Сиз ушбу сайтнинг камроқ интернет сарфлайдиган, фақат матндан иборат версиясини кўрмоқдасиз. Барча суратлар ва видеоларни ўз ичига олган сайтнинг асосий версиясини кўринг.
Wildberries омборларидаги ёнғин: Марказий Осиё тадбиркорлари миллионлаб доллар зарар кўрганини айтмоқда
Россиянинг энг йирик онлайн савдо платформаси саналган Wildberries'нинг Москва вилоятидаги Электростал ва Тамбов вилоятидаги Котовск логистика марказларига қилинган дрон ҳужумлари ортидан юзага келган ёнғинлар минглаб тадбиркорлар ва омбор ходимларига таъсир кўрсатди.
Ҳужумлар оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди, 80 нафардан ортиқ киши жароҳат олди. Ёнғинга учраган объектлар нафақат Wildberries логистика тармоғининг энг муҳим марказлари, балки Россияда меҳнат қилаётган марказий осиёликлар, жумладан кўплаб ўзбекистонлик ва қирғизистонликлар ишлайдиган йирик иш ўринлари ҳам ҳисобланади.
Компания раҳбари ва Россиянинг энг бой аёли ҳисобланган Татяна Ким товарларини йўқотган сотувчиларга компенсация тўлаш имконияти кўриб чиқилаётганини маълум қилди. Бироқ ҳозирча компания томонидан аниқ механизм ёки кафолатлар эълон қилинмаган.
Ҳодисадан кейин Ўзбекистон Миграция агентлиги ва Қирғизистон расмийлари ўз фуқароларига мурожаат қилиб, жабрланганлар ҳақида маълумот тўплашга киришди.
Саккиз киши ҳалок бўлди
18 июлга ўтар кечаси Украина дронлари Электростал ва Котовскда жойлашган Wildberries омборларига зарба берди.
Тамбов вилояти губернатори Евгений Первишов маълум қилишича, Котовскдаги омборда тунги сменада ишлаётган етти киши ҳалок бўлган. Москва вилоятида эса Электростал омбори ходимларидан бири олган жароҳатлари оқибатида кейинроқ шифохонада вафот этган. Расмий маълумотларга кўра, икки ҳудудда турли даражада жароҳат олганлар сони 80 нафардан ошган.
Первишов ушбу воқеани "тинч аҳолига қарши режалаштирилган террорчилик акти" деб атади. Россия Ташқи ишлар вазирлигининг "Киев режими жиноятлари бўйича" махсус вакили Родион Мирошник эса Украина армияси атайлаб фуқаролик объектига зарба берганини, ҳужум яқинида ҳарбий нишонлар бўлмаганини даъво қилди.
Бироқ Украина Президенти Володимир Зеленский нишонга олинган объектлар дронлар ва навигация ускуналари ишлаб чиқаришда қўлланиладиган, санкциялар остидаги бутловчи қисмларни етказиб бериш занжирига хизмат қилганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳужумлар Россиянинг Украина фуқаролик инфратузилмасига бериб келаётган зарбаларига жавоб сифатида амалга оширилган.
Wildberries сайтида ҳақиқатан ҳам бронежилетлар, оптик тола маҳсулотлари, FPV-дронлар учун юк ташлаш қурилмалари ва бошқа аниқ ҳарбий мақсадларда қўлланилиши мумкин бўлган товарларга оид ўн минглаб таклифларни топиш мумкин.
Электростал яқинида жойлашган Ногинск шаҳридаги нефт базаси ҳам зарбага учради. Ёнғинлар оқибатида ҳудуд осмонида ўнлаб километрларга чўзилган улкан тутун булути пайдо бўлди. Москва вилоятидаги ёнғинни ўчириш ишлари шанба куни тушдан кейин ҳам давом этди.
"Даҳшатли тун, компаниямиз ва мамлакатимиз учун даҳшатли воқеалар. Бу сўз билан ифодалаб бўлмайдиган оғриқ. Ҳалок бўлганларнинг барча яқинларига ҳамдардлик билдираман", - деб ёзди Татяна Ким ҳужумдан сўнг ўзининг Telegram-каналида.
Кейинроқ компания ҳалок бўлган ходимларнинг оилаларига 2 миллион рублдан, оғир жароҳатланганларга эса 1 миллион рублдан тўлашини маълум қилди.
Электростал - марказий осиёликлар кўп ишлайдиган омборлардан бири
Ҳужумга учраган Электростал логистика маркази Wildberries'нинг энг йирик объектларидан бири ҳисобланади.
Марказ қурилиши бошланганида унинг майдони 250 минг квадрат метрдан ортиқ бўлиши ва 20 мингга яқин иш ўрни яратилиши маълум қилинган эди. Котовскдаги марказ эса ўтган йили қурилиб битган бўлиб, унинг майдони 108 минг квадрат метрни ташкил этади.
