Махфий ҳаёт: Толибондан қўрқмаётган афғон қизлари - улар ким? Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Library: Getty Images / Sandra Calligaro
- Author, Сано Сафий
- Role, Би-би-си Афғон хизмати
- Published
Афғон аёллари ва қизлари таълимни яширин давом эттириб, Толибон ҳукуматига қаршилик кўрсатмоқда. Асосан аёллардан иборат бўлган махфий мактаблар пайдо бўла бошлади. Улар таълим олиш учун етарлича қўрқмас бўлганларга онлайн ва оффлайн дарсларни таклиф қилмоқда. Би-би-си Афғон хизматидан Сано Сафий бир қанча махфий мактабларда хавф-хатарларга қарамай, таълим олишга жазм қилганлар билан танишди. "Мен ўзимни таълимни ўғирлаётгандек ҳис қиляпман. Мен ҳаётни ўғирлаяпман."
Алоқадор мавзулар:
Лондондаги квартирамда ноутбуким қаршисида ўтириб, Афғонистондаги махфийлик пардаси ортидаги дунё билан боғланар эканман, афғон ўсмирининг ҳаяжонли сўзлари ҳавода акс садо беради.
"Бутун синфни кўрсата оласизми?" Мен билан гаплашаётган қиздан ноутбук камераси орқали ўқувчиларни кўрсатишни сўрайман.
Камида 30 нафар қиз ўтирган синфхонани кўрдим. Улар қатор бўлиб ўтиришар, оқ ёки нақшли рўмолларидан ташқари ҳаммаси қора либосда. Уларнинг ўқитувчиси ҳам бутунлай қора кийинган, доска олдида турибди. У чизган диаграммаларга қараб, бу биология дарси деб ўйлайман.
Синфдаги суҳбатнинг майин шовқини виртуал майдонни тўлдиради, кўзларим қаршисида яширин ҳақиқат очилади. Афғонистоннинг номаълум жойидаги бу махфий дарсга мен ҳам қўшиламан. Сўнгги бир ярим йил давомида аёллар ва қизларнинг ўрта ва олий таълим олишларини ман қилган Толибонга қаршилик ҳаракатига гувоҳ бўлмоқдаман.
Юракни эзувчи лабиринт
Афғонистондаги яширин мактаблар оламига қилган саёҳатим юракни эзувчи лабиринтдан бошқа нарса эмас эди. Ушбу ўқитувчилар ва ўқувчилар ҳаётига интернет орқали боғланиб, мен мамлакат жанубидаги - Қандаҳордаги ўтмишимни эсладим.

Сурат манбаси, Getty Images/Sandra Calligaro
Афғонистонда туғилганим учун мен ҳам болалигимда махфий мактабга боришга мажбур бўлганман.
Ўқитувчи билан суҳбат чоғида мени қоронғи ва оғир хотиралар қисқа вақт бўлса ҳам енгди. Ниҳоят, мен ундан мактабда қачондан буён дарс беришини сўрайман?
"Бу ерда олти ойдан бери дарс бераман", дейди у.
Лекин қўрқув билан.
"Акам "мактабдан кет" деб кўп айтади. Бу ҳақда ҳозир ҳеч ким билмайди, лекин бир кун Толибон хабар топишидан хавотирда. Аммо ота-онам мени қолишга ва қизларга дарс беришга кўндирди. Чунки уларнинг дардига шерикман. Менинг университетим ҳам ёпилди. Шунинг учун мен бу ердаги қизларга ўқишига ёрдам бермоқчиман".
Анъанавий ёғоч дераза ромлари бўлган синфхона деворлари расмлари билан безатилган, ҳаётга тўладек кўринади. 1990-йиллар ўрталаридаги хотираларимдан кескин фарқ қилади бу манзара.
Ўшанда шафқатсиз фуқаролар уруши қирғинида ғолиб чиққан Толибон ҳокимият тепасига келганида, бир кечада барча хотин-қизлар таълимдан маҳрум бўлганди.
Мактабга қайтиш
Тирик эканман, Толибон ҳукмронлиги остида яшаб мактабга боришга уринган биринчи кунимни ҳеч қачон унутмайман.
Етти ёшга тўлганимда, мени дарвоза олдида бир аёл кутиб олиб, қизлар ва аёлларнинг мактабга кириши тақиқланганлигини айтган эди.
