|
Гуантанамодаги ўзбек маҳбус Ирландиядан бошпана изламоқда
|
|||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Бу ҳақда унинг ҳимоячиси маълум қилган. Ҳимоячи Майкл Моуннинг Би-би-сига айтишича, у Ирландия ҳукумати билан Ойбек Жабборовнинг тақдири юзасидан музокаралар олиб бормоқда. Ойбек Жабборов 2001 йилда Афғонистонда қўлга олинган ва шундан буён Кубадаги Гуантанамо ҳибсхонасида сақлаб келинган. Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти унинг Ирландиядан бошпана олиш ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқда. Майкл Моуннинг билдиришича, Ойбек Жабборов Гуантанамодаги тўрт ўзбек маҳбусидан биридир. Аввалроқ Гуантанамода ушлаб турилган бир ўзбек фуқароси Албаниядан бошпана олган. Айбсиз Ҳимоячи Майкл Моуннинг сўзларига кўра, Ойбек Жабборов 2001 йилда қўлга олинган пайт Афғонистон шимолида оила-аъзолари-онаси, акаси, аёли ва янги туғилган фарзанди билан яшаётган бўлган. У 1999 йилда "яхши ҳаёт орзусида" Ўзбекистонни тарк этган. Ҳимоячи унинг Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ёки Афғонистонда амал қилган бошқа биронта террорчи гуруҳ фаолиятида иштирок этмаганини айтади. "Уни жанг майдонида ҳибсга олмаганлар, унинг қўлида қурол бўлмаган ва у жангчи эмасди", - дейди Майкл Моун. Ҳимоячининг сўзларига кўра, "Ойбек Жабборов Афғонистонда адашиб ҳибсга олинган шахсларнинг яққол мисолидир". "У Мозори Шарифга кетаётган пайти Америкаликларнинг ҳужуми бошланиб қолиб, йўллар ёпилиб қолади ва ўша ердаги чойхонада бир неча кун қолиб кетади. Бир кун бу ерга келган Шимолий Иттифоқ аскарлари Ойбекка Мозори Шарифга етиб олишига ёрдам беришларини айтишади. Ойбек рози бўлади, аммо улар Ойбекни Мозори Шарифга эмас-да, балки Бағром ҳарбий базасига олиб бориб, пул мукофоти эвазига америкаликлар қўлига топширадилар", -дея ҳикоя қилади Майкл Моун. Ҳимоячининг айтишича, Ойбек Жабборовга расман ҳеч қандай айб қўйилмаган ва ўтган йил февралида унинг Гуантанамодан озод этилишига рухсат берилган. "Аммо Ойбек ватанига қайтишни хоҳламагани ва учинчи давлат унга бошпана бермагани важидан ҳануз Гуантанамода қолмоқда", -дейди Майкл Моун. Унинг сўзларига кўра, "Ойбек эркин, хавфсиз ва демократик давлатда бошпана топиш ҳақида қайта-қайта гапириб келган". Биринчи маҳбус Халқаро Амнистиянинг билдиришича, Ирландия ҳукумати бошпана бергани тақдирда Ойбек Жабборов Оврўпо давлатига жойлаштирилган биринчи Гуантанамо маҳбуси бўлади. Ҳозирга қадар Албаниядан бошқа биронта давлат Гуантанамо маҳбусларини қабул қилишга рози бўлмаган. "Айриш Таймс" рўзномасининг ёзишича, Ирландия Адлия вазирлиги ўзбекистонлик маҳбуснинг аризасига қаршилик қилмоқда, аммо Ташқи Ишлар вазирлигининг мавқеъи бошқача. "Ташқи ишлар вазирлиги Ойбек Жабборовнинг ишини АҚШнинг янги президенти Барак Обама маъмурияти билан яхши алоқалар ўрнатиш йўлида бир фрусат деб кўрмоқда", - деб ёзади рўзнома. Барак Обама душанба куни Американинг CBS телеканалига берган илк телевизион мусоҳабасида Гуантанамо ҳибсхонасини ёпиш ниятида қатъий эканини яна бир марта урғулаган. "Биз ҳеч кимнинг қийноққа солинмаслигига амин бўлишимиз керак",- деган жаноб Обама. Халқаро Амнистия ташкилотига кўра, агар Ирландия ҳукумати ҳақиқатан ҳам Гуантанамо ҳибсхонасининг ёпилишини истаса, Ойбек Жабборовнинг ишини тезлаштириши керак ва "борадиган жойи йўқ бегуноҳ инсонга ёрдам бериши лозим". |
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||