Мусулмон уйғурлар боис, Британия бойкот билан огоҳлантирди - dunyo, Xitoy, uyg'urlar, yangiliklar

Uyg'urlar

Сурат манбаси, AFP

Published

Мусулмон уйғурлар боис, Британия бойкот билан огоҳлантирди - Британия Ташқи ишлар вазири "спортни дипломатия ва сиёсатдан айри тутишининг иложи бўлмаслиги мумкинлиги"ни айтди. Британия Пекин Қишки Олимпия Ўйинларини бойкот қилиши мумкин.

Доминик Рааб унинг "инстинкти спортни дипломатия ва сиёсатдан айри тутиши", аммо "вазият шундай нуқтага келдики, бундай қилишнинг имкони бўлмаслиги мумкин," деб айтган.

Бу инсонларга қарши "одамни шокка соладиган инсон ҳуқуқлари бузилиши" бўляпти, дейди у.

Хитой уйғурларга муносабати юзасидан борган сари кўпроқ айбловларга юз тутмоқда.

Шинжондаги "қайта ўқитиш лагерларида" бир миллионгача одамни ҳукумат сақлаб тургани ишонилади.

Шунингдек, ҳукумат уйғур аёлларини мажбуран стерилизация қилаётгани ҳақидаги даъволар ҳам бор.

Musulmon uyg'urlari

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY

Июль ойида Рааб Хитойни "улкан" инсон ҳуқуқлари бузилишини содир қилаётганликда айблаб, бу мамлакатга қарши санкциялар жорий қилиниши мумкинлигини айтганди.

Аммо Хитойнинг Буюк Британиядаги элчиси Лю Сиаомин айбловлар асоссизлигини таъкидлаб, уйғурлар "бошқа этник гуруҳлар билан осойишта, уйғун шаклда ҳаёт кечирмоқда", деган эди.

Рааб Ташқи ишлар бўйича махсус қўмитада ҳозир бўлганда ундан Британия уйғур мусулмонларнинг таъқиб қилинишига қарши нима иш қилаётгани ҳақида сўрадилар.

У шундай деди: "Шинжонда нималар содир бўлаётгани бўйича ҳисоботларни эшитиб, Британияда хавотирларимиз фақат ошиши мумкин. БМТда бўладими ёки санкциялар жорий қилиш биланми, биз халқаро ҳамкорларимиз билан уларга энг кучли сигнал беришимиз керак."

"Қандай чора кўришни белгилашимиз лозим. Уйғурларга нима бўлаётгани, қамоқ, ёмон муносабат, мажбурий стериллаш каби ҳолатлардан шунчаки юз буриб кета олмаймиз."

Британия "Хитойни жавоб беришга ундаши" керак деди Tашқи ишлар вазири. "Биз ўзига халқаро ҳамжамиятнинг етакчи аъзоси сифатида муносабат қилишларини кутаётган Хитойга бу ишлар халқаро ҳамжамиятнинг етакчи аъзоси бўлиш масъулиятига тўғри келмаслигини кўрсатиб қўйишимиз керак."

"Келгуси чоралар"

Winter Olympics

Сурат манбаси, EPA

Консерваторлар партиясидан парламент аъзоси Алисиа Кернс Раабдан 2022 йилги Қишки Oлимпия Ўйинларини бойкот қилиш қанчалик Хитойга кучли сигнал бўлиши мумкинлигини сўраганда, у, "Умуман олганда менинг инстинктим спортни дипломатия ва сиёсатдан айри тутади, аммо вазият шундай нуқтага келдики, бундай қилишнинг имкони бўлмаслиги мумкин," деб жавоб берди.

"Мен далилларни тўплайлик, халқаро ҳамкорлар билан ишлайлик, кўришимиз керак бўлган келгуси чораларни кўриб чиқайлик деган бўлардим."

Қўмита раиси, консерватив Том Тугенҳадт Раабдан Кэмбриж герцоги Британия ҳукумати номидан қатнашишини маъқуллаши ёки йўқлиги ҳақида сўраган.

Ташқи ишлар вазири қарор қабул қилиш "кенгроқ жараённинг бир қисми бўлиши" ва у бу масалага "яқиндан, эътибор билан" қарашини айтган.

Musulmon uyg'urlari

Сурат манбаси, AFP

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek