Афғонистон: Тинч водийда Толибонга қаршилик - Видео Afg'oniston Tolibon Dunyo yangiliklar

Толибон жангчиси

Сурат манбаси, AFP

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Толибон Афғонистонда қудратни эгаллаб олганига деярли бир йил бўлди.

Агар бир йил олдинги вазиятга солиштирганда мамлакатнинг аксар ҳудудида тинчлик ўрнатилган.

Лекин Афғонистон шимоли-шарқидаги тоғли Андароб водийси ва қўшни Панжшир вилоятида собиқ Афғон ҳукуматига содиқ қуролли кучларнинг кичик гуруҳи Толибонга ҳамон қуролли қаршилик кўрсатиб келадилар.

Чиройли табиати билан ўзига мафтун этадиган Андароб водийси Афғонистон шимоли-шарқида, Бағлон вилоятида жойлашган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

У ерга журналистлар кам борганлар, яқинда Толибон Би-би-си мухбири Секундер Керманийга Андаробга боришига изн берди.

Хавфсизликни таъминлаш мақсадида Толибон жангчилари мухбиримизга ҳамроҳлик қилдилар, Толибон патрулини кузатар экан, мухбиримиз бугун Афғонистонни назорат қилаётган Толибларнинг қудратлироқ, олдинги Афғон ҳукумати қўшинларидан ҳам кучлироқ экани сезилишини айтади.

Водий бўйлаб борар экансиз, заминнинг ҳосилдор, далаларнинг яшилга бурканганини кўриш мумкин.

Ҳудуднинг тоғли экани собиқ Афғон ҳукумати аскарларига у ерда жойлашиш ва Толибонга ҳужумлар уюштириши учун қулайлик барпо этган.

Май ойида қаршилик ҳаракати Толибон кучларига пистирма уюштирган, аммо бу Толибон бу ҳодисани рад этади, қанча талофат берилгани очиқланмаган.

Андароб водийси

Бироқ маҳаллий манбалар Би-би-сига Толибон ҳудудга катта сондаги қуролли кучларини юборгани, қишлоқлар қаршилик ҳаракати аъзоларини қўлга тушириш мақсадида тинтув қилинганини айтадилар.

Кўплаб сондаги маҳаллий аҳоли тоғларга қочишга мажбур бўлганлари, Толибон ушбу пистирмага алоқадор деб кўриб қуролсиз одамларни ўлдиргани аниқланди.

Бир шифокор ва унинг оиласининг беш аъзосини Толибон отиб ўлдирган, шифокорни қаршилик жангчиларига тиббий ёрдам бергани учун нишонга олганларини айтишди қариндошлари.

Толибон бу ҳудудда қуролли қаршилик мавжудлигини рад этади.

"Ўзингиз кўриб турибсиз, бу ерда ҳарбий ҳозирлигимиз кам, бу ерда муаммо йўқ", дейди Толибоннинг Деҳ Салоҳ туманидаги қўмондони Қори Жумадин Бадрий.

- Менга шу водийда камида бир Толибон машинасига пистирма бўлгани ҳақида айтишди, - дейди мухбиримиз.

- Бу анча олдин бўлган эди. Биз тоғда ҳарбий амалиёт ўтказганимиздан кейин ҳеч қандай муаммо қолмади", дейди қўмондон.

Вилоятнинг бир жойида қаршилик жангчилари Толибон ҳарбий постини қўлга киритганлар, Толибон байроғини туширганлар.

Шунингдек, тоғли ҳудудда Толибоннинг бир вертолётини уриб туширгани видеосини ҳам тарқатдилар.

Толибоннинг Бағлон вилояти бўйича ахборотга масъули Асадуллоҳ Ҳошимий, шифокор ўлими шахсий адоват оқибати бўлган, деб айтди.

Андароблик деҳқон даласида қўш ҳайдамоқда

"Бир шифокор уйида ўлдирилгани рост, бу шахсий адоват туфайли бўлган. Одамлар уйидан олиб чиқилгани, қўлга олингани, куйдирилгани ва кейин ўлдирилганини биз буткул рад этамиз. Тўғри, ҳозир ҳудудда тозалаш амалиёти кетаяпти. Ва кимдир ҳукумат кучларига зўравон қаршилик кўрсатса, ўлдирилади ёки ҳибс қилинади. Бу нарса бутун дунёда юз беради", деди Асадуллоҳ Ҳошимий

Доим Толибон жангчилари ёнимизда бўлгани боис, маҳаллий одамлар фикрини билиш имконсиз бўлди.

"Мен сизга ҳақиқатни айтолмайман, айтсам мени ўлдирадилар", деди маҳаллий яшовчилардан бири секингина.

Биз яширинча гаплашган кўпчилик Толибонга кескин қарши, лекин айримлар қаршилик кучларини ҳам танқид қилишади.

Биз бир қаршилик қўмондони билан гаплашдик.

Биз унга "Сиз Толибонни мағлуб этолмаслигингиз аниқ. Шундай экан, зўравонликни давом эттиришдан маъни борми?", деб савол бердик.

"Бизнинг курашимиз адолат учун, биродарлик, тенглик ва асл Ислом учун. Минтақани шарманда қилаётган Толибон Исломи учун эмас. Бизнинг курашимиз опа-сингилларимиз ҳуқуқлари учун. Пайғамбаримиз Муҳаммад Саллоллоҳу Алайҳи Васаллам, таълим - ҳам эркак ва ҳам аёлга мажбурий, деганлар", деди қаршилик ҳаракати қўмондони Шужа.

Халқаро кучлар ва Афғон армиясининг тинч аҳолини ўлдирган тажовузкор рейдлари Толибоннинг охирги 20 йиллик исёни оловига ёғ қуйиб келди.

Андароб ва атрофида маҳаллий одамлар ёлланаётган бўлса ҳам кўпчилик Толибонни четдан келганлар, деб кўради.

Ва Толибон эски мухолифларининг хатоларини такрорлашлари мумкин, дейди Би-би-си мухбири.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek