Ўзбекистон: $100 миллионли янги City ва бензиннинг нархи ошиши мумкин - янгиликлар, O'zbekiston

Сурат манбаси, Autostrada
Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси юқтирганлар сони 3180 нафарни ташкил этмоқда. Паркентга кириш-чиқиш чекланди. Ўзбекнефтегаз импорт бензинга акциз оширилишини истамоқда. $100 миллионли Asaka City.
25 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси юқтирганлар сони 3180 нафарни ташкил этмоқда.
2586 бемор касалликдан соғайган, яна 581 инсон касалхоналарда қолмоқда.
Қайд этилган ўлим ҳолатлари 13 та.
Паркентга кириш-чиқиш чекланди
Коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши чора сифатида Паркент туманига кириш ва чиқиш чекланди, дея хабар бермоқда Тошкент вилояти ҳокимлиги.
Қайд этилишича, бугунги кунгача туман ҳудудини хавфли инфекциядан батамом тозалашда туман ҳокимлиги, СEОМ, ИИБ, ҳарбийлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан ишлар амалга оширилмоқда.
"Бунда карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда фаолиятни давом эттириш ўта муҳимдир. Туман марказига олиб кирадиган кўчаларда ортиқча автомобиль ҳаракатини чеклаш ва аҳолини мақсадсиз кўчага чиқишини олди олинмоқда", - дейилади маълумотда.

Сурат манбаси, official
$100 миллионли Asaka City
21-22 май кунлари Андижонга ташриф буюрган президент Шавкат Мирзиёев «Ўзавтосаноат» АЖ томонидан компаниянинг уй-жойга муҳтож ўз ходимлари ва аҳоли учун турар-жойлар мажмуаси қурилишини маълум қилган эди.
24 май куни «Ўзавтосаноат» ушбу лойиҳа борасида тўлиқроқ маълумот тарқатди.
Компания пресс-релизида маълум этилишича, Asaka City номи берилган лойиҳа жами 4631 хонадонли 71 та кўп қаватли турар-жой, 320 ўринли иккита боғча, 1,5 минг ўринли мактаб, 250 ўринли шифохона, истироҳат боғи, 10 минг квадрат метр майдондаги савдо мажмуасидан иборат бўлади.
Асака тумани Чек маҳалласида барпо этиладиган бу мажмуанинг қиймати $98 миллион бўлиши айтилган.
Ўзбекнефтегаз импорт бензинга акциз оширилишини истамоқда
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекнефтегаз Аи-80, Аи-91 ва Аи-92 маркали импорт бензинга акцизни 5 фоиздан 20 фоизга оширишни таклиф қилган ҳужжат нусхаси тарқалди.
Gazeta.uz сайтининг ёзишича, Энергетика вазирлиги нашрга ҳужжатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаган.
Ўзбекнефтегаз АЖ Бошқарув кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Ашуров томонидан имзоланиб, Энергетика вазирлигига йўлланган ҳужжатда "импорт харажатларини камайтириш йўли орқали республика истеъмолчиларини мақбул нархлардаги нефть маҳсулотлари билан таъминлаш" ва "республика ҳудудида нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришни жадаллаштириш" учун импорт қилинаётган тайёр нефть маҳсулотларининг алоҳида турларига акциз солиғини қайта кўриб чиқиш "мақсадга мувофиқ" экани маълум қилинади.
Gazeta.uz сайтига кўра, айни вақтда Ўзбекнефтегазга тегишли UNG бренди остидаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида Аи-92 маркали импорт бензин 5,000 сўм, маҳаллий Аи-91 марказли бензин эса 5,600 сўмдан сотилмоқда.
Ўзбекнефтегазнинг ушбу таклифини маҳаллий фаол блогерлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари кескин норозилик билан кутиб олган.
Ипотека-банк ходимида коронавирус аниқланди
24 май куни банкнинг бош офисида ишловчи бир ходимда коронавирус инфекцияси аниқланган, у билан алоқада бўлган 25 нафар ходим эса карантинга олинган.
Бу ҳақида Ипотека-банк ўзининг Телеграмъдаги расмий каналида маълум қилган.
Баёнотда айни вақтда бош офисда ишлаётган барча ходимлар коронавирусга тест топшираётгани айтилади.
Ҳафта охиригача жазирама
Ўзгидрометнинг хабар беришича, Эрондан кириб келган иссиқ ҳаво оқими туфайли 25 май куни Ўзбекистонда кундузги ҳарорат 36-39 даражада бўлади.
Мазкур ҳафтанинг охирига қадар эса ўртача 34-39 даража ҳарорат сақланиб туради.
Ўзгидрометга кўра, май ойида пойтахтдаги энг максимум ҳарорат 39,9 даража, республиканинг жанубий вилоятлари ва чўл зонасининг айрим ҳудудларида 43-44 даражани ташкил этган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek





























