Ўзбекистон: Мирзиёев бошқарувига ташқаридан ким таҳдид солмоқда? - O'zbekiston

Сурат манбаси, video
Ўзбекистон: Мирзиёев бошқарувига ташқаридан ким таҳдид солмоқда? - Чегараларимиз атрофида хавф ортиб бораяпти. Биз ер тагида илон қимирласа биламиз, - деди Шавкат Мирзиёев куни-кеча.
"Яқин Шарқдаги воқеалар бизга таъсир қилмайди, деб ўйлайсизларми?", - дея савол қўяркан, бунга ўзи яна, "Шамоли етиб келаяпти, шамоли", - дея жавоб берган.
Бунинг ортидан, Ўзбекистон Президенти ўзларига бевосита чегарадош Афғонистондаги вазиятга эътиборни тортган.
Афғон томонидан, ҳатто, ўзларига яқин чегараларни тозалаб беришни сўрашганини ҳам расман ошкор қилган.
Аммо айтган сўзларидан Ўзбекистон Президентининг ўтказилган ҳарбий амалиётлардан кўнгиллари тўлмагани сезилган.
"Бу билан хавфсизлик таъминланиб қолмаслиги, ўзлари хавфсизликни таъминлашлари керак"лигини айтган.
"Хавф йўқ эмас"лигини таъкидларкан, "вазият мураккаблигини яхши тушуниб турганликлари"ни ҳам қўшимча қилган.
Ўзбекистон Президентининг бу сўзлари, бир томондан, Ғарб Яқин Шарқда ИШИД гуруҳи буткул мавҳ қилинганини расман эълон қилган бир манзарада янграган.
Айнан ИШИД минтақадаги энг йирик ўзбек жангари гуруҳи - Ўзбекистон Исломий ҳаракати энг сўнггида тўлиғича байъат келтирган ва сафларида 1500 Ўзбекистон фуқароси жанг қилгани ишонилган гуруҳ бўлади.
Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш керакки, энг сўнгги эълон қилинган халқаро ҳисоботларда ҳам бу жангарилар тақдири ноаён экани, уларнинг ортга қайтган-қайтмаганликлари номаълум экани айтилган.
Бошқа тарафдан, янги Ўзбекистон ҳокимияти дипломатик воситачи сифатида халқаро майдонга чиққан, қайта фаоллашган, Афғонистон Толибон ҳаракати билан мулоқотга чиқиш, ҳатто, пойтахт Тошкентнинг ўзида устма-уст музокаралар олиб боришга муваффақ бўлган бир ҳолатда бўй кўрсатган.
Президент Мирзиёев Сенатда тилга олиб ўтган Афғонистон ва Яқин Шарқ илдизлари Ўзбекистонга бориб тақалувчи ва сафларида ўзбекистонликлар ҳам жанг қилган яна қатор ўзбек жангари гуруҳлари бошпана топган, фаолият юритган давлат ва минтақа бўлади.
Аммо бу жангари гуруҳлар барчасининг ҳам жорий пайтда жон сақлаш мавқеи ва ҳолатида экани кўрилади, ишонилади.
Шавкат Мирзиёев қудратга келган ўтган уч йил ичида эса, Ўзбекистон қатор давлатлар билан қўшма ҳарбий-ўқув машғулотларга зўр берган.
Ўз қўшинларининг жанговар шайлигини текширишга фаол киришгани ҳам кузатилган.
Худди шу манзарада яқинда эълон қилинган халқаро ҳисоботда эса, Ўзбекистон Қуролли кучлари - армияси яна Марказий Осиёдаги энг қудратлиси, жанговари, деб топилган.

Сурат манбаси, video
Бошқа томондан, Президент Мирзиёевнинг ташқи таҳдид хавфи ҳақидаги бу сўзлари янги Ўзбекистоннинг йирик-йирик интеграцияларга қўшилиш нияти бор экани маълум бўлган бир манзарада бўй кўрсатган.
Ўзбекистон Президенти ўтган уч йил бадалида илк бор Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кузатувчи мақомида киришлари мумкинлигини илк бор расман ва ошкора этганидан қисқа вақт ўтмай кузатилган.
Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолиги масаласи сўнгги пайтларда аксарият ўзбекистонликлар диққат-марказида турган, уларнинг жиддий баҳсу мунозараларига сабаб бўлаётган, кўпчилик буни мамлакат сиёсий мустақиллигига таҳдид сифатида кўраётган бир пайтга тўғри келган.
Ташқи таҳдид ҳақидаги огоҳлигидан сал аввал Ўзбекистон Президенти ўз фуқароларининг бу каби хавотирларини устма-уст рад этиб чиққан.
"Ким мустақиллик"ни бериб қўйишини айтган.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи минтақадаги асосий геосиёсий рақиблар бўлган Россия ва Хитой Марказий Осиёда ўзларининг геосиёсий ва геоиқтисодий лойиҳаларини "жадаллаштирган" пайтга ҳам тўғри келган.
Россия минтақага таҳдид хавфидан огоҳликка зўр берган бир фонда кузатилган.
Бошқа томондан, Мирзиёев мустақил Ўзбекистон тарихида жангари гуруҳларга "адашиб кириб қолган ва пушаймон бўлган фуқароларни афв" этишни кўзда тутувчи фармонни қабул қилган биринчи президент бўлади.
Айнан янги президенти ташаббуси билан расмий Тошкент яқинда ўзбекистонлик жангарилар оила аъзоларини Сурия ва Ироқдан ортга қайтаришни ҳам бошлаган.
Мирзиёевнинг шахсан ўзи Ўзбекистон Конституцияси буни тақозо этса-да, қайтган фуқароларига нисбатан бирор бир чора кўрилмаслигини айтган.
"Чунки улар ўзбек, бизнинг Ватандошларимиз!..", - деган.
"Сурияга кетганлар нима учун кетган? Кимни излаб кетган?", - деяркан, "Тан олиш керак, биз уларга шароит яратиб бермаганимиз учун кетган!", - дея бунда, таъбир жоиз, "ўз айблари"ни ҳам ишкора эътироф этган, бу ҳолатни ҳамма чуқур ўйлаши керак"лигини таъкидлаган.
Аксарият минтақавий сиёсий экспертлар баҳоси ва таҳлилида "ташқи душман хавфи мустақил Ўзбекистон биринчи Президенти Ислом Каримов бошқаруви даврида репрессив тузум оқлови бўлиб хизмат қилгани" ҳам бор гап.
Булар барчаси манзарасида айрим таҳлилчилар аллақачон ўйда: "Бу билан янги Ўзбекистон Президенти нима демоқчи ва нима қилмоқчи?".
Ўзбекистонга ташқи хавф қанчалик реал ёки бу ички сиёсатдаги бўлажак ўзгаришларнинг далолати?
Би-би-си Ўзбек хизмати Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Олий мажлис Сенатида куни-кеча қилган айни шу чиқиши манзарасида қатор минтақавий таҳлилчиларга мурожаат қилди. Уларнинг бу ҳақдаги фикрлари билан қизиқди:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Довуд Аъзамий, эксперт, Афғонистон-Лондон

Сурат манбаси, facebook
Довуд Аъзамий: ИШИД сўнгги пайтларда жиддий заифлашди. Жуда кўп жангариларини бой берди. Босиб олган ҳудудларининг катта қисми қўлдан кетди. Ҳали-ҳануз уч томондан босим остида. Афғонистон ҳукумат кучлари, АҚШ-Нато ҳарбийлари ва толиблар нишонида. Аммо бу ҳалича ИШИДнинг буткул даф бўлганини англатмайди. Ҳалиям уларнинг кичик-кичик гуруҳ шаклида Афғонистоннинг аксарият минтақалари, шу жумладан, шимолида ҳам ҳозир эканига оид хабарлар бор. Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам Ироқ, Сурия дохил бутун минтақада ҳали-ҳануз ўз аъзолари ва тарафдорларига эга. Аммо бу ҳаракат ҳам аввалгидек қудратли эмас. Сафлари парчаланган. Лидерлари орасида келишмовчиликлар келиб чиққан. Сўнгги йилларда қатор йўлбошчилари ўлдирилган. Ҳибсга олинган. Ҳар томонга сочилиб кетган. Даъво қилиши, яшириниши, машғулотлар ўтказиши ёки янги ҳужумларини режалаштириши мумкин бўлган бирор бир ҳудудга эга эмас. Ҳозирга келиб, жиддий заифлашган. Ҳаракат сафларидан ажралиб чиққан бошқа бир ўзбек жангари гуруҳи - "Исломий жиҳод иттифоқи" ҳам ҳозир худди шундай аҳволда. Устига устак, Толибон ҳаракати ҳам ортиқ Афғонистондаги хорижий жангари гуруҳларга хайрихоҳ эмас. Чунки ҳаракат сўнгги пайтларда АҚШ билан музокаралар олиб бормоқда. Улар қўшинларининг чиқиб кетишига эришиш ниятида. Шу боис ҳам, Америка ва бутун дунёга мақсадлари фақат Афғонистоннинг ўзи билан чекланишини кўрсатишмоқчи. Ортиқ ҳеч бир хорижий жангари гуруҳни бирор бир маънода дастакламасликларини намойиш этишмоқчи.
Раҳимуллоҳ Юсуфзай, Покистон:

