Россия: Ўзбек аёллардан болалари нега олиб қўйилмоқда?

- Author, Соҳиба Ҳаёт
- Role, Москва
- Published
- Ўқилиш вақти: 2 дақ
Андижонлик Ойгул Ахунова Москвада фарзандли бўлган. Туғруқхонада берилган маълумотномани яшовчи ижара уйга кўчаётганида полиция ходимлари келиб унинг ҳужжатларини текширади. Онанинг ҳужжати бор, боланики йўқ эди. Полиция ходимлари қизалоқнинг унинг фарзанди эканлигига шубҳаланади ва қонуний асосда уни олиб кетишади.
Ойгулнинг ҳикоя қилишича, у ёлғизлиги боис, ҳомиладорлик вақти ва туғруқдан сўнг моддий қийинчиликларда яшаган. Бир неча бор ижара уйини алмаштиришига тўғри келган. Фарзандининг ҳужжатини ана шундай кўчишлар давомида йўқотганини айтади.
Шу тариқа 5 ёшли Севинч Москвадаги болалар реабилитация марказларидан бирига жойлаштирилади. Унинг онаси эса қизини қайтариш учун ҳаракатга тушади, аммо йўл-йўриқларни билмаслиги сабабли ҳуқуқ ҳимоячиларига ёрдам сўраб мурожаат қилади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Россияда болаларни ҳар жиҳатдан муҳофаза қилишга йўналтирилган қонунлар шундай ишлайди: аввало уларнинг хужжатлари жойида бўлиши шарт. Акс ҳолда, оналар бола ўзиники эканини исботлай олмай, ундан ажралиб қолиши ҳеч гапмас", - дейди юрист Зарнигор Омониллаева.
Хужжатларга бефарқ бўлган муҳожиралар буни қийинчиликда яшаётгани билан изоҳлашади. Уларнинг катта қисми ёлғиз оналардир.
«Муҳожирлар масалалари билан ишлай бошлаганимдан бери айни мавзуда ўнга яқин мурожаатлар бўлди, аксарида оналарга болаларини қайтаришга муваффақ бўлдик, - дейди юрист. - Иккитасида ачинарли ҳолат: бири паспортини алмаштиришга уйга кетиб 2 йил деганда қайтган, натижада фарзандини йўқотган. Ҳаракат бошладик, аммо қайтаришга улгурмай, биз билан алоқани узди. Иккинчиси эса қонунбузарлиги учун қамоқ жазосига маҳкум қилинди, яқинларининг маълумотларини беришни истамади. Қолган барча ҳолатларда болалар ўз оналари бағрига қайтарилди».
Реабилитация марказларидаги ўзбек болалар
Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, она-болаларнинг ажратилиши бўйича масалаларнинг ҳал этилиши узоқ муддат талаб қилади. Бу ишлар судларда қайта-қайта кўрилиш мобайнида онанинг фарзанди учун яратган шарт-шароитлари ва ғамхўрлиги махсус комиссия томонидан текширилади.
"Бу вақт давомида болалар реабилитация марказларида сақланади. У ерда овқатланиш, ўйинлар, дам олиш ва даволаниш учун барча шароитлар бор. Тарбиячилардан ташқари шифокорлар назоратида бўладилар. Оналар фарзандининг ҳужжатини расмийлаштиргунигача боладан хавотир олмаса ҳам бўлади", - дейди юрист.
Би-би-си ўзбек хизмати муқаддам ўзбекистонлик оналарнинг полиция томонидан олиб қўйилган фарзандлари ҳақида бир неча видеолавҳалар тайёрлаган ва тасвирга олиш жараёнида реабилитация марказларини бориб кўрган эди.
Болаларни вақтинчалик сақлаш марказлари «болалар боғчаси»дан кўра, «болалар уйи»ни эслатади. Москва вилоятидаги марказда ҳар бир боланинг қўлида рақам ёзилган махсус электрон ускуналар тақилган эди.
«Бу орқали болаларнинг қаердалигини билиб турамиз», - дея изоҳлаганди тарбиячилардан бири.
Уларга шароитлар яратилган, аммо оналаридан ажратилган болаларнинг руҳий ҳолати яхши эмаслиги кўзларидан кўриниб турарди.
Бухоролик она фарзандининг реабилитация марказидаги вақти мобайнида қизи билан психологлар шуғуллангани ва у ўзгариб қолганини айтиб йиғлаган эди.
Болани қайтаришда қандай муаммолар бор?
Ўзбек оналарининг полиция томонидан олиб қўйилган фарзандларини қайтаришда дуч келинадиган муаммолардан бири - болага Ўзбекистон фуқаросининг фарзанди эканлигини тасдиқловчи маълумотноманинг олиниши.
"Юқоридаги воқеада элчихонага бордик, берилиши учун бир ой муддат ва битта маълумотнома учун 30 АҚШ доллари миқдорида пул тўланиши керак экан. Бизга бу хужжатдан 2-3 та керак эди, бизда 60-90 доллар йўқ эди. Бир-биридан ажратилган она-болалар учун бу муддат ҳам жуда катта", - дейди Ахуновага кўмаклашаётган юрист.
Яқингача туғруқхоналар фақат бола туғилгани ҳақида маълумотнома берарди. Бу тартиб ўзгарди.
"Боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома эса Москвада эндиликда туғруқхоналарнинг ўзида берилаётгани - муҳожирлар учун катта енгиллик бўлди", - дейди Зарнигор Омониллаева.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.





























