Дайжест. Россия: Цзинпин ва Путиннинг хатоси нимада? Москва авиарейсларни нега ўзгартирди? Ўзбекистонлик юристга полиция қандай босим қилмоқда? Rossiya O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
- Жо Байден икки президентни нимада айблади?
- 150 дан ортиқ самолётлар Москвага қўна олмади;
- Ўзбекистонлик юристнинг уйини полиция босди;
- Ўлимлар сони бўйича яна антирекорд.
Президент Байденнинг Россия ва Хитой раҳбарларига танқиди
АҚШ Президенти Жо Байден Россия ва Хитой раҳбарларини Глазгодаги халқаро экологик саммитда қатнашмаганлари учун танқид қилди.
Хитой ва Россия конференцияга ўз делегацияларини жўнатган, аммо Си Цзинпин ҳам, Владимир Путин ҳам шахсан келмади. Ваҳоланки, Хитой ҳавони карбонат ангидрид билан ифлослантирувчи дунёда биринчи ўринда туради, Россия эса Хитой, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Ҳиндистондан кейин бешинчи ўринда туради.
Байденнинг сўзларига кўра, Хитой жаҳон етакчисининг ролини ўйнашга уринаётган мамлакат раҳбарининг бундай муҳим саммитда қатнашмаслиги билан мос келмайди. Америка президенти айтишича, бу Си Цзинпиннинг катта хатоси.
"Бу шунчаки улкан муаммо ва улар чекинди. Қандай қилиб бундай қилиш ва шундан кейин ҳам етакчиликка даъво қилиш мумкин?" - деди Байден ва бу гаплар Владимир Путинга ҳам тегишли эканлигини қўшимча қилди.
"Биласизми, унинг тундраси ёнмоқда, том маънода тундра ёнмоқда. Унинг жиддий, жуда жиддий иқлим муаммолари бор ва у нималарга тайёрлиги ҳақида сукут сақламоқда", дея қўшимча қилди Президент Жо Байден.
- Ўзбекистон: Бизни Россияга юборишни осонлаштиринг!
- Дайжест. Қиш яқин: газ можароси бошланаяптими? Россия ва Молдова мунозараси, Ўзбекистон ва НАТО музокараси, коронавирус антирекорди ва талаба қиз муҳокамаси
- Россия Толибонни террорчилар рўйхатидан чиқариш арафасида. Ўзбекистон сайловчиларга нимани тақиқлади? Дайжест
Авиақатновларни ўзгартирган туман

Сурат манбаси, Reuters
Россия пойтахтига тушган қуюқ туман туфайли Москвага йўл олган ўнлаб самолётлар бошқа шаҳарларга йўналтирилди. Парвозларнинг аксарияти Нижний Новгород аэропорти томонидан амалга оширилган, у ерда эса самолётлардан тирбандлик юзага келган.
Маълумотларга кўра, сешанба куни кечқурун Москванинг Внуково, Домодедово ва Шереметево аэропортларида туман фонида 150 дан ортиқ рейс кечиктирилган ёки бекор қилинган.
Чоршанба куни эрталаб ҳаво транспорти федерал агентлигининг хабар беришича, тунда Москвага учаётган 30 дан ортиқ рейслар муқобил аэродромларга йўналтирилган.
Москвадаги қуюқ туман чоршанба куни эрталабгача тарқалмади, аммо аэропортларда кечикишлар камайди.
"Москва ҳаво ҳудудидаги аэропортлар эрталабгача туманга қарамай, амалда ўз жадвалига қайтди. Аксарият парвозлар яна ўз вақтида амалга оширилмоқда", — деб хабар берди ҳаво ҳаракатини бошқариш хизматлари.
Юрист ўз онаси ҳаётидан ташвишда

