17 Март, 2006 - Published 18:30 GMT
Хўш, аслида Ислом дунёсининг Оврўпо зулмат оғушида ётган пайтлардан бери дунё илмига қўшган ҳиссаси нечоғли? Би-би-си ушбу савол билан Ислом дунёси билан яқиндан таниш британиялик олим Поль Бернга мурожаат қилган.
Поль Берн: - Мусулмонлар қадимий юнон фалсафаси ва илм-фанини зулмат ичида қолган Ғарб тажовузидан кутқариб қолишган. Аббосийлар халифалиги даврида юнон олимларининг асарлари араб тилига таржима қилинган. Мусулмонларнинг бу амаллари бўлмаганида, дунё ҳозир анча маънавий қашшоқ бўлурди. Ислом олами алжабр, ҳандаса ва юлдузлар илмига оид фанларда ўзига хос катта ўринга эгадир. Масжидлар қурганда Қиблани тўғри топиш учун ҳам илм-фан зарур бўлган. Аммо юлдузларни ўрганиш соҳасида ҳам мусулмонлар катта ишлар қилишди. Масалан, Самарқандда Улуғбек қурдирган расадхонани олайлик... Бунинг ўзи ҳам Ислом дунёсининг юлдузлар илмида эришган буюк ютуғини кўрсатади. Улуғбекнинг юлдузларга оид жадвали ҳатто ХIХ асргача ҳам ўзгартирилмай ўрганиб келинган.
Би-би-си: - Аммо Оврўпо ривожланмаган ўрта асрларда шу қадар катта ютуқларга эришган Ислом олами нега бугун илм-фан ва технологиялар бобида ортда қолган? Бу ерда қандай сабаблар бор ёки нимада хато қилинган?
Аммо мусулмонларнинг ортда қолишларида Ислом дини сабабчи дейиш, жуда ҳам қийин хулоса. Негаки, ҳали ХХ асргача ҳам Туркиядаги Усмонийлар салтанати ўта қудратли эди. Бироқ жадидчилар бу ўринда Исломдаги баъзи жиҳатлар сабабчи, деб билганлар. Чунки Бухоро каби шаҳарлардаги уламо жуда ҳам мутаассиб бўлиб, бирон китоб ё кундалик нашр қилишни исташмаган. Ва ҳар қандай ислоҳотга, ҳатто жадид мактабларига ҳам қарши чиқишган.
Би-би-си: - Аммо мусулмон дунёси деб барча мамлакатларни бир қолипда ўлчаш тўғримикан? Яъни, Ислом дунёси жуда кўп миллатли ва ҳар бир мусулмон миллатининг тарихдаги ўзига хос ўрни ва маданияти бор...
Поль Берн:- Худди насроний дунёси каби мусулмон дунёсида ҳам турли-туман миллат ва маданиятлар мавжуд. Бутун дунё форслар юқори даражадаги тараққиётга эришганлар, деб тан олади. Хусусан, саводхонлик, бошқарув ва санъатда бу тараққиёт беқиёсдир. Кейин Туркийлар, Усмонийлар ва Шарқдаги бошқа турк-мўғул салтанатлари ҳам меъморчилик, саводхонлик ва санъатда буюк муваффақиятларга эришганлар. Бироқ улар ҳақида Ғарбда унчалик яхши билишмайди. Араб халифалигининг эса юнон илм-фанини асраб қолганини такрорлаш мумкин. Бу маданиятларнинг ҳаммасини умумий бир тарзда мусулмон дунёси деб тасвирлаш мумкин. Албатта, Ислом дунёсидаги ҳар миллат ўзига хос тараққиётга эришган, илм-фанга ўзига хос тарзда ҳисса қўшган. Лекин барибир, Ислом маданияти ибораси бутун мусулмон оламини бирлаштиради.