Жириновкий: Яхшилаб ишланса Тожикистон Россия таркибига қўшилишга рози бўлади - Ўзбекистон, янгиликлар

Сурат манбаси, UzA
Россиянинг ашаддий ўнг қанот миллатчи партияси раҳбари Владимир Жириновский Арманистон ва Тожикистон давлатлари Росcияга қўшилиб улкан Россия ҳосил бўлиши ҳақида гапирди. Сиёсатчига кўра Ўзбекистон ҳам Афғонистондан келиш эҳтимоли бор жангариларнинг ҳужумига дош беролмайди.
ЛДПР партияси етакчиси Владимир Жириновский «Комсомолская правда» радиоси эфирида Тоғли Қорабоғдаги воқеаларга шарҳ бераркан, муаммонинг ечими сифатида айрим собиқ шўро давлатларининг Россияга таркибига қўшилишида кўраётганини билдирди.
У Россия билан бирлашиш - Кавказ ва Марказий Осиё республикалари хавфсизлигини сақлаб қолишнинг ягона йўли, деган фикрни олдинга сурган.
Жириновскийнинг айтишича, Россия армияси ва қуроли Арманистонга Суриядан олиб келинган жангариларга қарши курашда кўп ҳам ёрдам беролмайди.
Террористик хавф тарқалиши юз берган ҳолатда, Арманистоннинг Россияга қўшилишдан бошқа чораси қолмайди, деган Жириновский.
Сиёсатчи Тоғли Қорабоғни Россия таркибига қайтаришни таклиф қилган.
«Биз деярли собиқ СССРга эга бўламиз, фақат қисқароқ вариантда - Молдованинг бир қисми, Грузиянинг бир қисми, Озарбайжоннинг бир қисми ва бутун бошли Арманистон. Биз бу давлатларни босиб олмаймиз, мустақиллигини тан оламиз, аммо мустақиллигини ҳимоя қилолмаса Россия таркибига қўшилишни таклиф қиламиз. Сизга ишонтириб айтаманки, Тожикистон устида яхшигина ишланганда, Раҳмон эса - доно арбоб, у ҳам янги Россия таркибига тўлалигича қўшилишга рози бўлади. Мен буни Улкан Россия деб атаган бўлардим», - дейди Жириновский.
Жириновскийнинг фикрича Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистон Афғонистондан келадиган жиноий уюшмалар ҳужумига қарши тура олмайди ва улар ҳам Россия ёрдамига муҳтож.
Россиянинг зиддиятли сиёсатчиси бундан олдин ҳам Марказий Осиё давлатлари ҳақида кескин фикрлари билан норозиликларга сабаб бўлганди.
Сиёсатчининг «Қирғизистон биздан қарзини узиши учун Иссиқ Кўлни Россияга бериши лозим»,- деган гаплари учун Қирғизистон парламенти 2013 йилнинг май ойида уни Қирғизистонда «исталмаган шахс»га айлантириш ҳақида қарор қабул қилганди.
Иссиқкўл борасидаги гапидан сал олдинроқ, у Тожикистон Президенти ҳақидаги гаплари билан Тожик расмийларининг ғазабини қўзғаганди.
Ўшанда у НАТО ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиққач, толиблар Тожикистонга кириб келишини башорат қилган эди.
«Сизнинг дўстларингиз, тожик коммунистлари базангиз учун нархни кўтаришади. Мана биз айтишимиз керак, биз сизга тўламаймиз ва одамларингизни ишга қабул қилмаймиз, деб. Ўшанда Раҳмон нима қилар экан? Афғон исломчилари кириб келиб, Нажибуллонинг кунини унинг бошига солишади»,- дейди Жириновский.
Сиёсатчи бунгача Арманистон ва Озарбайжон ҳақида гапираркан, «Бу икки республика Россиясиз Тоғли Қорабоғ муаммосини ҳал қила олмайди. Шунинг учун мен уларга Россия таркибига кириб, Кавказ орти федерал вилоятини тузишларини таклиф қиламан. Улар бунга кўнсалар биз ҳам Қорли Қорабоғнинг мустақиллигини тан оламиз», - деганди.
Ўзбекистонга келиб кетганидан сўнг 2019 йил август ойида Жириновский "Мигрантлар эндиликда нафақат қурилишларда, балки поликлиникаларда ҳам ишламоқда. Бу хавфли!", деган.
Каримов вафотидан сўнг Владимир Жириновский 2018 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонга келди.
Бухоро аэропортида уни Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва ўша вақти Бухоро вилоят ҳокими Ўктам Барноевлар кутиб олганди.
Жириновскийнинг ўзи Би-би-си билан суҳбатда ташриф «ҳозирча маданий-оқартув» мақсадида экани, аммо ўзбек расмийлари билан юқори даражадаги музокаралар эҳтимолини истисно қилмаслигини айтган эди.
Кейинчалик Жириновский билан сафар қилган ҳайъат аъзолари сиёсатчига Бухорода қандай зиёфат берилганини акс этган видео тасвирлар жойлади.
Тўкин дастурхон бошида турган Жириновский Бухоро вилоят ҳокимига миннатдорчилик билдириб, уни «Бухоро ҳокими эмас, балки амири», деб алқаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































