14 Май, 2006 - Published 18:35 GMT
Лондондаги намойишчилар Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни Оврўпо Иттифоқининг саёҳат чеклови жорий этилган ўзбекистонлик мулозимлар рўйхатига киритиш, Ўзбекистонни НАТОнинг "Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик" дастуридан чиқариб ташлашни талаб қилганлар. Ҳамда Ўзбекистонга нисбатан Москва механизмини қўллашга оид ваъдаларни бажариш ва Ўзбекистоннинг Оврўпо парламенти билан ҳамкорлик шартномасини зудлик билан тўхтатишга чақирганлар.
Амалиёт иштирокчилари "Диктатор билан ҳамкорлик қилманг!" каби шиорларни айтиб қичқиришган. Буюк Британия Бош вазири маъмуриятига топширган петицияларида Ўзбекистонда адолат, демократия, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини қарор топтиришда кўмак бериш мурожаати билан чиқишган.
Бельгия пойтахти Брюссель ва Нью-Йоркдаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қароргоҳи ташқарисида ҳам норозилик амалиётлари бўлиб ўтганди. Нью-Йоркдаги амалиёт иштирокчилари бошқа талаблари билан бир қаторда, дунё ҳамжамиятидан Андижондаги зўравонликларни инсониятга қарши жиноят, деб тан олиш ва шундай бўлган тақдирда, бу ишнинг Хаага трибунали томонидан кўриб чиқилишини талаб этишган. Намойишчилар талаблари битилган мурожаатнома БМТ Бош котибиятига топширилган.
Ўзбекистонлик қатор инсон ҳуқуқлари фаолларининг ўтган йилги Андижон зўравонликлари юзасидан мустақил тергов ўтказилишини талаб қилиб, пойтахт Тошкентда уюштирган кичик миқёсдаги намойишлари тарқатиб юборилган.
Андижон хунрезлигидан сўнг ташкил этилган Ўзбекистон Миллий нажот қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистоннинг қатор шаҳарларидаги хонадонларда қурбонлар хотирланиб чироқлар ўн дақиқа ўчириб қўйилган.