Россиядаги мигрантлар ва тадбиркорлар вакилларининг айтишича, Wildberries омборларида минглаб марказий осиёликлар, жумладан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари меҳнат қилади.
Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси маълумотига кўра, Электростал шаҳрида кўплаб қирғиз фуқаролари ишлаб келган. Ҳужумдан кейин айрим фуқаролар ёнғин оқибатида ҳужжатларини йўқотгани ҳақида элчихонага мурожаат қилган.
Қирғиз расмийлари ҳалок бўлганлар орасида мамлакат фуқаролари йўқлигини билдирган. Шу билан бирга, бир қирғизистонлик фуқаро жароҳат билан шифохонага ётқизилгани айтилмоқда.
Аввалроқ бир қирғиз меҳнат муҳожири бедарак қолгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Кейинроқ унинг қариндошлари билан алоқага чиққан ва ҳужумдан олдин иш жойини тарк этгани маълум бўлган.
Ўзбекистон Миграция агентлиги ҳам Россиядаги ватандошларга мурожаат қилиб, хавфли ҳудудларда эҳтиёткор бўлишни ҳамда жабрланганлар бўлса, ваколатхона билан алоқага чиқишни тавсия қилди.
Миллионлаб товарлар сақланган омборлар
Ҳозирча Wildberries вайрон бўлган ёки ёниб кетган товарлар ҳажми бўйича расмий рақамларни эълон қилмаган.
Бироқ омборларнинг кўлами йўқотишлар жуда катта бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Мустақил кўчмас мулк консултантларининг баҳосига кўра, зарар кўрган Электростал ва Котовск марказлари Wildberries'нинг Россиядаги умумий омбор майдонининг тахминан 7 фоизини ташкил этади.
Компания маълумотларига кўра, Котовск омборида 22 миллион донагача товар сақланган. Ҳар куни бу ердан Россия бўйлаб қарийб 650 мингта буюртма жўнатилган.
Электростал маркази эса Wildberries тармоғидаги асосий тақсимлаш нуқталаридан бири ҳисобланган. Шу сабабли кўплаб сотувчилар маҳсулотларининг катта қисмини айнан шу омборга юборган.
Компания умумий логистика тармоғи одатий режимда ишлашда давом этаётганини таъкидлади. Би-би-си Рус хизмати билан суҳбатлашган компания манбасининг айтишича, сотувчиларга товар партияларини бошқа омборларга йўналтириш мумкинлиги ҳақида хабар берилган.
Қирғизистонда 700 дан ортиқ тадбиркор зарарни ҳисобламоқда
Ҳодисадан кейин Telegram тармоғида зарар кўрган тадбиркорлар гуруҳлари ташкил этилди.
"Озодлик" радиосининг Қирғиз хизмати маълумотига кўра, фақат бир гуруҳнинг ўзида 700 дан ортиқ қирғизистонлик сотувчи жамланган. Улар юристлар билан ишлаб, зарарни баҳолаш ва эҳтимолий компенсация масалаларини муҳокама қилмоқда.
"Азаттиқ" суҳбатлашган тадбиркорлар гуруҳида зарар ҳажми 100 миллион рублга яқинлашаётгани айтилмоқда, аммо аниқ ҳисоб-китоблар ҳали якунланмаган.
Қирғизистон Маркетплейс сотувчилари ассоциацияси ҳам Wildberries раҳбариятига мурожаат қилиб, ёнғин оқибатлари, зарар ҳажми ва компенсация тартиби бўйича расмий тушунтириш беришни талаб қилди.
Қирғизистон Тикувчилар ассоциацияси эса мамлакат ҳукумати ва Иқтисодиёт вазирлигидан маҳаллий экспортчилар манфаатларини ҳимоя қилишни сўраган. Уларнинг маълумотига кўра, айрим ишлаб чиқарувчиларнинг йўқотишлари 1 миллион рублдан 100 миллион рублгача етиши мумкин.
Ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳам зарар кўрган
Wildberries билан беш йилдан бери ишлаб келаётган қирғизистонлик тадбиркор Аҳмадилло Марипжонов ҳам Би-би-си Ўзбек билан суҳбатда катта йўқотишлар ҳақида гапирди.
"Менинг ўзимга ва мен хизмат кўрсатадиган аккаунтларга тегишли товарлардан тахминан етти минг долларлик маҳсулот ёниб кетди. Сотув қийматида ҳисобласак, бу қарийб 18 минг доллар бўлади", — дейди у.
Унинг айтишича, ўзи билган ҳолатлар ичида биргина спорт кийимларидан иборат партиянинг таннархи 600 минг долларга тенг бўлган.
"Танишларимдан бири 50 минг долларлик, яна бири 130 минг долларлик маҳсулот йўқотганини айтди. Яна бир тадбиркор эса бир ярим миллион долларлик товарлари бўлганини айтмоқда", — дейди Марипжонов.