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Россиядан депортация қилинган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик 2 ноябр куни тунда Москва полицияси унинг 84 ёшли онаси вақтинча яшаб турган уйига текширув ўткиш учун келганини маълум қилди.
"Ижара уйда ногирон онам ва унга қаровчи энага, ҳамкасбим Александр Ким бўлишган. Ўзини Подолск шаҳридаги бўлим нозири деб таништирган шахс онамнинг миграция қонунларини бузганлиги ва уни суд мажлисида қатнашишга чақиришини айтган" - дейди Валентина Чупик.
Айни пайтда Арманистондан туриб Россиядаги мигрантларга ҳуқуқий кўмак бераётган юрист Россия полицияси унга онаси орқали босим ўтказишга уринишмоқда, деган фикрда.
"Полициянинг ҳаракатлари ҳам процессуал, ҳам моҳиятан ноқонуний. Буни тўла қонуний жиҳатдан исботлаб бера оламан. 1-гуруҳ ногирони бўлган онамни депортация қамоқхонаси орқали Ўзбекистонга жўнатишмоқчи. У 85 ёшда, оғир остеопорозлигидан ташқари юраги ва буйраклари касал, бу синовларга дош беролмайди" - дейди ҳуқуқбон ташвишланиб.
Айни пайтда, юрист онасини Арманистонга олиб кетиш учун хужжатлар масаласи билан шуғулланмоқда.
"Уйимга ноқонуний бостириб кириш ва кекса ногирон онамни ноқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортишдан мақсад - Россиядаги муҳожирлар фойдасига инсон ҳуқуқлари бўйича фаолиятимни тўхтатишим учун босим ўтказиш, деб ҳисоблайман. Мен Россиядан қувилганимга қарамай, ишимни фаол равишда давом эттираман. Ўйлайманки, босимнинг кейинги босқичи менинг ҳаётим учун бевосита таҳдид бўлиши мумкин, чунки муҳожирларга ёрдам беришдан бош тортиш учун мени қўрқитиш мумкин эмас" - дейди Валентина Чупик.
Россия: Коронавирус ўлимлари бўйича антирекорд

Сурат манбаси, Москва шаҳар ҳокимлиги расмий веб саҳифаси
3 ноябрь куни Оператив штаб сўнгги 24 соат ичида Россиянинг 85 та ҳудудда 40443 та янги коронавирус инфекцияси ҳолати тасдиқлангани ҳақида хабар берди.
Сўнгги 7 кун давомида касаллик юқтирилиши ҳоллари кўрсатгичи 40 мингдан тушгани йўқ.
Шунингдек, ўтган кун давомида 1189 кишининг ўлими тасдиқланди. Бу пандемия бошланганидан бери энг юқори кўрсаткичдир.
Ўтган кеча кундузда Москвада яна 6827 киши, Санкт-Петербургда - 3269, Москва вилоятида - 2744 киши коронавирус ташхиси қайд этилган.
Ҳозиргача Россияда жами 8 633 643 та коронавирус ҳолати аниқланган. Бутун давр мобайнида 242 060 киши ушбу ташхис билан вафот этган.
Россия коронавирус билан касалланганлар сони бўйича дунё миқёсида бешинчи ўринга чиққан.
Бу мамлакатда расмий рақамларга кўра, 1,5 млнга яқин ўзбекистонликлар яшаб ишламоқда.
Коронавирус қайд этилганларнинг орасида чет эл фуқаролари ҳисобини ҳозирча очиқ манбалардан топиш имконсиз қолмоқда.
- Автоблогер Бобур Ғаниев аппеляцияси қаноатлантирилмади ва ўзбекистонликлар осмонда кўрган учар жисм нима эди?
- Ўзбекистон: Икки қишлоқ аҳли олтин кони талашиб уришди ва 8 ой ичида четдан қанча доллар келди?
- Ўзбекистон: Қўлда терилган пахта учун ҳақ белгиланди ва навбатдаги муфтий қандай сайланади?
- Ўзбекистон: 'Одамлар берилган эркинликдан эркалаб кетди' ёки 'минг марта раҳмат' - Мустақиллик сизга нима берди?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek






























