Россия, иқтисод: Дўконлардан энг кўп нимани ўғирлашади? Бу ароқ эмас…

Сурат манбаси, Anton Novoderezhkin/TASS
Россиядаги дўкон ўғрилари ўртасидаги энг машҳур товарлар, BIT компанияси ҳисоботига кўра, пишлоқ, колбаса ва қаҳвадир.
Шунингдек, ҳисоботда озиқ-овқат дўконларида ўғриларни ўзига энг кўп жалб этувчи маҳсулотлар бешлигига конфет ва қандолат маҳсулотлари, пиво ва бошқа спиртли ичимликлар ҳамда денгиз маҳсулотлари кириши айтилади.
Косметика маҳсулотлари сотиладиган дўконларда эса туш, тирноқ бўёғи, лаб бўёғи, соч ва бадан учун хушбўй мой кўпинча ўғрилар нишонига айланиши маълум бўлган.
BIT компанияси парфюмерия дўконларида кўпроқ аёллар (78 фоиз), озиқ-овқат дўконларида эса эркаклар (77 фоиз) ўғирликка қўл уришини аниқлаган.
Қиёфани танувчи электрон тизим яратиш билан шуғулланадиган BIT компанияси экспертлари бундай тизим ўрнатилган дўконларда 2019 йил бошидан бери умумий қиймати 38 миллион рубль ($584 минг)га тенг товарлар ўғирлаб чиқилганини айтмоқда.
Шу йилнинг январь ойида BIT оддий россиялик дўкон ўғриси портретини ишлаган эди: бу 35 ёшлардаги маст эркак бўлиб, унинг доимий даромад манбайи мавжуд эмас ва қонунни бир неча бор бузган.
Шунингдек, ўғирланувчи товарларнинг ўртача қиймати ҳам ҳисоблаб чиқилган: минг рубль.
"Подружка" савдо тармоғининг хавфсизлик бўлими бошлиғи Виталий Сотневнинг РБК нашрига тушунтиришича, қиёфани танувчи тизимда аллақачон ўғирлик содир этган шахсларнинг маълумоти сақланадиган булутли омбор мавжуд.
«Шахс дўконга кириб келади ва сониянинг бир неча улуши ичида унинг қиёфаси маълумотлар базасига юборилади. Агар у муқаддам ўғрилик содир этган шахс сифатида тизимга киритилган бўлса, бу ҳақида хавфсизлик хизмати ходимларига хабар жўнатилади. Мабодо у қидирувда бўлса, ички ишлар органларига ҳам хабар қилинади, агар бундай бўлмаса, унда дўкон ходимлари уни шунчаки кўздан қочирмай, кузата бошлайди».
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek




























