Наманганда илк велойўлак: лойиҳани кенгайтирмоқ лозим

Лондондаги Ватерло кўпригида велосипедчилар йўлаги
Сурат тагсўзи, Лондондаги Ватерло кўпригида велосипедчилар йўлаги
Published

Наманган шаҳрида Ўзбекистондаги илк велойўлак фойдаланишга топширилган. Аксар маҳаллий ва халқаро кузатувчилар фикрича, Ўзбекистонда автомобиль эмас, велосипеддан фойдаланишни кўпроқ тарғиб этиш муҳимдир.

Боиси, Ўзбекистонда аҳоли сони тезлик билан ўсмоқда, Тошкенти азимдек шаҳарда йўллар кенгайтирилиб, янги йўл ўтказгичлар барпо этилаётгани ҳам автомобиль йўлларидаги "пробка" муаммосини ҳал этишга ожизлик қилмоқда.

Британия Ташқи ишлар вазири Борис Жонсон Лондон шаҳрининг ҳокими бўлганида ишга велосипедда қатнарди. У шаҳарда велосипед ижараси хизматини жорий этган.

Сурат манбаси, PA

Сурат тагсўзи, Британия Ташқи ишлар вазири Борис Жонсон Лондон шаҳрининг ҳокими бўлганида ишга велосипедда қатнарди. У шаҳарда велосипед ижараси хизматини жорий этган. У одатини бугун ҳам ташлагани йўқ.

Мамлакатнинг деярли барча йирик шаҳарларида автомобиль йўллари тирбандлиги кўпайиб бормоқда.

Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги - ЎзА хабар қилишича, Наманган шаҳридаги велойўлакни фойдаланишга топшириш маросими пайти транспортнинг ҳам инсонлар саломатлиги ва экологияга ва ҳам иқтисодиётга фойдали турларидан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланган.

Лондондаги велосипед ижараси. Шундоқ картангизни махсус мосламага тегизинг ва велосипедни "ечиб" олиб кетаверинг! Манзилингизга етиб боргандан кейин яна мана шундай велостоянкага қўйиб кетаверинг!
Сурат тагсўзи, Лондондаги велосипед ижараси. Шундоқ картангизни махсус мосламага тегизинг ва велосипедни "ечиб" олиб кетаверинг! Манзилингизга етиб боргандан кейин яна мана шундай велостоянкага қўйиб кетаверинг!

"Транспорт воситаси сифатида велосипеддан фойдаланишни тарғиб қилиш ва жорий этиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳам экологик муаммоларни камайтириш ва унинг салбий оқибатлари олдини олишга қаратилган эзгу мақсадлардан биридир. Бу амалиёт атмосфера ҳавоси ифлосланишининг камайиши, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришнинг муҳим омилларидан бири бўлиб, автомобиль йўлларидаги тирбандликларга чек қўйилиши билан аҳамиятли. Бундан ташқари, велосипед транспортини оммалаштириш иқтисодий жиҳатдан ҳам янги истиқболлар очади. Яъни, велосипед ва уларга эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи корхоналар, техник хизмат кўрсатувчи шохобчалар пайдо бўлиб, янги иш ўринлари яратилади", деб ёзади ЎзА.

Намангандаги велойўлак Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ва Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилгани хабар қилинади.

Парижда автомобиллар "пробкада" тиқилиб қолган пайтда велосипедчи ўзига ажратилган велойўлак бўшлигидан роҳатланиб сафар қилмоқда.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Парижда автомобиллар "пробкада" тиқилиб қолган пайтда велосипедчи ўзига ажратилган велойўлак бўшлигидан роҳатланмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг Фарғона водийси вилоятларида велосипеддан фойдаланиш республиканинг бошқа ҳудудларига нисбатан кўпроқ оммалашган.

Бир неча йил олдин Тошкент шаҳрида худди Лондон шаҳридагидек велосипедни ижарага бериш хизматлари ташкил этилган, бироқ давлат идоралари томонидан етарли қўллаб-қувватлов бўлмагани, ушбу бизнес турлари йўлидаги бошқа муаммолар туфайли Ўзбекистон пойтахтида велосипеддан фойдаланиш оммалашмади.

Бунинг устига, йўл ва кўчаларни барпо этишда велосипед ҳайдовчилари қулайлиги йўлчиларнинг буткул хотиридан фаромуш ҳам бўлган.

Бу борада сиз қандай фикрдасиз?

Ўзбекистонда велосипеддан фойдаланишни тарғиб этиш йўлида яна нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02