Биз ватан хоини эмасмиз, шунчаки ёвузликка қаршимиз

Сергей и Татьяна
Сурат тагсўзи, Сергей ва Татяна Воронкова, 2025 йил апрели, Вилнюс
    • Author, Илья Барабанов*, Анастасия Лотарева*
    • Role, Би-би-си Рус хизмати
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 16 дақ

Шу йил январ ойи охирида 55 ёшли геодезист Сергей Воронков 52 ёшли хотини Татяна билан Литва чегарасини ноқонуний кесиб ўтишди ва сиёсий бошпана сўрашди.

Украинага кенг кўламли босқин бошланишидан бир неча йил олдин эр-хотин Москвадан Украинанинг Запороже вилоятига кўчиб ўтишган, Токмак туманидаги қишлоқларнинг бирида иморат солган эдилар. 2022 йил февралида эса россиялик Воронковлар кутилмаганда Россия истилоси остида қолгач, "Украинага ёрдам беришга қарор қилишган". Улар Украина махсус хизматларига Россия ҳарбийларининг жойлашуви ва техникаси ҳақидаги маълумотларни етказишган.

Ўғирланган, ертўлада қамаб қўйилган ва бир неча марта сўроқ қилинган эр-хотин аввал босиб олинган ҳудуддан, кейин эса Россиядан чиқиб кетишга эришдилар. Сергей ва Татяна ўз ҳикояларини Би-би-си Рус хизматига сўзлаб бердилар.

2024 йил май ойида Сергей Воронков Россия армияси босиб олган Украинанинг Токмак шаҳрида ертўлада ўтириб, ҳаёт билан видолашаётган эди. Назарларида, бу ертўладан чиқиш имкони йўқдай эди. Босиб олинган ҳудудда Украина махсус хизматларига ёрдам берган ва буни тан олган Россия фуқаросининг омон қолиш эҳтимоли жуда кам эди.

У деворга фамилиясини ёзиб, ёнига ертўлада ўтказган кунларини санаб чизиқчалар қўйган. Тан олгандан сўнг Сергейни сўроққа олиб чиқмай қўйишган, кун ва туннинг алмашганини у фақат бармоқларини юзига яқинлаштириб кўргандагина биларди.

Кечаси ҳеч нарса кўринмасди.

Москваликлар Новолюбимовка қишлоғига йўл олишди

2025 йил апрель ойида Вилнюс шаҳри чеккасида Сергей Воронков ва унинг хотини Татьяна билан суҳбатлашдик. Уларнинг ёши пенсияга яқинлашса-да, тетик кўринишарди, аммо Сергей жисмоний меҳнат билан шуғулланиш унга қийинлашганини айтади. У Европада геодезист ҳужжатларини тасдиқлатиб, ўз мутахассислиги бўйича ишлашни давом эттиришга умид қилмоқда. Бир марта у ҳаётини кескин ўзгартирган эди: Москвадан Украинага, атиги уч юз киши яшайдиган қишлоққа кўчиб ўтганида.

Сергей ва Татьяна Воронковлар Россиядан Украинага кўчишга 2014 йилда Қрим аннексия қилингани ва Украина шарқида ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кўп ўтмай қарор қилишган. Татьяна ўшанда ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк Халқ Республикаси назоратидаги Донецк вилоятининг Торез шаҳридан эди. Мурманскда туғилган, совет даврида Киев вилоятида ҳарбий хизматни ўтаган Сергей ҳам Кремлнинг Украинага нисбатан сиёсатини қўллаб-қувватламаган.

Цветы на месте гибели Бориса Немцова в Москве

Сурат манбаси, VYACHESLAV PROKOFYEV/TASS

Сурат тагсўзи, 2015 йил Москвадаги Борис Немцов хотирасига бағишланган намойиш. Ўшандан кейин Сергей ва Татяна мухолифат тадбирларида қатнашмай қўйдилар, энди буёғи "бефойда" деган қарорга келдилар

"Биз 2014 йилда [Борис] Немцов ҳаётлик пайтида митингларга чиқардик, – дейди Сергей. – Москвада яшаб юрган пайтимда одамлар билан мулоқот қилиб, Қримни тортиб олишгани, Донбассга бостириб киришганини айтардим. Одамларда борган сари кўпроқ салбий муносабат пайдо бўла бошлади, агар сенга [Россия] ёқмаса – кет, дейишарди. Мен ҳеч нарса ўзгармаслигини, давлат тарғиботи тобора кўпроқ одамларни заҳарлаётганини тушундим. Шунинг учун кетишга қарор қилдик. Гаплашадиган одам бўлмаса, у ерда нима қиламиз?" Сергейнинг айтишича, Воронковларнинг яқин доирасида фақат битта одам уларнинг қарашларини қўллаб-қувватлаган, "Фейсбукдаги дўстлар" эътиқодига кўра яқинроқ эди, аммо эр-хотин барибир бу денгиздан томчи, деган хулосага келишган.

мужчина и женщина в Москве

Сурат манбаси, FAMILY ARCHIVE

Сурат тагсўзи, Сергей ва Татяна Москвада, Украинага кўчиб ўтишдан олдин

Татьянанинг таъкидлашича, 2014 йилда у ўз қарашлари туфайли ишини бутунлай йўқотган: "Маиший кимё билан шуғулланадиган компанияда ривожланиш бўйича директор бўлиб ишлардим. Бирор нарса айтиш у ёқда турсин, бошиданоқ қатъий позицияда эдим. Бир неча марта [менга] бу муносабатни ўзгартириш кераклигини айтишди. Мен ҳамкасбларимга тушунтириш мумкин деб ўйлагандим, лекин маълум бўлишича, 90 фоизи қарши томонда экан."

Сергей Воронков армияда геодезист бўлиб ишлай бошлаган, кейинчалик касб ўзгартирмоқчи бўлган, аммо 90-йилларда ҳатто Москвада ҳам ҳаёт "оч эди, геодезист сифатида эса пул топиш мумкин эди." Кўчиб келганидан бир неча йил ўтгач, у Украинада ҳам геодезист сифатида иш топди.

2016 йилдан бошлаб эр-хотин ҳар олти ойда бир марта у ерга бориб, келгусидаги яшаш жойларини кўриб келишган. "Қишлоққа кўчиб ўтиш осонроқ, у ерда ўз овқатинг бўлади. Қишлоқ хўжалигида биз мутлақо тажрибасиз эмасдик," дейди Сергей, нима учун охир-оқибат Запорожье вилоятининг Токмак туманидаги кичик Новолюбимовка қишлоғини танлаганларини тушунтириб.

У ўшанда Украина армияси 2022 йил кузида Херсон билан бирга озод қилган Днепрнинг ўнг қирғоғидан жой танламаганидан бироз афсусланди. Татьяна ўзини мустақил деб эълон қилган ДХР ҳудудида яшовчи қариндошларига яқинроқ бўлишни хоҳлаганди.

Мужчина гуляет с собаками

Сурат манбаси, FAMILY ARCHIVE

Сурат тагсўзи, Сергей ва Татяна Украинада, Россия босқинидан олдин. Ҳозирга келиб уларнинг урушдан олдинги фото суратлари қолмаган — улар телефонлари хотираларини, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини ўчириб ташлашга мажбур бўлдилар

Дастлаб эр-хотин ўзлари учун Новолюбимовкадан уй сотиб олишди. Кейин Татьянанинг отаси учун Токмакдаги квартирани. 2022 йил бошига келиб, Воронковлар қўшниларидан "тилхат асосида," расмий олди-сотди шартномасисиз яна иккита ер участкасини сотиб олишди. "Қишлоқда 100 та уй бор, урушдан олдин уларнинг 30 фоизи нотурар жой эди. Украина фуқароси бўлмаганимиз сабабли ер сотиб ололмасдик. У ерда ҳамманинг улуши 15 гектардан бўлиб, биз фақат уй атрофидаги ердан фойдалана олардик. Шундай қилиб, кейинчалик участка билан иккинчи уйни, сўнгра учинчисини сотиб олдик. Қўшни кампир вафот этди, уй узоқ вақт бўш турди ва биз охир-оқибат ундан фойдаланишга келишиб олдик, – деб батафсил ва мамнуният билан эслайди Сергей. – Натижада, хўжалигимиз учун бир гектар еримиз бор эди, шунинг учун чорва молларини боққанимиздан сўнг, озуқа базасини етиштира бошладик. Бизда чўчқалар ҳам, эчкилар ҳам бор эди – сут ўзимиздан чиқарди. Товуқлар, ўрдаклар ҳам. Сигир боқмадик, чунки бу жуда машаққатли эди."

2022 йил 19 февралда Татьянанинг отаси вафот этди. Дафн маросими 21-санада бўлди. "Мен Донбассдаги акамга отамни қандай дафн қилганимиз ҳақида хабар бериш учун қўнғироқ қилдим, акамнинг хотини эса уни ҳарбий машғулотларга олиб кетишганини айтди, – деб эслайди у. – Шунда уруш бўлишини тушундим, лекин уч кундан кейин бошланади деб ўйламагандим."

"Биз хабар берган биринчи колонна"

Сергей Воронков нафақат қишлоқ хўжалиги билан шуғулланган: Россия босқинидан бир неча ой олдин у Запорожьеда ўзининг асосий мутахассислиги – геодезистлик бўйича иш топган. "Мен ишга кирганимда, бизда учта геодезист бор эди. Икки Украина фуқароси ва мен қизил паспортим билан. Шундай қилиб, орамизда менинг маошим энг юқори эди!" – дейди у.

Сергейнинг айтишича, тил билан ҳам муаммо бўлмаган: "Бизда ва қишлоқда барча қўшнилар рус тилида гаплашарди. Ҳамкасбларим улар билан гаплашганда, бемалол рус тилига ўтишарди. Айтишларича, ҳозир [рус тилида] гапирмасликка ҳаракат қилишяпти."

Сергей Украинада уруш бўлиши ҳақида ортиқча гапирмасликка ҳаракат қилишганини эслайди, бироқ у расмийлар яқинлашиб келаётган босқин ҳақида ва ҳатто аниқ санани – 24 феврални ҳам билишган деб тахмин қилади: "Чунки мен объектда ишлагандим, у ерда энергетика подстанцияси бор, идорамиз уларни реконструкция қилиш билан шуғулланган. Бизга 24 февраль куни ҳеч ким ишда бўлмаслиги, гўёки Украина энергетика тизимини Европа Иттифоқига қайта улаш бўйича машғулотлар ўтказилишини айтишди. 24-дан 27-февгаргача шундай машғулотлар бўлишини айтишди. Охир-оқибат бу объект бомбаланди" (аслида айнан шу куни Украина Европа тизимига ўтган эди – Би-би-си).

последствия бомбежки

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Уруш бошланган кун - 2022 йил 24 февралида Чугуев шаҳрига зарбалар оқибатларидан бири

"24-куни эрталабдан аллақандай ҳуштак ва учаётган нарсаларнинг овозини эшитдим, кўчага чиқдим – ракета тўғридан-тўғри уй устидан учиб ўтди. Улар ё учишдан тўхтаётган, ё нуқсонли эди. Нима бўлганини билиш учун интернетга югурдим, у ерда эса Киев аллақачон бомбалангани ҳақида ёзишмоқда эди," дея эслайди Татьяна кенг кўламли босқин бошланган кунни.

26 февраль куни Воронковлар яшаган Новолюбимовка, Украинанинг Запорожье вилоятининг деярли бутун жануби каби, ишғол остида қолди. "Аммо шундай бўлдики, биз анча вақт "кулранг зона"да яшадик. Токмакка қўшин кирди-ю, бизникига кирмади. 26-куни биз хабар берган биринчи колонна ёнимиздан ўтди," дейди Татьяна.

Хабар берувчи бўлишга қандай қарор қилганликлари ҳақидаги саволга эр-хотин бир овоздан иккиланмаганликларини ва алоҳида муҳокамалар ҳам бўлмаганини айтишади.

"Биз доим якдилмиз, – дейди Сергей. – Бизга бир марта кетинглар, дейишди, кетдик. Иккинчи марта келишди – яна кетамизми?"

Россия колоннасини кўрган Татьяна хонага югуриб кирди, телефонини олди ва Киевдаги танишига ёзди, унинг фикрича, бу танишининг Украина Хавфсизлик хизматида алоқалари бор эди. Таниши унга Telegram'да махсус чат-ботга ҳавола юборган ва ўша ерга мурожаат қилишни тавсия қилган. Бот эр-хотинга маълум бир тахаллуси бор одам улар билан боғланишини айтди.

Биринчи марта Татьяна у билан мулоқот қилишдан бироз чўчиди: "Мен унга ишонишдан озгина қўрқдим, лекин ҳаммаси жойида экан. У бизга РЭБ, йирик техника жойлашувини, уларнинг ҳаракатланишини, тўпланиш жойларини, айниқса, ракета тизимлари, танклар, ўзиюрар қурилмалар ҳақидаги маълумотларни етказиш кераклигини айтди."

два танка

Сурат манбаси, TAISIYA VORONTSOVA/TASS

Сурат тагсўзи, 2022 йил февралида Украина ҳудудига кирган Россия ҳарбий техникаси

Россия колоннаси Новолюбимовка ёнидан узоқ вақт давомида ўтди, деб эслайди Сергей. Икки юзга яқин жанговар техника шимолга, Переможний томонга чўзилган эди. Унинг айтишича, координаталар Киевга узатилгандан сўнг, колонна бир неча бор Украина артиллерияси томонидан ўққа тутилган. Буни ҳозир текшириб кўриш қийин: уруш бошида у ерларда жанговар ҳаракатлар шу қадар тиғиз борар, ўққа тутишлар шу қадар тез-тез бўлардики, бунинг оқибати нима бўлганини аниқ айтиш иложи йўқ.

«Шубҳа қилмадингизми? Сиз Россия фуқароларисиз, Россия ҳарбийларининг координаталарини узатдингиз, бу аслида давлатга хиёнат-ку.»

«Йўқ, биз буни давлатга хиёнат деб ҳисобламадик. Давлатга хиёнат – бу агар Россияга ҳужум қилинса ва биз душман учун ишласак бўларди. Россияга ҳеч ким ҳужум қилмади. Қанақа давлатга хиёнат? Бу ёвузликка қарши курашдир. Ёвузликка қарши кураш!» деб қизишиб жавоб беради Татьяна, унинг ёнида ўтирган Сергей эса бош ирғаб қўяди.

«Агар сиз берган координаталарга зарба берилиб, у ерда турар-жой биноси бўлса-чи?»

«Уларни [Украина ҳарбийлари] урмаганди. Ҳатто шундай ҳолат ҳам бўлганки, Перемогнийда яхшигина, катта нишон бор эди, ёнида эса турар-жой бинолари. Улар: У ерга зарба беролмаймиз, турар-жой биноларига зарар етади, дейишди», таъкидлайди Сергей.

Би-би-си мухбирлари нишонга олишлар тинч аҳоли ўлимига олиб келган ҳолатларга мисоллар келтирганда, Воронковлар ўз ҳаракатлари "тинч аҳоли"га зарар етказмаганига қатъий ишонишларини айтишди.

Эр-хотин Киевдаги куратори билан 2022 йил апрель ойи охиригача, Новолюбимовкада мобил алоқа бутунлай йўқолгунча алоқада бўлишган. Бу вақт давомида Сергей координаталарни тўплар, Татьяна эса уларни ўз телефонидан узатар ва текширишларидан қўрқиб, уни яхшилаб тозалади.

последствия обстрелов в одном из украинских городов

Сурат манбаси, IVAN SKIRTACH/TASS

Сурат тагсўзи, Россия босиб олган Токмакка қилинган ҳужум оқибати, 2023 йил

Текширув ўзини куттириб қўймади. "Улар [формасиз қуролланган одамлар] баъзан текшириш учун келишарди. Барча ҳовлиларимизни текшириб, қурол-яроғ қидирардилар. Бизни кимдир сотди, шунинг учун 18 апрелда уйни ўраб олишди, бир неча киши автоматлар билан кириб, бизни олиб кетишди, – дея эслайди Татьяна Россия хавфсизлик кучлари билан биринчи тўқнашувни. – Серегани сўроқ қилишди, менга эса руҳий босим ўтказишди." Улар сўроқдан қўйиб юборилгач, эр-хотин Токмакдан Новолюбимовкагача 20 километр масофани Татьянанинг айтишича, "адреналин таъсирида" пиёда босиб ўтишган.

Апрель ойи охиридан 2022 йил ноябригача Новолюбимовкада ҳеч қандай алоқа бўлмаган. Шу сабабли, бу вақтда эр-хотин на ўзларининг куратори билан, на Россияда яшаётган вояга етган ўғли билан гаплашолган.

Бироқ 2022 йил август ойида қишлоқда янги Россия ҳукумати пайдо бўлди. Бунгача ишғолчи маъмурият фақат Токмакда эди, атрофдаги қишлоқларда эса одамлар ўз ҳолича яшар, фақат баъзида тинтув ва ҳужжат текширувлари бўларди.

Қишлоқнинг янги раҳбарини Сергей "гяуляйтерша" деб атайди. Оиланинг у билан муносабатлари дарҳол мураккаблашган: "У босқиндан бир йил олдин пайдо бўлганди. Гўёки Запорожье вилоятида туғилиб, маҳаллий тиббиёт институтини битирган экан. Биз уни [УХХдаги] алоқамиз орқали текширганимизда, бундай одам йўқлиги маълум бўлди. Графская Ирина Васильевна. Келиб, уй сотиб олди, тинчгина яшади, кўзга ташланмади, босқин содир бўлгач эса дарров фаоллашиб қолди."

женщина в магазине

Сурат манбаси, t.me/tokmakznaet

Сурат тагсўзи, Маҳаллий Телеграм каналда Токмак расмийси Ирина Графова қишлоқ дўконларидаги нарх-навони ўрганаётгани ҳақида хабар чиққан. 2024 йил ноябри

Сергейнинг таъкидлашича, маъмуриятнинг янги раҳбари маҳаллий аҳолини Россия уларнинг барча уйларини тортиб олиб, кейин уларни қайтариш ёки қайтармасликни ҳал қилиши ҳақидаги ҳикоялар билан қўрқитмоқчи бўлган. Сергей унга Россия Федерацияси фуқароси эканлигини, шунинг учун Россия қонунларини ҳам билишини айтган.

Сергей ва Татьянанинг айтишича, Графская улар Украина расмийлари билан ҳамкорлик қилаётгани ҳақида гапирган – чунки Воронковлар банкоматдан пул ечаётганини кўрган. Эр-хотиннинг таъкидлашича, бу ўғлининг пули бўлган ва улар УХХ билан фақат беғараз ҳамкорлик қилишган.

Нега босиб олинган ҳудуддан шунчаки кета қолмадинглар, деган саволга эр-хотин бир овоздан: "Қаёққа?" деб савол билан жавоб қайтаришади.

мужчина с котом и с собакой

Сурат манбаси, FAMILY ARCHIVE

Сурат тагсўзи, Сергей ўзининг Новолюбимовкадаги уйида

"Ярим йил ўтгач, Украина бутун дунё билан биргаликда буларнинг барчасини йўқ қилади, деган умидда эдик, – дейди Сергей Новолюбимовкада қолиш сабабини тушунтириб. – Тўртта итимиз бор эди. Машинамиз ишламасди. Мариуполликлар билан Запорожьега Россия паспортлари билан бора олмасдик – фильтрациядан ўтолмасдик. Россияга боришни эса истамадик."

"Мана, биз Украина тез орада қайтишини кутдик. Ахир қарши ҳужум бўлишини айтишган эди-ку, – давом этади унинг рафиқаси. – Доим Украина янгиликларини эшитиб ўтирардик. Кейин кўникиб қолдик, хўжаликни йўлга қўйдик, қўлимиздан келганча Украинага ёрдам бердик ва у ерда ўзимизни бироз хотиржам ҳис қила бошладик."

Бу ҳолат Сергейнинг қамоққа олиниши билан тугади.

Ўра

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Воронковлар Россия фуқаролари сифатида ишғолнинг бошиданоқ Россия хавфсизлик кучлари эътиборини тортган. "Биз дарҳол шубҳа остида қолдик, – деб тушунтиради Сергей, – чунки уларда доимо савол туғиларди: сиз, руслар, Украинада нима қиляпсизлар?"

2024 йил 20 апрелда Воронков экиш учун уруғлик сотиб олгани туман марказига борди: "Токмакдаги кўчадан олиб кетишди. Кутаётганлари кўриниб турарди. Чиқиб қарасам, у турибди, тўғри менинг олдимга келди..."

Сотрудник Следственного комитета России в военной форме у автомобиля

Сурат манбаси, ALEKSANDR POLEGENKO/TASS

Сурат тагсўзи, Россия Тергов қўмитаси ходими Токмакда, 2023 йил

"У" Сергейнинг сўзларига кўра, "фуқароча" кийинган ва унинг ортидан таъқиб қилиб юрган одам. Воронковни қуролланган одамлар ушлаб, қандайдир уйга олиб боришди ва унинг тахминий ҳисоб-китобига кўра, "майдони бир метрга икки ва чуқурлиги уч метр" бўлган ўрага туширишди. Сергей у ерда дастлаб чўққайиб ухлаганини эслайди – чуқур жуда совуқ эди: "Бу хусусий жой-ку. Эгаси кетган, улар [Россия ҳарбийлари] ҳозир бизнинг уйимизни эгаллаб олгандек, уни ҳам эгаллаб олишган. Сабзавот сақланадиган ўрага мени туширишди."

Эрталаб Воронковни бошига қоп кийдириб сўроққа олиб кетишди. Хавфсизлик кучлари ундан украиналикларга Россия позицияларини берганми ёки йўқ, сўроқ қилишди.

Қамоққа олинган биринчи куни Воронков ўз айбини тан олмади. Иккинчи куни уни яна бошида қоп билан полиграфга сўроққа олиб боришди. Учинчисида яна сўроқ. "Иқрор бўл. Биз сен билан яхшиликча [гаплашяпмиз], ёмонликча ҳам бўлиши мумкин," дейди у хавфсизлик кучлари билан мулоқотини тасвирлаб.

Сергейнинг айтишича, уни калтаклашмаган, лекин доимий равишда таҳдид қилишган. Бошида қоп билан атрофида нима бўлаётганини тушунмас, фақат зарбаларни кутарди.

Тўртинчи куни Воронков ниҳоят айбини тан олди. У калтакланишдан ва бунинг оқибатида қўшниларига туҳмат қилишдан қўрққанини айтди. Бу пайтга келиб Германияга кўчиб кетган киевлик таниши ва Украина хавфсизлик хизмати билан боғлаган чат-бот ҳақида сўзлаб берган. Аслида хизмат билан Татьяна алоқада бўлган, лекин Сергей хотинининг бу ишга аралашганини яширмоқчи эди.

Шундан сўнг қоғозларга имзо чекиши учун унинг бошидан қопни олишди. Бланкалар Россия рамзлари туширилган расмий ҳужжатлар эди, аммо Воронков қайси идора уни сўроқ қилганини эслай олмади – жуда ҳолдан тойган эди. (Би-би-си Сергей Воронковнинг ҳибсга олиниши бўйича Россия ФСБсига сўров юборган ва жавоб кутмоқда).

"Терговчи Рябухага протоколни имзоладим," дея эслайди Сергей.

Сўроқдан кейин уни яна чуқурга ташлашди.

автомобиль с надписью ФСБ на борту

Сурат манбаси, FEDERAL SECURITY SERVICE OF RUSSIA/TASS

Сергей ҳибсга олинганининг ўнинчи куни хавфсизлик хизмати ходимлари Татьянанинг Новолюбимовкадаги уйида тинтув ўтказишди. Шу кунлар мобайнида у эрини излаган: Токмак, қўшни Бердянск ва Васильевкага борган, моргларга ва касалхоналарга кирган, полицияга эрининг йўқолгани ҳақида ариза ёзган эди. Сергей ғойиб бўлиши биланоқ, у Москва вилоятида яшовчи ўғлига отасининг йўқолгани ҳақида хабар берган. Сўнг ўғли Россиянинг турли идораларига – Тергов қўмитасидан тортиб президентгача мурожаат қила бошлаган (мурожаатлар Би-би-си ихтиёрида мавжуд).

Фақат 7 майда вазият бироз ойдинлашди. "Менга Токмакдаги ментлар айтишди: унинг қаердалигини тушунмаяпсизми? У ертўлада ўтирибди. Уни ФСБ, контрразведка олиб кетган," дейди Татьяна.

Воронковларнинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот ходимларини улар қачонлардир томорқада яширган 4400 доллар қизиқтирган.

"Мен пулларни яшираётганимда, эҳтиёт чораси сифатида жойни суратга олиб, ўғлимга юбордим. Агар уйимиз бомбаланса ёки бизга бирор кор-ҳол бўлса, пуллар шу ерга кўмилган, деб. Расм тасодифан телефон хотирасида қолиб кетган экан, улар эса уни топиб олишган," деб эслайди Сергей.

Тинтув пайтида хавфсизлик кучлари пулларни қазиб олишди. "Ўтириб, купюраларни ёзиб чиқишди, – деб кулади Татьяна. – Шартмасди, ўғирлашган-ку, барибир уларни қайтариш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди."