Сурат манбаси, facebook
Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Бу таҳдид бугун бўй кўрсатаётгани йўқ. У аввалдан бор эди ва бўлган. Чунки Афғонистон, қарийб йигирма йилдирки, урушлар ичида. Қуролли низолар ҳануз барҳам топмаган. Афғон ҳукумати ҳали-ҳамон заиф. Бу ҳудудларда Толибон илова бошқа жангари гуруҳлар доим фаол бўлиб келишган. Шу боис, таҳдид бирданига кучайиб қолди, деган фикрдан ҳам йироқман. Чунки шу пайтгача улар томонидан бирор бир ҳужум кўзга ташланмаган. Бунинг бирор бир далолати ҳам йўқ. Толибон шу пайтга қадар бирор бир минтақа давлатига нисбатан бундай ниятда бўлганини айтмаган. ИШИД ҳам бу давлатларда ҳужум уюштириш қудратига эга эмас. Яна билмадим, балки вазият Ўзбекистон президенти ва ҳукуматига яхшироқ аёндир. Улар кўпроқ жосуслик маълумотларига эгадирлар. Балким, буни сиёсий вазият тақазо этгандир. Яъни, президент жамиятда хавотир уйғотиб, шунинг ёрдамида мухолифларига нисбатан кескинроқ қонунларни қўлламоқчи бўлгандир. Аниқ бир нарса дейиш қийин. Тоҳир Йўлдош (минтақада энг йирик ўзбек жангари гуруҳи бўлган Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳамасосчиси, ҳозирда марҳум - таҳр.) ўғлининг тақдирига келсак, у Толибон ҳужумларидан омон қолган. Агар, ўлдирилган бўлса, шу пайтгача маълум бўларди. Чунки ҳозирга қадар унинг ўлими ёки қўлга олинганига оид бирор бир хабар йўқ. Шу боис ҳам, у омон. Катта эҳтимол билан Афғонистонда бўлиши мумкин.
Камолиддин Раббимов, Ўзбекистон-Франция

Сурат манбаси, facebook
Камолиддин Раббимов: Биласизми, бу ерда таҳдид ҳақида гапирилаяпти. Таҳдиднинг объекти Афғонистон ва Яқин Шарқ эканлиги шаъма қилинаяпти. Лекин таҳдиднинг предмети нима эканлиги, яъни, қайси куч эканлиги кўрсатилмаяпти. Бу ерда жуда ҳам қарама-қарши хулосалар қилиш мумкин. Биринчиси, бу толиблар билан келишиш жуда ҳам мураккаб ва уларга ишониб бўлмайди, деган хулосага келиш мумкин. Ёки мутлақ тескариси - толиблар кейинги пайтда инструмент сифатида баъзи бир кучлар томонидан Марказий Осиёга босим сифатида ишлатилаяпти. Яъни, бу ерда геосиёсий омил бор, деган хулоса ҳам қилиш мумкин. Бу ерда мана шу дипломатик ёпиқлик айтилаяпти, холос. Президент бир вақтнинг ўзида бир қанча манфаатлар ёки мақсадларни ҳам кўзлаётган бўлиши мумкин. Балки, ҳокимиятли консолидация қилиш вазифаси қўйилган бўлиши мумкин. Лекин бу сиёсий тузумнинг қаттиқлашувига олиб келади, деб ўйламайман. Сабаби, президент ундан олдин ҳам, ундан кейин ҳам Ўзбекистонда демократия, демократияга интилиш ва ислоҳотлар сиёсатидан ортга чекинмайди, деган жудаям қатъий ва ишончли концептуал бир фикрларни айтди. Шу фонда бу таҳдидлар сиёсий тузумни оқлаш учун, репрессив тузумни қайта тиклаш учун бир восита, деб кўрмайман. Мана, президентнинг дунёқарашига эътибор берадиган бўлсангиз, Ўзбекистон сиёсий тизимини ислоҳ қилишга бўлган эҳтиёж ва Ўзбекистон куч ишлатар тизимларини салоҳиятини пасайтиришга бўлган эҳтиёж аслида каттароқ. Ўзбекистон давлатчилигида ҳам, Ўзбекистон жамиятида ҳам.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek































