http://www.bbcuzbek.com

06 Март, 2006 - Published 19:22 GMT

Малколм Хазлет
Би-би-сининг Овроосиё бўйича таҳлилчиси

Ўзбекистон қаёққа қараб кетмоқда?

У ўзига нисбатан хавф ва ё-да ҳақорат сифатида кўрган нарсасига зудлик билан ҳиссиётлар асосида муносабат билдиради. Йиллар мобайнида у Россияни Ўзбекистоннинг собиқ мустамлакачиси сифатида кўриб ундан мамлакатни ҳимоялаши керакдек амал қилиб келди.

Ҳозир эса ўзбек матбуоти АҚШ кирдикорларини қораловчи мақолаларга тўла. Ўзбекистонда либерал сиёсий партиялар таъқиқланган бўлса ҳам яқин-яқингача фуқаролик жамияти қурилиши қўллаб-қувватланган ва хориждан молияланган ташкилотларга нисбатан тоқат қилиб келинганди. Ҳозирда эса эркин ахборот тўплаш имкони йўқолганидан сўнг "Озодлик" ва ё-да Би-би-си каби радиостанциялар ваколатхоналари ёпилган.

Андижонда тинч намойишчиларнинг ўққа тутилишини мамлакат ичидан туриб танқид қилган "Серқуёш Ўзбекистоним" коалициясининг икки раҳбари эса узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар. Ўтган ҳафта "Серқуёш Ўзбекистоним"нинг мувофиқлаштирувчиси Нодира Ҳидоятовага ўн йиллик қамоқ жазоси белгиланганди, бу ҳафта эса коалиция раҳбари Санжар Умаровга навбат келди. Ҳидоятова ва Умаров тарафдорларига кўра, иқтисодий жиноятлардан иборат айбловлар сохталаштирилгандир.

Андижондаги ҳодисалардан аввалроқ, жаноб Каримов сиёсий ва ижтимоий исканжани бўшатиши лозимлиги ҳақидаги овозлар янграмоқда эди. Ҳозирда киритилаётган чекловлар ва тазйиқлар Ўзбекистондаги баъзи аҳоли қатламларини ноумидликка тушириши мумкин. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистон ва ён атрофдаги давлатларнинг узоқ муддатли барқарорлиги нуқтаи назаридан ижобий ҳолат эмас.

Ғарб давлатлари Президент Каримов билан диалогни қайта тиклашга уриниб кўришди, аммо рад жавобини олдилар. Бу нарса иқтисоджий жазо чоралари имкониятини туғдиради ва баъзи давлатлар бу каби қадамларга боришга тайёрдирлар ҳам. Ҳозирги шароитда, Президент Каримовнинг аввалдан башорат қилиб бўлмайдиган хулқи назарда тутилса, умид қилинадиган ягона ижобий нарса унинг яна кутилмаганда Ғарб билан диалогга қайтишидир.