Ўзбек отахон юрак касаллиги ортидан Европани велосипедда кезиб келди

Сурат манбаси, Mavlutdin Narzullayev
Мавлутдин Нарзуллаев 65 ёшда. У ўтган йили велосипедда Европанинг бир қанча давлатини велосипедда айланиб чиқиб, 1,500 чақиримга яқин йўл босган. Мавлутдин ака велосипедга ўтиргунга қадар узоқ йиллар оғир хасталикдан азоб чеккани ҳақида сўзлайди.
«Велосипедга ўтиришимга туртки бўлган нарса - соғлик. Бундан 15 йил аввал юракнинг мазаси бўлмади, кейин қандли диабет ташхисини ҳам қўйишди. Буларни эшитиб, одам тушкунликка ҳам тушиб қолди», ҳикоя қилади Мавлутдин ака.
Аслида ахборот технологиялари бўйича мутахассис, иқтисодиёт фанлари номзоди бўлган бу инсон хасталик туфайли узоқ йиллар азоб чекканини билдиради.
«Кечалари ухлолмай, қалтироқ босиб чиқар эди. Шифокорлар юрагингизни даволашимиз керак, деб ҳар йили шифохонага мажбурлаб ётқизишар эди. Борган сари юрагим кўпроқ безовта қила бошлади, ҳаётимдан хавотирга тушиб қолган эдим».
Мавлутдин ака муолажалар ва дори-дармонлардан бирор ёрдам бўлмагач, шифокорлар тавсияси ва ўз изланишлари ортидан ягона чораси кўпроқ жисмоний ҳаракат билан шуғулланиш эканини англаб етгани ҳақида сўзлайди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Тўшакдан Европа саёҳатига
Шундан сўнг у ёшлигидан ўзи қизиққан велосипед минишга иштиёқи қайтадан уйғонганини айтади.
Аввалига, велосипедда қисқа масофаларни айланиб келган Мавлутдин ака кейинчалик 100-200 чақиримлик узоқ жойларга ҳам бемалол борадиган бўлганини хотирлайди.
Қанча кўп ҳаракат қилгани сайин соғлиги ҳам шунчалик яхшиланиб бораверади.
«Ҳозир юрагим умуман безовта қилмай қўйган. Ҳатто, юрак қаерда эканини ҳам эсимдан чиқариб юборганман», кулади у.
Мавлутдин ака қандли диабетдан тўлиқ фориғ бўла олмагани, аммо жисмоний ҳаракати кўпайганидан сўнг бу касалликдан ҳам деярли азоб чекмай қўйганини билдиради.
Соғлиқ билан боғлиқ муаммоларни енгиб ўтгач, Мавлутдин аканинг мақсадлари ҳам улканлаша борган.
У учун, эндиликда, велосипедда айланишга Ўзбекистон торлик қила бошлаган.

Сурат манбаси, Mavlutdin Narzullayev
"Чет элларда ўтадиган веломарафонларга қизиқа бошладим. Мен ўзи саёҳатни жуда яхши кўраман, имконият бўлиши билан саёҳатга чиқиб кетишга ҳаракат қиламан.
Узоқ сафарларга чиқиш орзуим эди. Саёҳат бўлганда ҳам, оддий туристларга ўхшаб самолёт ёки автобусда эмас, балки велосипедда дунё кезишни истай бошладим", дейди қаҳрамонимиз.
Мавлутдин аканинг орзуси 2018 йилда амалга ошади. Ёши олтмишдан ўтган, яқиндагина хасталик туфайли асосий вақтини тўшакда даволаниш билан ўтказган бу инсон Франциядан бошлаб Европанинг яна олти давлатини 27 кун ичида велосипедда айланиб чиқишга ўзида куч ва ғайрат топа олади.
У Европа бўйлаб саёҳати давомида 1,500 чақиримга яқин масофани велосипедда босиб ўтган.
«Ҳар куни 50-60, баъзида, 90-100 чақирим йўл юрдим», ҳикоя қилади Мавлутдин ака.
У ёлғиз ўзи кезиб чиққан Европа давлатлари тилларини билмаслиги, аммо бу унинг саёҳатида ҳеч қандай қийинчилик туғдирмагани ҳақида сўзлайди.
«Кўпчилик саёҳатим ҳақида эшитиб, бир ўзинг ёлғиз айланишга қўрқмадингми, деб сўрайди. Бироқ Европада юриб шу нарсани ҳис қилдимки, у ерлар тинч ва одамлари муомалали. Адашиб кетиб, йўл сўрасангиз, керак бўлса, манзилингизгача олиб бориб қўяди».
Шунингдек, у Европада велосипедчилар учун қулай шароитлар яратилгани, бу транспорт воситасидан фойдаланувчилар ҳаракатланиш чоғида деярли муаммолар билан юзлашмаслигини ҳам тилга олади.
Велосипед сабаб тикланган соғлик

