Ўзбекистон: 22 сўхлик устидан суд бошланди O'zbekiston So'x

Сўхдаги тартибсизликлар

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq

Published
Ўқилиш вақти: 1 дақ

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида 22 сўхлик устидан суд бошланди.

Айбланувчиларга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 219-моддаси - ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш ва 244 - оммавий тартибсизликлар ташкил қилиш, оммавий тартибсизликларда қатнашиш айбловлари қўйилган.

Маҳкаманинг биринчи кунида Фарғона вилоят прокуратураси қўзғатган жиноят иши билан иштирокчилар таништирилган, кейинги суд 16 ноябр, душанба кунига белгиланган.

Айбланувчилардан икки нафари вояга етмаган шахслар.

Уларнинг тўққиз нафари ҳибсга олинган, 13 нафари уй қамоғида сақланган.

Шу йилнинг 31 май куни Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятига қарашли Сўх тумани ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани туташган чегара ҳудудидаги қишлоқларда аҳоли ўртасида сув туфайли низо келиб чиққан.

Хабарларда Сўхнинг Чашма ва Қадамжой туманининг Чечме қишлоқлари аҳолиси Чашма номли булоқнинг қайси давлатга тегишли экани юзасидан чиққан тортишувлар ортидан тўқнашгани айтилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Чашма булоғининг ариқларини биргаликда тозалаш пайтида юзага келган баҳслашув натижасида икки мамлакатнинг айрим фуқаролари ўртасида можаро келиб чиққан.

Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари бир-бирларини тошбўрон қилганлар, бир неча биноларга ўт қўйиб юборилган.

Тасдиқланмаган хабарларда 100 дан зиёд инсон тан жароҳати олгани иддао қилинади. Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги зиддият оқибатида 25 киши яралангани ҳақида хабар қилган.

1 июнь куни Бош вазир Абдулла Арипов чегара ҳудудига ташриф буюриб, Қирғизистон томони билан музокаралар ўтказган. Томонлар муаммони икки томонлама текширишга келишиб олганлар.

Шунингдек, Абдулла Арипов Сўх тумани аҳолиси билан ҳам учрашган, уларнинг муаммолари ва талабларига қулоқ тутган.

Шундан кейин жиноят иши қўзғатилган, бир неча сўхлик ҳибсга олинган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek