Ўзбекистон, Самарқанд: Икки боламиздан айрилдик – учинчисини асраб қололмаяпмиз

Зуҳрани сақлаб қолиш - ота-онасининг ягона орзуси
Сурат тагсўзи, Зуҳрани сақлаб қолиш - ота-онасининг ягона орзуси
Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Самарқандлик Содиқовлар оиласининг икки фарзандини сурункали буйрак етишмовчилигидан вафот этган. Уларнинг 18 яшар қизи Зуҳро ҳам ушбу хасталик билан оғриган. Ота-она учинчи фарзандини бу дардга бериб қўймаслик учун югуриб-елмоқда.

Бироқ улар молиявий етишмовчилик туфайли Зуҳрони асраб қолишдан умид кундан-кун камайиб бораётганидан қаттиқ хавотирда эканини айтади.

Абдуҳалим Содиқов такси ҳайдаб, рўзғорни тебратади.

2013 йилда у ва Гулсара Содиқова 25 яшар ўғли Муроддан айрилган. Муродни сурункали буйрак етишмовчилиги ҳаётдан олиб кетган.

Оиланинг эгизак қизлари Фотима ва Зуҳрода ҳам 2015 йили бу касаллик аниқланган. Молиявий аҳволи оғир бўлган Содиқовлар ўн минглаб доллар қарз-ҳавола билан Фотима ва Зуҳрони Ҳиндистонга олиб бориб, буйрак трансплантацияси амалиётини ўтказган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бироқ 2017 йилда Фотима ҳам ҳаётдан кўз юмган. Содиқовлар пул топилмаганидан Фотимани ўз вақтида кўрикдан ўтказа олмаганини айтади.

Айни вақтда эса, Зуҳронинг аҳволи кундан-кун оғирлашиб бормоқда. Шундоқ ҳам қарзга ботган Содиқовлар учинчи фарзандини бир дардга бериб қўймаслик учун нима қиларини билмай, боши қотганини ҳақида сўзлайди.

«Бу дард оиламиз бошига келган синов экан»

25 яшар Мурод 2013 йилда оламдан ўтди
Сурат тагсўзи, 25 яшар Мурод 2013 йилда оламдан ўтди

Абдуҳалим Содиқов 2006 йилда 17 яшар ўғли Муродда сурункали буйрак етишмовчилиги аниқланганда, 5 яшар Фотима ва Зуҳро ҳам кун келиб шундай дард чангалида қолишини ҳаёлига келтирмагани тўғрисида ҳикоя қилади.

"Мурод деярли саккиз диалез билан юрди. Унда касаллик оғир кечди. Умрининг сўнгги вақтларида кўзи ҳам яхши кўрмай қолганди, аммо томга сакраб ўйнайдиган қизларим ҳам шу касалга чалинади, деб ўйламаган эдим".

Муроднинг вафотидан 2 йил ўтиб, яъни 2015 йилда оила 14 яшар эгизаклар танасида ҳам шундай дард ривожланиб келаётганидан хабар топади.

Фарзанд доғини татиб кўрган Содиқовлар зудлик билан қўни-қўшни, ёр-биродарлардан ёрдам сўраб, эгизакларни Ҳиндистонга даволатгани олиб кетишганини айтадилар.

«Фотимага онаси, Зуҳрога мен буйрагимизни бердик, жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди. Бироқ шароитимиз бўлмаганидан, қизларни вақтида кўрикка олиб бора олмадик», хотирлайди Абдуҳалим Содиқов.

Оиланинг сўзлашича, 2015 йил ўртасида муваффақиятли кечган буйрак кўчириб ўтказиш амалиётидан сўнг уч ой ўтгач, вақти-вақти билан эгизакларни яна Ҳиндистонга кўрик учун олиб бориш керак бўлган, аммо ота-онанинг иккинчи сафарга қурби етмаган.

Улар биринчи амалиётларнинг ўзига қарзлар ва ёрдам пулларидан иборат $30 мингга яқин маблағ сарфлаганликларини айтадилар.

