Ўзбекистон: Мирзиёев журналистларга ёрдамга келадими?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ўзбекистонда матбуот бироз эркинлашган бўлиши мумкин.
Аммо бу унинг иқтисодий аҳволини яхшиламаган.
Аксинча. Мажбурий обунага қарши кампания босма нашрларнинг келажагини хавф остида қолдирган.
Улардан айримлари, масалан, илк мустақил газета ҳисобланган "Ҳуррият" янги йилдан чиқмай қолган.
Таҳририятга яқин манбаларнинг айтишича, газетага 2019 йил учун бир неча юз киши обуна бўлган, холос.
Ўтган йил июнида матбуот ходимларини касб байрами билан табрикларкан, Президент Мирзиёев уларни ўзининг мамлакатда эркин ва фаровон ҳаёт яратиш йўлидаги кўмакчиси деб билишини айтганди.
"Мен сиз, муҳтарам матбуот аҳлининг ҳаётимизни янада эркин, обод ва фаровон этиш учун доимо фидойилик кўрсатиб яшашингизни яхши биламан ва сизларни шу йўлда ўзимнинг энг яқин ҳамкорларим ва ёрдамчиларим деб ҳисоблайман", деган президент.
Аммо обуна матбуотнинг ўзи учун ҳаёт-мамот масаласига айланган экан, Мирзиёев ишидан айрилиш хавфи остида қолган журналистларга ёрдамга келадими, йўқми, маълум эмас.
Таниқли журналист ва муҳаррир Аҳмаджон Мелибоев ҳамкасбларига мурожаат билан чиқиб, "Ҳуррият"ни қўллаб*қувватлашга чақирган.
Ўзбекистон охирги икки йилда кўпгина "мажбурий" нарсалардан воз кечмоқда. Масалан, мажбурий меҳнатдан.
Аммо буни олқишлаётган ўзбек журналистлари мажбурий обуна масаласида иккига бўлинган.
Интернет газетага қаршими?
Интернет нашрларни тамсил қилган аксар журналистлар мажбурий обунага қарши.

Сурат манбаси, uza.uz
Улар босма матбуотни эскича қолипларда фикрлаш ва орқада қолаётганликда айблашади.
Ўз навбатида анъанавий матбуот вакиллари орасида одамларни газета ўқишга, керак бўлса, мажбурлаш лозим, деб ўйлайдиганлар ҳам оз эмас.
Ўқитувчиларни мажбурий обуна қилишни қатъиян тақиқлаган Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов "газета ўқимаслик"да айбланган.
"Вазирлик собиқ ходимининг фикри кишини ўйлантириб қўйди. Унинг фикрича, Ш.Шерматов газета ўқимайди (эскилик сарқити эмиш). У интернет ошиғи. Сайтлар билан ишлайди. Замонавий ўзбек", - дея писанда қилган таниқли мунаққид Маҳмуд Саъдий 21asr.uz нашрида чоп этилган мақоласида.
У ҳукуматдаги ислоҳотпарвар ва энг илғор фикрли вазирлардан бири сифатида кўрилган Шерматовни танқидга тоқатсизликда ҳам айблайди.
"Фикримча, гап бошқа жойда. У интернетда эълон қилинадиган салбий ахборот ёки танқидни бартараф этишнинг ҳадисини олган. Сайтдан олдириб ташлолмаган тақдирда ҳам, уни ҳамма ўқий олмайди, тез фурсатда ҳаволарда совурилиб кетади. Газета эса, Фейсбукдаги ёзишмаларда таъкидланишича, "қиёматгача сақланади"", - деб ёзади Маҳмуд Саъдий.
Шўро давридан қолган идоравий ёки мажбурий обунадан маҳрум бўлган газета ва журналлар адади кескин тушиб кетган.
Халқ таълими тизимидаги нашрлар обунаси билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилган 1news.uz нашрига кўра, "Тонг юлдузи" адади ўтган йилга нисбатан 57 351 тага, "Гулхан" журналининг адади эса 90 178 тага камайган.
Нашр Халқ таълими вазирлигининг мажбурий обунага қарши чиқиши мактаблар томонидан ихтиёрий обунага қарши ҳужум деб қабул қилингани ҳақида ёзган.
Айрим маҳаллий журналистлар мамлакатда босма матбуот йўқ бўлиб кетиши арафасида турганидан бонг уришмоқда.
'Сўз эркинлиги учун бадал'
Маҳаллий журналистлардан бири мажбурий обуна яқин ўтмишда мамалакатда сўз эркинлиги бўғилгани учун бадал бўлгани ҳақида ёзган.
Айни пайтда Президент Мирзиёев бошлаган ислоҳотлар сабаб нисбатан эркинлашган матбуотда иқтисодий муаммолар сабаб сўз эркинлигининг орқага кетишидан хавотирлар ҳам билдирилмоқда.

