Ўзбекистон: Яна Гулнора Каримова ҳақида ва амалдорлар энди қимматбаҳо машинасиз қоладими? – кун янгиликлари, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов мансабдор шахсларнинг қимматбаҳо хизмат машиналарини харид қилаётганига доир муҳокамаларга муносабат билдира туриб, ҳозирда муҳокамаси якунланган президент қарори лойиҳасида бундай ҳолларга чек қўйиш кўзда тутилганини тилга олган.
Бурхановнинг эслатишича, "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарори лойиҳасида амалдорларга бириктириладиган автомашиналарнинг энг юқори нархи белгилаб қўйилади.
"Жумладан, туман, шаҳар ҳокимларига бириктириладиган хизмат автотранспорти нархи БҲМнинг 1,200 баравари (267 миллион 600 минг сўм)дан ошмаслиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўлинмалари раҳбарлари хизмат автомашинаси нархи эса БҲМнинг 700 баравари (156 миллион 100 минг сўм)дан ошмаслиги керак бўлади", ёзади агентлик директори.
"Коронавирусга чалинмаган" - Гулнора Каримова ҳақида

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq
ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умида Абдуллаева қамоқда жазосини ўтаётган Гулнора Каримованинг коронавирусга чалингани борасида хабарлар асоссиз эканини билдирган.
Абдуллаева бу ҳақида 12 ноябрь куни Ўзбекистон Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан ўтказилган матбуот анжумани давомида гапирган.
Октябрь ойида Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова ўзининг Instagram саҳифасида Зангиотадаги аёллар колониясида сақланаётган онасининг коронавирус юқтириб олган бўлиши мумкинлиги, аҳволи оғирлиги, аммо президент администрациядан келган буйруқ асосида колония раҳбарияти маҳкумага тиббий ёрдам бермаётганини иддао қилган эди.
Колония бошлиғи Гулрух Каримова 22 октябрь куни Би-би-сига бу хабарларни на рад этган, на тасдиқлаган эди.
Шунингдек, 12 ноябрь куни ўтган матбуот анжуманида Сенат раиси Танзила Норбоева ҳам Каримова борасида фикр билдирган.
"Гендер тенглиги ҳақида гапиряпмиз — аёлми, эркакми, жиноят қилса, тенг жавоб бериши керак", деган Норбоева.
Болалар ва жинсий тарбия

Сурат манбаси, Senat.uz
Сенат раиси айни матбуот анжуманида жинсий тарбия Ўзбекистонда ортиқ ёпиқ мавзу бўлиб қолмаслиги, бу мавзуни болаликдан ўргатиш лозимлигини ҳам тилга олган.
Бу ҳақида Gazeta.uz нашри ёзмоқда.
"Гинеколог масаласида қизлар кўринмаслиги керак деган стереотиплар бор. Жинсий тарбия масаласи биз учун ёпиқ мавзу ҳисобланади. Ҳеч ким гапириши мумкин эмас. Деярли кўп оилаларда, ҳаттоки ота-она ҳам фарзандларига шу нарсаларни гапирмайди. Бу нотўғри. Биз ўйлаймизки, жинсий тарбияни ёш болаликдан олиб бориш керак", дея Сенат раисидан иқтибос келтирган нашр.
Норбоева ахборот замонида бундай мавзулардан четлашиб бўлмаслигини алоҳида қайд этган.
Ўзбек киноси ва Оскар
93-Оскар тақдирлаш маросимининг "Энг яхши халқаро бадиий фильм" номинациясига Ўзбекистон номидан Жаҳонгир Қосимовнинг "Ибрат", Аюб Шаҳобиддиновнинг "Рангсиз тушлар" ва Ёлқин Тўйчиевнинг "Фариданинг икки минг қўшиғи" фильмларидан бири илгари сурилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Оскар қўмитаси нуфузли маросим танловида иштирок этиши учун муносиб номзод бўйича сўнгги қарорини шу йилнинг 20 ноябрь куни эълон қилиши хабар қилинган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

































