Ўзбекистон: Гомосексуаллик инсоннинг ўз истагими ёки табиат яратган туғма ҳолат?

Сурат манбаси, Courtesy
Ўзбекистонлик шифокор гомосексуалликни шахсий танлов эмас, балки туғма ҳолат сифатида қабул қилиш кераклиги ҳақида ёзиб чиқди.
Ижтимоий тармоқларда психотерапевт сифатида танилган шифокор Азизбек Болтаев Facebook саҳифасида фикрларини изҳор этган.
Мутахассис ЛГБТ инсонларга нисбатан мавжуд муносабатни, бир пайтлар дунёда чапақайларни ўнақайлаштиришга интилиш ҳолатлари билан қиёсан тушунтиради.
Ўзбекистонда эркаклар орасида жинсий муносабат жиноят саналади ва жамиятда ҳам уларга нисбатан муносабат ўта салбий.
Алоқадор мавзулар:
Азизбек Болтаев мақоласи билан мухтасар танишинг:
"Гейларга муносабатингиз қанақа? Бу касалликми?" - бу каби саволларни мен вақт-вақти билан нафақат пациентларим, балки ҳамкасб-шифокорлардан ҳам эшитиб тураман. Шунингдек, танишларим интернет ижтимоий тармоқларида гомосексуаллик тўғрисидаги баъзида кўтариладиган баҳс-мунозараларга нисбатан шарҳ беришимни илтимос қилишади.
Майли, мавзу шунчалик қизиқ экан, ўзимнинг гетеросексуал шифокор сифатидаги фикрим билан бўлишаман. Бунда мен учун одатий бўлган илмий иқтибослар ва аргументларни ишлатмаган холда, оддий мантиқ ва тарихий фактлар билан чегараланишга харакат қиламан.
Бирор бир мураккаб ёки тушунарсиз нарсани тушунтириш учун аналогия ёки қиёслаш услубини қўллаш яхши самара бериши кўпчиликка маълум.
Биз ҳам шу услубга ёндашайлик. Бунинг учун инсонлардаги чапақайликни мисол тариқасида олишни таклиф қиламан.
Чапақайлик ва ўнақайлик
"Сиз чапақайларга қанақа муносабатдасиз? Бу касалликми?" - қабилидаги саволлар кўпчилигимиз учун кулгили туюлади.
Нега кулгили? Чунки чапақайлик бу бор йўғи баъзи одамларнинг туғма хусусияти эканлиги ва бундай одамлар орамизда 10-15%ни ташкил қилиши деярли ҳар бир замонавий инсон учун ойдин. Чапақайлик ҳеч қандай касаллик эмаслигини биз жуда яхши биламиз.
Лекин чапақайликка муносабат доим ҳам бугунгидек нейтрал бўлмаган.
Собиқ Иттифоқ даврида чапақай болаларни оммавий равишда ўнг қўл билан ёзишга мажбурий равишда қайта ўргатилгани ёши каттароқ одамларимизнинг кўпчилиги хотирасидан ҳали ҳам кўтарилмаган, десак адашмаймиз.
Бу "ўнглаштириш" аксарият ҳолларда руҳий ва жисмоний зўравонлик йўли билан (чапақайлар қўлидан баъзи ўқитувчи ва ота-она линейка билан уриб) амалга оширилиб, болалар невроз ҳолатига тушишига сабаб бўлган.
Тарихий манбаларни ёки ҳеч бўлмаса, Интернетни шу мавзудаги саҳифаларини очиб ўргансак, чапақайликка қадим замонлардан бошлаб инс-жинс тимсоли сифатида қаралганлигига гувох бўламиз.
"Шайтонийлик"
Мисол учун, Исломда чапақайлик "шайтонлик" белгиси эканлиги, ҳадисларда эса "чап қўлда шайтон ўтирганлиги" сабабли овқатни фақат ўнг қўл билан тановвул қилиш буюрилганлиги кўпчилигимизга маълум.
Португал тилида эса чапақай сўзи юз йиллар илгари шайтонни англатган.
Шунинг учун ҳам чапақайлар асрлар давомида жамият томонидан жазоланишдан қўрқиб ўзининг табиий хусусиятини яшириб келишган.
Бундан кўриниб турибдики, чапақайликка бўлган муносабат миллатлараро ва динлараро умумийликка эга.
Албатта, бугунги кунда чапақай инсоннинг ўнг қўли билан ёзишга мажбур қилиниши ва ўнг қўли билан ёзуви яхши чиқамаса, жазоланиши бизга ёввойи ҳолатдек туюлади.
Лекин ҳозир ҳам болага чапақай бўлиб қолаверишга рухсат бермаслик керак, деб фикрлайдиган камёб тоифадаги одамлар йўқ эмас.
Ҳар бир малакали нейропсихолог ёки невролог сизга ўнақайлик ҳам, чапақайлик ҳам, ҳатто амбидекстерия (ҳар икки қўлдан бир хил самарали фойдалана олиш қобилияти) ҳам инсоннинг туғма хусусияти эканлигини тасдиқлаши мумкин.
Илм-фан, маориф ва ОАВ ривожланиши сабаб замонавий инсон учун бу билим хаммага маълум бир фактга айланиб бўлди.
Ҳа, албатта, чапақай инсонни ўнг қўли билан иш қилишга ўргатиш мумкин, лекин нейропсихологик жиҳатдан унинг бош мияси чапақайлигича қолаверади.
Бунинг таъсирида у ўзининг табиий қобилият ва иқтидоридан фойдаланишга келганда, туғма ўнақайларга нисбатан камроқ имкониятга эга бўлади.
Гетеро- ҳам, гомо- ҳам туғма
Сексуал ориентация масаласи ҳам худди шундай.
Одамлар орасида гетеро- ҳам, гомо- ҳам, би-сексуаллар ҳам борки, уларнинг жинсий ориентацияси шахсий танлов эмас, балки табиатан туғма равишда белгиланган.
Лекин айримлар учун бу онгли танлов, яъни муайян вақтда ҳаёт шарт-шароитларидан келиб чиқиб афзал кўрилади.
Ўтмишда чапақайлик қандай таъқиб қилинган бўлса, ҳозирда гомосексуаллик ҳам худди шундай дашном ва жазога сабаб бўлиб келмоқда.
Бир кун келиб бизда ҳам ривожланган давлатлардаги каби гомосексуалликни касаллик, деб ҳисоблашни бас қилиб, бу учун одамларни жазолаш, хақоратлашга ва "ҳамма одамлардек" яшашга мажбур қилишга чек қўйилишига ишонаман.
Айтганча, чапақайлик хам собиқ Иттифоқ мамлакатларидан илгарироқ Европа давлатларида меъёрий ҳолатнинг бир кўриниши сифатида тан олинган.
Гей ҳам сиздек одам
Хуллас, мендан ""Гейларга муносабатингиз қанақа?" деб сўралганда, менинг жавобим жуда оддий бўлади: "Худди Сизга нисбатан муносабатимдек".
Яъни, мен учун инсоннинг сексуал ориентацияси ҳеч қандай ахамиятга эга эмас. Инсон ҳақидаги хулосам бошқа мезонлар асосида шаклланади.
Гомосексуал муносабатлар икки вояга етган шахснинг ихтиёрий ўзаро иши ва ташвиши деб ҳисоблайман.
Вояга етмаганларни жинсий муносабатларга жалб қилиш эса инсон ориентациясидан қатъий назар жиноий жавобгарликка тортилиш билан таъқиб қилиниши шарт.
Сексуал ориентацияни жамоат жойларида ошкора қилишга ҳам худди шундай қараш жоиздир.
Мақола қисман таҳрир қилинди. Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи-назарини акслантирмайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek





