Сурат манбаси, AFISHA MEDIA
Аввалроқ regulation.gov.uz сайтида "Халқ таълими тизимидаги оммавий ахборот воситалари ролини янада ошириш тўғрисида"ги қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилганди.
Унга мувофиқ, Халқ таълими вазирлиги тизимидаги ўндан ортиқ нашрлар ягона давлат унитар корхонасига (ДУК) бирлаштирилади.
Аммо халқ таълими аълочиси Фарруҳ Жабборовнинг ёзишича, бу таълим тизимидаги нашрларнинг "жиловланиши"ни англатади.
Унинг ёзишича, "жамиятнинг барча жабҳаларига инновациялар татбиқ этилаётган бугунги кунда Халқ таълими вазирлиги унутилган эскиликдан инновацион янгилик яратишга, таълим нашрларини яна «колхозлаштириш»га ҳаракат қилмоқда".
Kun.uz нашридаги мақоласида муаллиф "вазирликнинг қўлига қараб қолган нашрлар тизимдаги ҳақиқий аҳволга кўзгу бўлолмаслиги" ҳақида ёзади.
Унинг фикрича, "матбуот иқтисодий мустақил бўлмас экан, ижодий мустақил ҳам бўла олмайди".
Нима қилмоқ керак?
Мажбурий обуна ва босма нашрларнинг иқтисодий аҳволи журналистлар орасида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзуга айланган.
Бу мавзудаги муҳокамалар баъзида Мирзиёев бошлаган ислоҳотлар мавзусини ҳам босиб кетаётганини кўриш мумкин.
Журналист Аслиддин Алмардоновнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, босма нашрларнинг бозор иқтисодиётига мослашиш жараёни қийин кечмоқда.
"Мажбурий обунанинг бекор қилиниши ҳақидаги гаплар икки йил бурун бошланган эди. Ва, 2017 йилги обуна мавсуми бунга ишора берди. 2018 йилда эса ҳўлу қуруқ баравар ёнди (айрим чала куйди, айрим омон чиқишга эришди). Кутилганидек, жабри "Ҳуррият" каби мажбурий обуна кампаниясида у қадар ҳам иштирок этмайдиган нашрларга тегди. Қизиқ томони, на давлат, ва на ҳукумат шу икки йил ичида мажбурий обуна бекор қилиниши ортидан босма нашрларга "яшаб қолиш учун" муқобил "йўл харитаси"ни, бошқача айтсак, ҳуқуқий "қўлчодир"ни тутқазмади. Ваҳоланки, ҳозирда парламент архивида чанг босиб ётган, қабул қилинмай қолиб кетган - "Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида" ва "Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида"ги қонун лойиҳаларини "қайта тирилтириш", шу орқали маълум имконият, имтиёзлар ҳам бериш мумкин эди. Бу йўл, фикримча, мажбурий обуна ҳақидаги ортиқча даҳмазалардан қутилишнинг яхши ечими ҳам. "Ҳа, деган - туяга мадад!"
Ҳозирда молиявий тарафдан ўзини тутиб олган айрим ОАВ вакиллари "Ҳуррият" каби нашрларни бозор иқтисодиётига мослаша олмаганликда айблашаяпти. Бу шубҳасиз тўғри! Бироқ ҳамма ҳам Цукербург эмас-да. Эътибор беринг: ҳозир Ўзбекистонда барча соҳага нисбатан "жунгли қонуни" назари билан қараляптими? Афсуски, бундай дея олмаймиз.
Менимча, "Ҳуррият"нинг куни бошқа нашрларнинг бошига тушмасидан аввал юқорида айтилган икки қонунни қабул қилиш фурсати аллақачон етган", - дейди журналист.
Обуна мавзусидаги муҳокамаларни яқиндан кузатган таҳлилчи Элдор Асановнинг фикрича, "мажбурий обунанинг яхши нарса эмаслиги аксиомадай гап".
"Бу муҳокамаларда мажбурий обунага қарши тарафнинг ҳақлигини тан олмасдан иложимиз йўқ", - дейди у.
Асановга кўра, Ўзбекистондаги мавжуд босма матбуотнинг андозаси совет давридаги матбуотдир.

Сурат манбаси, Photo 12
"Умуман, совет давридаги матбуот самарали эмас эди. У пропаганда воситаси бўлган ва пул ишлашга мўлжалланмаган. Ҳозир эса бу газеталар пропагандани ҳам эплолмайди, даромад ҳам келтирмайди".
Унинг айтишича, юзага келган вазиятда босма нашрларнинг электрон вариантга ўтиши анъанавий нашрларнинг инқироздан чиқишига ёрдам бериши мумкин.
"Нашрларни онлайн ва босма деб иккига бўлиш нотўғри. Қоғоз ва мегабайтлар ахборот ташиш воситалари, холос. Улар ахборотнинг моҳиятини ўзгартирмайди. Газеталар ҳам қоғозга ёпишмасдан, электрон вариантга ўзини урса бўлади. Газеталар босилиб чиққунча, ахборот эскиради. Тезкорликда уларнинг интернет нашрларига бас келиши имконсиз".
Элдор Асановнинг фикрича, кераксиз туман газеталаридан воз кечиб, йирик марказий газеталарни қандайдир кўринишда асраб қолиш мумкин.
"Эҳтимол, газеталардаги қисқартиришларни босқичма-босчиқ амалга ошириш, эҳтимол, уларни тўла давлат томонидан молиялаштиришга ўтказиш керакдир. Аммо қандай бўлишидан қатъий назар, бу ўзгаришлар ниҳоясида мажбурий обунадан қутулиш керак", - дейди Элдор Асанов.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek





