Оқибатда, амалиётдан сўнг зарурий дори-дармон ва муолажаларни етарлича олмаган қизларнинг аҳволи оғирлашиб қолади ва ота-она 2016 йилнинг кузида яна ёрдам пуллари эвазига уларни Ҳиндистонга олиб кетади.

Бироқ вақт қўлдан бой берилган эди - Фотимани ҳеч қандай тиббий кўмак ўлимдан асраб қола олмайди. У 2017 йил январида вафот этади.

«Шу болам энди орқамизда қолса эди…»

Зуҳранинг опаси Фотима ҳам дардга дош беролмай ёш вафот этди
Сурат тагсўзи, Зуҳранинг опаси Фотима ҳам дардга дош беролмай ёш вафот этди

Ота-она болалигида шўх-қувноқ бўлган Зуҳронинг ҳозирда аҳволи оғирлашиб бораётгани, таҳлил натижалари вақт ўтган сайин ёмонлашиб бораётганини маълум қилади.

Уларнинг ягона истаги - жигарбандини учинчи бор ўлим чангалига бериб қўймаслик.

"Қизимнинг орзулари катта, парикмахер бўламан, дейди.Аммо қуввати кундан-кунга камайиб боряпти. Ҳаракатланишга қийналяпти", сўзлайди Гулсара Содиқова ўйчан ҳолда.

Айни дамда, ота-она ўз вақтида тиббий кўмак олмаган Зуҳро қайта буйрак кўчириш амалиётига муҳтож эканини билдиради.

"Очиғи нима қиларимизни билмай бошимиз қотган. Қизимни зудлик билан операция қилиш зарур, лекин қурбимиз етмаяпти бунга. Атрофда қарз-ёрдам берадиган одам ҳам қолмади, ҳаммадан қарз бўлиб, яна ёрдам сўрашга одамнинг юзи чидамаяпти", дейди Абдуҳалим Содиқов.

«Аллоҳим, ўзи керак экан, икки боламизни ёнига олиб кетди. Энди шу фарзандимиз яшаса эди, унга ўтган жигарбандларимизнинг умрини берса эди, Зуҳромиз орқамизда қолса эди», кўзига ёш олади онаизор.

«Бюджетда пуллари йўқ экан»

Ота-она эгизак қизларига биттадан буйракларини беришган
Сурат тагсўзи, Ота-она эгизак қизларига биттадан буйракларини беришган

Гулсара Содиқова эгизакларни асраб қолиш илинжида кўп жойларга мурожаат қилганликлари, аммо давлат идоралари ёрдам қўлини чўзмаганини айтади.

«Тошкентдаги порталга бордим. У ердан Самарқандга қайтариб юборишди. Самарқанд ҳокимиятида эса бундай мурожаатларни қабул қилишмаётган экан».

Ота-она оила қарзга ботиб кетганидан, Зуҳрони сақлаб қолиш йўлида қарз берадиган яқинлар қолмагани учун ҳам уларнинг бошига тушган бундай дардга давлат томонидан эътибор қаратилишини исташларини айтадилар.

«Қани энди, давлатимиз ёрдам қўлини чўзса эди, қарзга ботиб кетмасак. Шунча пайт қарзга ботганимизни Зуҳродан яшириб келдик, агар у аҳволимизни билиб қолса, қайта тузалиши қийин кечади», дея хўрсинади таксичилик билан оила қора қозонини қайнатиб келаётган ота.

«Қизимнинг ҳаётдан умиди жуда катта. Баъзида она менинг ҳам тўйим бўлармикан, деб ўйланиб қолади. Ўша кўнглини кўтараман бечора боламнинг. Яшаб қолишни жуда истайди», дейди кўзларидаги ёшини яшира олмаётган Гулсара Содиқова.

У ёзма мурожаат билан, ҳатто, президент Шавкат Мирзиёевга қадар чиққани, унинг қабулига киришга ҳаракат қилганини айтади.

"Ўша президент ишлайдиган жойга ҳам бордим, лекин мелисалар ичкарига киритишмади. Порталга боринг, деб айтишди. Шунча жойга бордим, ҳозир касаллар кўп, бюджетда пул йўқ, дейиш", хўрсинади она.

«Ёрдам беришса, шунча яхши эди. Бироқ ёрдам бериша олмас экан…»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek