай давлат буюртмаларида чиновникнинг корхонаси иштирок этмайди, ҳеч қачон амалдор укаси ёки акаси номидаги компания иштирок этаётган тендерда комиссия раиси бўлмайди. Бу абсурд. Бу жиноят. Бу коррупция», ёзади Davletov.uz канали.

Президент метрони очди

mirziyoyev

Сурат манбаси, President.uz

Биринчи босқичи Мустақиллик байрами арафасида қуриб битказилган Тошкент ерусти метросининг Сергели йўналиши 26 декабрь куни очилган.

Шу куни президент Шавкат Мирзиёев давлат ва жамоатчилик вакиллари билан биргаликда метрони айланган.

Ерусти метро йўналишини лойиҳалаштириш 2017 йилда бошланган.

Узунлиги 7 километрлик темир йўлда бешта бекат қурилган.

Ушбу йўналишда кунига 35 минг нафарга яқин одам қатнаши мумкинлиги маълум қилинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek