Ўзбекистон, расман: Сардоба фожиасига шамол ва ёмғир сабабчи эмас

FVV

Сурат манбаси, FVV

Published

Бош прокуратура 1 май куни юз берган Сардоба фожиасига оид давом этаётган тергов ишининг маълум тафсилотларини эълон қилди.

Хабарда сув омбор тўғони ўпирилишига олиб келган сабаблар юзасидан комиссия хулосаси келтирилган.

Энг эътиборли жиҳати — мазкур хулосада бунга қадар илгари сурилган тахминлар рўйхатида мавжуд бўлган «шамол ва кучли ёмғир» омили истисно этилган.

Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиб кетиши оқибатида Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида 90 мингдан зиёд аҳоли хавфсиз жойга кўчирилган, минглаб уйлар вайрон бўлган ёки сувдан талафот кўрган, инсонлар ҳалок бўлган эди.

Бундан ташқари тошқин қўшни Қозоғистоннинг жанубий ҳудудидаги аҳоли яшаш манзилларига ҳам зарар етказган эди.

Ўтган уч ой давомида жамоатчилик 2017 йилда давлат телеканали томонидан «аср қурилиши», дея эътироф этилган сув омбори фожиаси сабаблари ва сабабчиларини аниқлаш ишлари нега ортга сурилаётганини савол остига олиб келаётган эди.

Ким қурган ва ким бошқарган?

FVV

Сурат манбаси, FVV

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, сув омбори 2010-2017 йилларда қурилган бўлиб, лойиҳага буюртмачи сифатида "Сирдарё сув қурилиш инвест" ДУК (Сув хўжалиги вазирлиги), бош лойиҳачи — "UzGip" МЧЖ, бош пудратчи - "Ўзтемирйўлқурилишмонтаж" УК ("Ўзбекистон темир йўллари" АЖ) танланган.

Сув омбори қурилишига эса давлат бюджетидан 1,2 триллион сўм сарфланган.

Сув омборидан фойдаланиш "Ўзбекистон темир йўллари" АЖга қарашли "Сардоба сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси" томонидан амалга оширилган.

Дастлабки тергов давомида эса қуйидаги асосий тахминлар текширилган: лойиҳалашдаги хатоликлар, қурилиш жараёнида меъёрларга риоя қилмаслик, эксплуатация жараёнидаги хатоликлар, табиий офат.

Мазкур тўрт тахмин эса экспертлар ва тегишли соҳаларга мансуб 30 нафар мутахассисдан иборат комиссия ёрдамида текширилган.

Комиссия хулосаси

Social Media

Сурат манбаси, Social Media

Бош прокуратура экспертиза хулосасига кўра, сув омбори тўғонининг ўпирилишига қуйидаги омиллар сабаб бўлганини маълум қилмоқда:

1.Лойиҳа ҳужжатларидаги хато ва камчиликлар

Лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари тегишли экспертизадан ўтиб, тасдиқланганидан кейин ишчи-лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш вақтида конструкцияга (қияликларнинг баландликка нисбати, ҳимоя ва фильтрловчи қопламаларнинг характеристикаларига) лойиҳачи томонидан ўзбошимчалик билан, асослантирилмаган ҳолда, тўғоннинг ишончлилиги ва турғунлигини таъминламайдиган даражага олиб келган ўзгартиришлар киритилган.

2.Қурилишдаги хато ва камчиликлар

Тўғоннинг танасини ташкил қилган тупроқнинг зичлиги лойиҳавий талабдагидан паст ва тупроқ ёт жисмлардан тозаланмаганлиги оқибатида улар чириб, бўшлиқлар ҳосил қилган, ҳимоя қатламига ётқизилган харсанг тошларнинг диаметри лойиҳадаги ўлчамлардан бир неча бор катта бўлган ҳолда, харсанг тош қопламаси лойиҳа ҳужжатида белгиланган қалинликдан кам, тошлар нотекис, сифатсиз жойлаштирилган ва катта диаметрли тошлар ўртасидаги бўшлиқлар майда тошлар билан тўлдирилмаган.

3.Эксплуатациядаги хато ва камчиликлар

Эксплуатация жараёни билан боғлиқ жиддий моддий ва номоддий камчиликларга йўл қўйилган. Жумладан, тўғонга хизмат кўрсатувчи «Сардоба сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси»нинг бевосита тўғонга хизмат кўрсатувчи таркиби зарурий моддий-техник воситалар билан таъминланмаган. Боз устига, ўтказилган малака аттестацияси эксплуатацияга жалб этилган ходимларнинг 56 фоизи зарурий билимга (ихтисос), 82 фоизи малака ва тажрибага эга эмаслигини ва бунинг оқибатида тўғонга сифатли хизмат кўрсатишга, ўпирилиши каби фавқулодда ҳодисаларга олиб келувчи омилларни ўз вақтида аниқлашга қодир эмаслигини кўрсатди.

Бош прокуратура хабарида фожиа сабаблари рўйхатидан «кучли шамол ва ёмғир» омили чиқариб ташланганини кўриш мумкин.

Ўтган давр мобайнида минглаб инсонларнинг ҳаётига жиддий зарба берган тошқинга ушбу омилнинг асосий сабаблардан бири ўлароқ кўрсатилиши жиддий эътирозларни юзага келтирган ва жамоатчиликда фожиа бўйича холис ва адолатли тергов ўтказилиши ҳамда айбдорларнинг ҳақли жазоланишига нисбатан ишонч деярли йўққа чиққан эди.

Мураккаб тергов

3 май куни Бош прокуратура Сардоба фожиаси бўйича жиноят иши қўзғатилгани ва тергов ҳаракатларини олиб бориш ДХХ органларига юклатилганини маълум қилган эди.

23 майда эса Бош прокуратура мазкур жиноят иши бўйича икки нафар шахс гумонланувчи сифатида ишга жалб қилингани, уларга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилганини хабар қилган.

Бироқ гумонланувчиларнинг шахси ошкор этилмаган.

«Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди», дея таъкидланган эди 23 майда тарқатилган хабарда.

27 июль куни эса Бош прокуратуранинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан тўққиз нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Улар буюртмачи "Сирдарё сув қурилиш инвест" ДУК, лойиҳачи "UzGip" МЧЖ, бош пудратчи - "Ўзтемирйўлқурилишмонтаж" УК, пудратчи ташкилот "Резаксой сув қурилиш" УК, "Тўпаланг Шеробод" ШК, Сув хўжалиги вазирлиги, Эксплуатация дирекцияси мансабдор шахслари экани айтилмоқда.

"Тергов органи томонидан жиноятнинг сабаблари, унга имкон берган шарт-шароитларни, айбдор шахслар доирасини аниқлаш билан бирга, етказилган зарарнинг қопланишини таъминлашга қаратилган чора - тадбирлар амалга оширилмоқда", дея давомидабилдирмоқда Бош прокуратура.

Хабарда, шунингдек, жиноят ишининг мураккаблиги ва катта ҳажмдалигини инобатга олиб, дастлабки тергов муддати Бош прокуратура томонидан 5 ойга узайтирилгани қўшимча қилинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek