Қурбон Ҳайити намози жамоат бўлиб ўқилди, қурбонлик қилган ҳам оз бўлмади - video O‘zbekiston Qirg‘iziston musulmonlar yangiliklar

Пойтахт Бишкекдаги марказий масжид

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Қирғизистонда бу йилги Қурбон Ҳайити намози жамоат бўлиб ўқилди. Қирғизистон бу каби қарорга келган Марказий Осиёнинг ковид кириб борган ягона давлати бўлди. Минтақада коронавирус Қозоғистондан кейин айнан Қирғизистонда энг кўп тарқалган. Масъулларнинг бу қарори четда бир хилда қарши олинмади.

Бугун, 20 июль куни тонг саҳарлаб пойтахт Бишкек кўчаларида масжид томон кетаётган одамлар оқимини кўриш мумкин эди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Улар мусулмонларнинг икки муқаддас байрамларидан бири, Қурбон Ҳайити намозини ўқишга шошаётган, ошиқишаётган эди.

Марказий масжид дарвозаси олдида турган хавфсизлик ходимлари эса, намозхонларни аввал обдон текшириб, кейин ичкарига киритишарди.

Бишкекдаги марказий масжид

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Бу, четдан қараганда, кишида коноравирус хавфи туфайли карантин қоидаларига риоя қилиниб, намозхонларнинг тана ҳарорати текширилаётгандек тасаввурни пайдо қиларди.

Бироқ тез орада аслида манзара ундай эмаслиги аён бўлди.

Маълум бўлишича, назорат марказий масжидга Ҳайит намозини адо этиш учун келган расмийлардан бирининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадидагина кучайтирилган экан.

Расмий ўтирган масжид хонасига ҳам фақат маълум сондаги намозхонлар киритилди, холос.

Минглаб мусулмонлар эса, қўлларида жойнамоз, юзларида ниқоблар билан Ҳайит намозини масжид ҳовлисида, ўзаро масофани сақлаган ҳолда ўқишди.

Бишкекдаги марказий масжид

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Аммо аввалига имомнинг маърузаси ва расмийларнинг қутлови тингланди.

Яқинда ишга туширилган ва Марказий Осиёдаги энг йириги экани айтилган бу масжид жами 20 мингга яқин намозхонга мўлжалланган.

Бир неча йилдан бери Бишкекда яхна ичимликлар тайёрлаб, сотиш билан шуғулланадиган ўшлик Ҳикматилло ака ҳам бугунги Ҳайит намозига яқинлари билан келиб, уни биргаликда адо этган.

"Ҳозир Қурбон Ҳайити намозини ўқиб чиқдик. Ҳаммага байрам муборак бўлсин. Бошлиқларимиз ва муфтийларимиздан бугунги ибодатни адо этишимизга имконият яратиб бергани учун миннатдормиз. Аллоҳ биз мусулмонларнинг аҳиллигимизни доим бардавом қилсин ва барчамизни кейинги йил Қурбон Ҳайитига соғ-саломат етиб боришимизни насиб қилсин", дейди суҳбатдошим.

Бишкекдаги марказий масжид

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Бишкекдаги марказий масжид

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Бишкекдаги марказий масжид

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Бишкекдаги марказий масжид

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Қирғизистон Марказий Осиёда коронавирус пандемияси авж олаётган бир пайтда Ҳайит намозини ўқишга рухсат берган ягона давлат бўлди.

Аммо, шунда ҳам, ҳар йили пойтахт Бишкек ва Ўш шаҳрининг марказий майдонида ўқилувчи Ҳайит намозлари бу йил фақат масжидларда адо этилди.

Республиканинг қолган ҳудудларида ҳам Қурбон Ҳайити намозининг карантин қоидаларига амал қилган ҳолда масжидлардагина адо этилишига рухсат берилди.

Қўшни Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда эса, Қурбон Ҳайити намозини масжид ва жамоат жойларида ўқиш тақиқланди.

Бунинг сабаби расман коронавирус ва пневмония билан боғлиқ қайта ёмонлашиб бораётган вазият билан изоҳланди.

Ўзининг коронавирусдан холи эканини расман таъкидлаб келаётган Туркманистондан эса, бу йилги Қурбон Ҳайити намозига оид янгиликлар ҳалича бўй кўрсатмаган.

Қурбонлик қилаётганлар ҳам кам бўлмади

Кўтарилиб бораётган нарх-наволар, кучайиб бораётган ишсизлик ва пандемия ҳам бу йилги қурбонлик кайфиятига у қадар таъсир қилмагандек.

Ўшлик тадбиркор Маҳаммаддамин Исмоилов қурбонлик қилиш истагидагиларнинг бу йил ҳатто аввалгиларига қараганда кўп бўлганини айтади.

"Мен бу йилги Қурбон Ҳайитида сўйишга оладиганлар учун деб 15-20та қўй боққан эдим. Одамлар пул қочгани сабаб, ёшроқ, кичикроқ қўзи бўлса ҳам олиб, қурбонлик қилишга ҳаракат қилишди. Ёшларимиз ҳам худди шундай. Қўйлар ҳам сероб бўлди. Қурбонликка 15-20 минг сўм атрофидаги қўйлар чаққон кетди. Аммо 30-40 минг сўмлик қўйларни олганлар ҳам бўлди.

Худога шукр, ҳозир халқимиз қурбонлик нималигини тушуниб қолган давр. Шунинг учун одамлар қийинчиликка қарамасдан, яхши қурбонлик қилаяпти. Қўлида бор инсонлар ҳам кўп экан", дейди суҳбатдошим.

Ҳайдовчи Ҳикматилло ҳам бугун икки дўсти қурбонлик қилаётганини айтади.

"Ҳозир қўйлар бозор нархидан 2000 сўм атрофида қиммат сотилаяпти. Одамлар шунақа кунларда фойдаланиб қолади, шекили. Мен ўзим ҳам қариндошимдан 20 минг сўмга қўй олдим. Одатда шундай бўлади, яхши кунларга деганлар қимматроқ олишади", дейди суҳбатдошим Рустам.

Пойтахт Бишкекда жамоат ташкилотлари ва фаолларнинг қўшилишиб, биргаликда қурбонлик қилаётганини ҳам кузатиш мумкин.

Хайрия ташкилотлари эса, қурбонлик гўштларини кам таъминланган оилаларга етказиб берадилар.

Сўнгги ойларда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Қирғизистонда ҳам нарх-наволар кескин кўтарилиб кетган.

Қирғизистонда ҳам юз минглаб одамнинг тирикчилиги четдаги меҳнат муҳожирлигида банд яқинлари ортга юбориб келаётган маблағлар ортидан ўтади.

Ишсизлик ва коррупция чуқур илдиз отган Қирғизистон Тожикистон билан бирга минтақанинг нисбатан ночор икки давлатидан бири бўлади.

Бу йилги Рамазон Ҳайити намози эса, орада пандемия боис ёпилган масжидларини бир неча ойлик танаффусдан сўнг қайта очган аксарият Марказий Осиё давлатларида бирдек жамоат бўлиб ўқилганди.

Минтақада ҳозирга келиб жами коронавирус ҳолларининг ярим миллиондан ошгани кўрилади.

Қирғизистонда эса, кеча, 20 июль куни кундалик кўрсаткичлар 1300 тага яқинни ташкил этган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek