22 Ноябр, 2005 - Published 12:30 GMT
Шу йил июл ойида Вашингтоннинг Андижон воқеалари юзасидан мустақил халқаро тергов ўтказиш ҳақидаги чақириқларга қўшилиши ортидан Ўзбекистон ҳукумати АҚШ кучларига Хонобод қўналғасини бўшатиб қўйиш учун олти ой мухлат берган эди.
Хонободда ўтган махсус маросим чоғида АҚШ байроғи туширилган ва Америка мулозимлари ҳарбий базанинг калитини ўзбек томонига топширганлар.
Ўзбекистон 2001-йил октябрида АҚШнинг Афғонистондаги аксилтеррор амалиётларини қўллаб-қувватлаш учун ўз ҳарбий базасини очиб берган эди.
Пентагон воизи Қарши яқинидаги базанинг аксилтеррор амалиётларида "жуда ҳам фойдали" бўлганини айтган.
Ўтган ҳафта АҚШ мудофаа вазирлиги Конгресснинг қаршилигига қарамай, Ўзбекистонга ҳарбий базадан фойдаланганлик учун 23 миллион доллар миқдоридаги маблағни ўтказган эди.
Зиддиятли ҳамкорлик
Кузатувчилар Вашингтон ва Тошкентнинг ҳарбий ва стратегик ҳамкорлигини аввал бошдан "зиддиятли" деб баҳолашган.
Президент Бушнинг танқидчилари уни Ироқда бир диктаторни қулатиб, Ўзбекистонда бошқасини қўллаб-қувватлаётганликда ҳам айблашган.
Аммо Вашингтон Каримов тузуми билан халқаро терроризмга қарши курашда ҳамкорлик қилиш билан бирга, уни инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва демократик ислохотларга ундашини ҳам айтиб келган.
Ўзбекистон билан стратегик ҳамкорликка қарамай, АҚШ Давлат Департаменти ўтган тўрт йил мобайнида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг аҳволини "аянчли" деб таърифлаб келган.
Шу йил майида Андижонда ҳукумат кучларининг тинч намойишчиларни ўқаа тутиши АҚШнинг Ўзбекистон борасидаги сиёсатида бурилиш нуқтаси бўлгани қайд этилади.
13-май куни "томонларни зўравонликлардан тийилишга чақирувчи" юмшоқроқ оҳангдаги баёнот билан чекланган Оқ Уй кейинроқ Андижон воқеалари юзасидан халқаро тергов ўтказиш ҳақидаги чақириқларга қўшилди.
Ўтган ой охирида АҚШ Давлат Котиби ёрдамчиси Даниел Фрид Вашингтон Ўзбекистонга нисбатан жазо чораларини кўриб чиқиши мумкинлигига ишора қилган.
Ҳарбий базанинг келажаги
АҚШ Марказий Қўмондонлиги воизи Қўшма Штатлар ҳарбийлари Хонободдаги базадан хали ҳам баъзи кичик амалиётларни амалга ошираётганликларини айтган.
Охирги Америка аскарининг Хонободни қачон тарк этиши номаълум.
АҚШ кучларининг Ўзбекистондан чиқиб кетиши Москва ҳамда Тошкент ўртасида ҳарбий алоқаларнинг кучайиши манзарасида юз бермоқда.
Ўтган ҳафта Москвага ташриф буюрган Президент Каримов Президент Путин билан иттифоқчилик алоқаларига доир битимни имзолаган.
Ушбу битимнинг моҳияти борасида жуда кўп саволлар очиқ қолаётган бўлса-да, ҳужжат, умумият-ла, Ўзбекистонга тажовуз бўлгани тақдирда Россиянинг мудохаласини назарда тутади.
Битим Америка кучларидан бўшаётган Хонобод ҳарбий базасини Россия кучлари эгаллаши ҳақидаги тахмиларга сабаб бўлган.
Аммо на Москва ва на Тошкент ҳозирга қадар бу тахминларни тасдиқлашмаган, аммо инкор ҳам қилмаганлар.
Кузатувчилар АҚШ ва Оврўпо томонидан яккалаб қўйилаётган Президент Каримовнинг Россия тимсолида, биринчи навбатда, ўз ҳокимияти хавфсизлигини кафолатлашга уринаётганлигини айтишади.
Москва Андижон воқеалари борасида Ўзбекистон ҳукуматининг мавқеъини тўла қўллаб-қувватлаган.
Ўзбекистон ҳукумати Андижонда "аксарияти террористлардан иборат" 187 кишининг ҳалок бўлганини айтиб келади.
Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари эса, Андижонда тинч аҳолига қарши "қирғин" амалга оширилганини иддао қиладилар.
Уларга кўра, 13-май куни ҳукумат кучларининг тинч намойишчиларни ўққа тутиши натижасида 500 ёки ундан ҳам кўпроқ одам ҳалок бўлган.