Унинг сўзларига кўра, ёнган омборларда ўзбекистонликларга тегишли маҳсулотлар ҳам бўлган.
Аммо Марипжоновнинг тушунтиришича, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо эмаслиги сабабли маҳаллий тадбиркорлар маҳсулотларини Wildberries тизимига тўғридан-тўғри жойлаштира олмайдилар.
Шу боис кўпчилик Қирғизистонда рўйхатдан ўтган компаниялар орқали Россия маркетплейсларида савдо қилади.
"Мен билан ҳамкорлик қиладиган ўзбекистонликлар ҳам бор. Айнан шу ёнган омборларда уларнинг ҳам маҳсулотлари бўлган", — дейди у.
Сўнгги йилларда Россия маркетплейслари Ўзбекистон тадбиркорлари учун муҳим савдо майдонига айланган. Кийим-кечак, маиший маҳсулотлар ва бошқа турдаги товарларни сотаётган юзлаб компаниялар ушбу платформа орқали Россия бозорига чиқмоқда.
Компенсация бўладими?
Ҳозир асосий савол, зарарни ким ва қай даражада қоплаб бериши.
Бу масала айниқса июл бошида Wildberries офертасини ўзгартирганидан кейин долзарблашди. Компания «енгиб бўлмайдиган ҳолатлар» туфайли зарар кўрган товарлар учун жавобгарликдан ўзини озод қилди. Бунга дрон ҳужумлари ва ҳарбий ҳаракатлар оқибатидаги вайронагарчиликлар ҳам киритилган. Россиянинг яна бир йирик маркетплейси, Ozon ҳам шунга ўхшаш ёндашувни қабул қилган.
Қирғизистонлик тадбиркорлар вакиллари бу ўзгаришларга қарамай, маҳсулотларнинг катта қисми аввалги шартлар асосида омборларга жойлаштирилганини таъкидламоқда.
Марипжонов ҳам қандайдир кўринишда компенсация бўлишига умид қилмоқда.
"Интернетда компенсация бўлмайди деган гаплар юрибди. Мен бунга ишонмайман. Компенсация берилади деб ўйлайман. Чунки омбордаги маҳсулотлар учун маълум маънода масъулият Wildberries зиммасида. Балки ҳамма зарар қопланмас. Лекин бу қадар йўқотиш билан қолиб кетмаймиз деб ўйлайман", — дейди у.
Татяна Ким эса ҳозирча аниқ ваъда бермаган бўлса-да, компания сотувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқаётганини айтди.
"Барча ҳамкорларимизни омборларимизда сақланган товар учун компенсация масаласи қизиқтиряпти. Фавқулодда вазият юзага келганига ва биз йўқ қилинган товар учун компенсация тўлашга мажбур бўлмасак ҳам, тадбиркорларга бериладиган тўловлар ҳажми ҳамда уларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг бошқа чораларини ишлаб чиқмоқдамиз", - деб ёзди у.
19 июл куни компания дастлабки амалий чораларни эълон қилди. Жумладан, зарар кўрган айрим омборларга етказилган товарларни сақлаш учун 45 кунлик имтиёзли шартлар жорий қилинди, бошқа омборларга транзит орқали юбориладиган юклар учун эса тўловлар бекор қилинди. Шунингдек, ҳали омборларга етиб бормаган товар партияларини жарималарсиз бекор қилиш имконияти яратилди.
Шушари тажрибаси такрорланадими?
Wildberries учун бу турдаги биринчи йирик йўқотиш эмас.
2024 йил январда Ленинград вилоятидаги Шушари шаҳрида компаниянинг яна бир улкан омборида ёнғин чиққан ва у қарийб 35 миллиард рубллик зарарга сабаб бўлган.
Ўшанда Татяна Ким Wildberries сотувчиларга йўқотилган товарлар қийматининг 95 фоизини қоплаб берганини маълум қилган эди.
Бироқ Шушаридаги ёнғин ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилиши билан изоҳланган бўлиб, ҳарбий ҳаракатлар билан боғлиқ эмас эди. Демак, у ҳолатда компания форс-мажордан эмас, оддий хўжалик хавфидан келиб чиққан зарар билан тўқнаш келган.
Шу сабабли бу воқеа бугунги кунда ўзбек ва қирғиз тадбиркорлари учун ҳам умид, ҳам хавотир манбаи бўлиб турибди: бир томондан, Wildberries аввал катта ҳажмда компенсация тўлаган; иккинчи томондан эса, ҳозирги офертада компания ўзини айнан шундай ҳужумлар оқибатлари учун жавобгарликдан озод қилиб қўйган.
Ҳозирча асосий саволлар очиқ қолмоқда: омборларда аслида қанча товар йўқолган, зарарнинг ҳақиқий ҳажми қанча ва Wildberries минглаб сотувчиларнинг йўқотишларини қай даражада қоплаб беради? Бу саволларга жавоб компаниянинг кейинги қарорларига боғлиқ бўлади.