Онам тиккан сариқ кашта камарли қора формада эдим - бунга ҳам рухсат берилмаган эди. Бу аёл менга рухсат берилмаслигини айтганида жуда хафа бўлганимни эслайман.
Аммо ота-онам қўрқмай, яширин мактаб излай бошлади.
Улар уйларини бир нечта синфхонага айлантирган эр-хотинни топдилар.
Ҳар куни эрталаб онам мени сабзавот бозорига олиб борарди, ўша ерда секингина бир ҳовлига кириб кетардим - лойдан қурилган яширин мактаб.
Биз ўқиш ва ёзишни улардаги китоблардан ўргандик. Аммо бу эр-хотин муаллимларнинг уриниши, афсуски, қисқа умр кўрди.
Толибон бундан хабар топиши билан мактабимизга бостириб кириб, ўқитувчиларимни 15 кунга қамаб қўйди. Озодликка чиққач, эр-хотин Афғонистондан чиқиб кетишди.
Беш йил ўтиб, 11 сентябрь ҳужумларидан сўнг, АҚШ ва унинг иттифоқчилари Толибонни ағдарганида, мен таълим олиш ҳуқуқи тикланган миллионлаб ўсмирлар қаторида эдим.
Аммо 2021 йил августида Толибон ҳокимиятга қайтгач, аёллар ва қизларнинг таълим олиш имконияти яна чекланди.
Бу сафар қизларга бошланғич мактабларга боришга рухсат берилди. Бироқ, ўрта таълим, коллеж ва университетлар тақиқланди.
Тақдирнинг шафқатсиз бурилишлари бу қизларнинг орзулари ва имкониятларини бўғиб қўйди.

Сурат манбаси, Getty Images / Sandra Calligaro
Афғонистондаги яширин мактаб тармоқлари марказида сояда ишлашга мажбур бўлган жасоратли ўқитувчилар турибди.
Паштана Дуррани сўнгги тақиқ кучга кирганидан бери мамлакатда кўплаб янги махфий мактаблар ташкил этилишига бошчилик қилган фаол.
Унинг ташкилоти "Ўрган, Афғонистон" ҳозирда 12 ёшдан ошган 230 нафар ўқувчига таълим бермоқда.
"Тақдирим устидаги куч"
Унинг айтишича, барча иштирокчиларга хавф катта. Аммо ҳеч нарса қилмай ўтириш ҳам йўл эмас, дейди у.
"Агар маълумотим бўлмаганида, турмушга чиққан бўлардим. Синглим турмушга чиққан бўларди. Укам қаердадир ишлаб юрарди. Таълим туфайли мен ўз тақдиримни ўзим белгиладим."
Ноутбук экрани орқали Паштананинг саъй-ҳаракатларини кўраман, унинг шогирдлари мен билан инглиз тилида равон гаплашади. Улар менга биологиядан кимёгача, физикадан фалсафагача ва график дизайн каби амалий фанларни ўрганишларини айтишди.
Бир нечта қизлар дипломат, шифокор ва муҳандис бўлишни орзу қилиши ҳақида гапиради.
Уларни тинглар эканман, бу ташаббуснинг қанчалар қийин эканини тасаввур қиламан. Очилиш қўрқуви ва мактаблар ёпилади. Аммо бу ёшларнинг ўрганиш ва ўсишга бўлган қатъияти ҳам шундай.
Толибоннинг янги таълим тақиқига нисбатан расмий позицияси барқарор эмас. Улар "хавфсиз муҳит" яратиш устида иш олиб бораётганини ва "ўқув дастурига керакли ўзгартиришлар киритаётганини" айтишмоқда. Аммо бу нимани англатиши ва тақиқ қачон олиб ташланиши мумкинлиги аниқ эмас.
Улар билан гаплашиш давомида менда умид, умидсизлик, ҳайрат ва қайғу аралаш ҳиссиётлар қолди.
Афғонистонда қизларга таълим бериш учун кураш ҳали тугамаган, аммо бу одамларнинг қатъияти белгисидир.
Бир талаба менга айтганидек, "Биз қаршилик кўрсатишда давом этамиз. Балки бир кун туннель охирида ёруғлик пайдо бўлар".
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002


































