Янгиликлар: Хитой Кобулга элчи юборди, Толибон хурсанд, мусулмон давлатлари ҳали жим Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, TALIBAN MEDIA OFFICE
Хитой Афғонистон бошқарувини Толибон ўз қўлига олган 2021 йилдан кейин Афғонистонга расман элчи тайинлаган илк мамлакат бўлди.
Толибонга кўра, Чжао Синнинг Хитойнинг Афғонистондаги элчиси этиб тайинланиши бундан кейин бошқа мамлакатлар ҳам шу йўсинда иш тутишлари белгисидир.
Қатор мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистон ҳам Толибон ҳукумати билан яхши муносабатлар ўрнатганларига қарамасдан, шу вақтгача ҳали дунёнинг бирор мамлакати Толибонни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати деб расман тан олгани йўқ.
Алоқадор мавзулар:
Хитой Толибон билан ҳали улар Президент Ашраф Ғани ҳукуматига қарши қуролли қаршилик кўрсатиб юрган вақтлари мулоқот бошлаган, 2021 йил августида бутун Афғонистон бўйича ҳокимиятни қўлга киритганидан кейин ҳам ҳамкорлик қилиб келаётган мамлакатдир.
Элчи тайинланиши муносабати билан тарқатган баёнотида Хитой Ташқи ишлар вазирлиги "Афғонистон билан илгарилаётган мулоқот ва ҳамкорликни давом эттириш"ларини айтди.
Шу вақтгача ҳам Хитой элчиси Кобулда ишлаб келаётган, янги элчи тайинлаш жарёни худди тўлақонли тан олинган мамлакатга қилинадигандек бажарилди.
Хитой янги элчиси Чжао Синга Кобулдаги президент саройида дабдабали қабул ташкил қилинди.
Элчини олқишлаганлар орасида Толибон Бош вазири Муҳаммад Ҳасанд Охунд ва Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий бўлдилар.
Элчи шарафига фахрий қоровул ҳам саф тортган.

Сурат манбаси, TALIBAN MEDIA OFFICE
Таҳлилчиларга кўра, янги элчи тайинлаш билан Хитой ўзининг минтақага таъсирини янада кучайтиришни истайди.
Инглиз тилида "One Belt, One Road", рус тилида "Один пояс, один путь", ўзбек тилига эса "Бир қутб, бир йўл", "Бир белбоғ, бир йўл" ёки "Бир макон, бир йўл" деб таржима қилинаётган Хитойнинг инфраструктура ташаббусида қўшниларига алоҳида эътибор қаратилган, шунинг учун ҳам Пекин Афғонистонда муҳим манфаатларини кўзлаган.
Пекин Афғонистон табиий бойликларига 1 триллион АҚШ доллари атрофида сармоя ётқизиш истагида эканини эълон қилган.
Хитой Афғонистонда мис, литий ва олтин қазиб олишга кўз тиккан.
"Толибон қудратни қўлга киритганидан кейин биринчи элчи тайинлаган мамлакат бўлиш билан Хитой ўзини минтақадаги таъсирли ўйинчи қилиб кўрсатишни мақсад қилган. Балки бу Ғарб мамлакатлари Толибон билан мулоқотга иккиланиб турган вақтда дипломатик мушакларни кўрсатиб қўйишдир", дейди Asia Society Policy Institute дан Фарва Амир.
Толибон билан дипломатик алоқаларини ушлаб туриш Хитойга ўз хавфсизлик муаммоларини назоратда ушлаб туришга ҳам имкон беради, деди Амир хоним.

Сурат манбаси, .
Хитой Уйғур исломий жангариларини таҳдид деб кўради, Шинжон Афғонистонга қўшни ҳудуд.
Афғонистонда яширинган Уйғур жиҳодчилари бундан олдин Хитой лойиҳаларига қуролли ҳужумлар уюштирганлар.
Шу йил январида Толибон Хитойнинг Xinjiang Central Asia Petroleum and Gas Company (CAPEIC) ширкатига Амударё бўйида нефть қазиб олиш рухсатини берган, бу Афғонистонда шу вақтгача хорижий компания билан имзоланган энг йирик энергия битими бўлган.
Шунингдек, яқинда Хитой, Покистон ва Афғонистон раҳбарлари Хитой бошлаган Хитой-Покистон Иқтисодий йўлагини Афғонистонга ҳам кенгайтиришга келишдилар.
Октябрь ойида "Бир белбоғ, бир йўл" ташаббуси доирасида янги анжуман режалаштирилган, унда янги лойиҳалар эълон қилиниши кутилаяпти.
Хабарларга кўра, Хитой бу лойиҳаларида Афғонистонга муҳим эътибор қаратган.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
