Сурат манбаси, Mavlutdin Narzullayev
«Европага саёҳатдан асосий мақсадим соғлигимни қайта тиклаш эди. У ерларда 27 кун юрган бўлсам, соғлигимдан бирор марта шикоят бўлмади. Фарзандларим ҳам доим хавотир олиб телефон қилиб туришди, лекин хавотирга бирор ўрин бўлмади», сўзлайди 65 яшар суҳбатдош.
У бирор касалликка чалинган вақтда тўшакка михланиб олиш тўғри иш эмаслигини айтади.
Мавлутдин аканинг фикрича, инсон қанча кўп жисмоний ҳаракат билан шуғулланса, касаллик ҳам шунча ортга чекинади.
«Албатта бирдан кўп ҳаракат қилиб юбормаслигингиз керак. Агар велосипед минмоқчи бўлсангиз, аввалига 2-3 чақиримлик қисқа масофалардан бошлаганингиз маъқул», маслаҳат беради Мавлутдин ака.
Энг муҳими - бир-икки кун велосипед миниб, кейин уни ташаб қўймаслик; буни мунтазам одатга айлантириш - муваффақият калити, дея қўшимча қилади у.
«Мен велосипед ҳақиқатан соғлигимни тиклаяптими ё йўқлигига амин бўлиш мақсадида яқинда 10 кун ўзимни текширтирдим. Шифокорлар бундан 15 йил аввал мени қийнаган юрак хасталигини топа олишмади, лекин қандли диабет бир умр одам билан кетар экан. Аммо жисмоний ҳаракатлар бу касалликни ҳам анча жиловлаб қўя олади», дейди у.

Сурат манбаси, Mavlutdin Narzullayev
«Чойхонага боринг, лекин унинг бадалини ҳам тўлаб қўйинг»
Мавлутдин ака аксар одамлар ёши ўтгач, ҳаракатланишга кўп эътибор қаратмай қўйиши ва бунинг оқибатида кексалар орасида соғлик билан боғлиқ муаммолар юқори даражада эканини тилга олади.
«Айниқса, эркакларимиз нафақа чиққандан кейин чойхонага ўтириб олишади. Мен ҳам чойхонага чиқаман, аммо чойхонанинг бадалини ҳаракат билан тўлаб қўйиш ҳам керак».
«Ҳаракат қилсангиз ҳамма нарса кўзингизга гўзал бўлиб кўринади, таомлар ҳам ширинлашиб боради. Чарчаб келиб, овқатлансангиз, унинг мазаси ўзгача тус олади», сўзлайди Мавлутдин ака.
У серҳаракат одамлар уйқу, дам олиш ҳам яхши бўлишини таъкидлайди.
"Кўпчилик уйқум яхши эмас, деб шикоят қилади. Ҳаракат қилинг, кейин маза қилиб ухлайсиз.
Мен инсонларга, айниқса, бизга ўхшаган қарияларга доимий ҳаракат қилишни қаттиқ тавсия қилган бўлар эдим".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek




