Сергейни ҳамон ертўлада ушлаб туришари, фақат бир марта янги бирор нарса эсламадингми деб сўрашди. Ювинишга қўйишмади, овқатни кам беришди, саволларга жавоб қайтаришмади. У 26 майда ўзларини ФСБ ходими деб таништирган одамлар келиб, унинг кўрсатмаларини видеога олишганини эслайди.

Бироқ шу иқрорлардан ташқари, ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг айбдорлигига бошқа далил тополмаган кўринади, чунки тез орада Сергейни қўйиб юборишди.

задержание

Сурат манбаси, FEDERAL SECURITY SERVICE OF RUSSIA/TASS

Сурат тагсўзи, Кучишлатар тизими ходимларининг қўлга олиши

Икки кундан сўнг Воронковга ювинишга рухсат беришди, қовурилган тухум билан овқатлантиришди ("Отувга жўнатишмоқчи, деб ўйладим," деб ҳазиллашади у), машинада уйигача олиб бориб қўйишди ва ҳатто ҳамёнини қайтариб беришди. Унда 15 минг рубль ва 100 доллар – худди қўлга олинган пайтдаги миқдорда пул бор эди.

Шу билан бирга, қуролланган одамлар Воронковнинг деярли барча ҳужжатларини олиб қолишди: хорижга чиқиш паспорти, ички паспорт, Украинада доимий яшаш учун рухсатнома, фақат ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтариб беришди. "Қандай юрай, деб сўрадим, – деб эслайди Воронков. – Улар эса йўқотиб қўйдим, дейсан, дейишди."

Татьяна ва Сергей унинг иқрор бўлганидан сўнг нега қўйиб юборилганини билишмайди. "Балки уларга далил керак бўлгандир. Уларнинг қўлида эса ўзини ўзи айблаганидан бошқа ҳеч нарса йўқ эди, – деб тахмин қилади Татьяна. – Телефонимга вирус ўрнатишган ва барча ёзишмаларимни кўришган, буни менга кейинроқ уста айтди. Менимча, улар мени муҳим бир нарсани узатаётганимда қўлга туширмоқчи бўлишган. Улар «ҳечқиси йўқ, узатишда қўлга тушади!» деб ўйлашган. Мен ростдан ҳам қўлга тушдим!"

Босиб олинган ҳудуддан сузиб чиқиб кетиш

Татьянанинг айтишича, уни "қўлга туширган" хабар кураторига юборган битта жумладан иборат эди: "Менга бошқа ёзманг." Лекин бошқа ҳеч ким ҳеч кимга хат ҳам ёзмади, маълумот ҳам бермади – Татьяна билан Сергей дастлаб Новолюбимовкада илгаригидек яшаш мумкин, деб ўйлашди.

Сергей Токмакдаги паспорт бўлимига бориб, "йўқолган паспорт ўрнига" янги фуқаролик паспорти берилишини сўраб ариза берди. Аммо ҳокимият вакиллари Воронковга янги ҳужжат беришни чўзишди. Кейин Татьяна билан Сергей ўзларини кузатишаётганини сезиб қолишди: уларнинг уйига текшириш учун турли машиналар келиб турар, одамлар Воронковлар бирор нарса сотишяптими-йўқми, деб сўраб-суриштириб юришарди.

Охир-оқибат Россия хавфсизлик кучлари яна Новолюбимовкага келишди. Улар Сергейга украинларга берган координаталарингни бизга кўрсат дейишди. Воронков эса иқрор бўлиб кўрсатма берар экан, айёрлик қилиб, қишлоқда умуман мобил алоқа узилиб қолган кунларда куратор билан боғланганини айтди.

У бу ҳийла агар иш судгача бориб етса, унга ёрдам бериши мумкинлигини тахмин қилган эди. Ҳозир у ўз тактикасини ғайрат билан ҳикоя қилмоқда: "Мана, қаранг: улар ҳужжатларни тайёрлашган, унда ёзилган: 4 майда шундай координаталарни узатган. Мен сўрадим: "Буни қаердан биласиз?" Улар эса: "Сенинг телефонингдан!" деб жавоб беришди. Биз кула бошладик, чунки ҳеч қачон маълумот узатиш учун менинг телефонимдан фойдаланмагандик. Ҳамма нарсани Татьяна жўнатарди. У сўради: "Имкониятимизга шубҳа қиляпсизми?" Биз эса кулиб: "Энди аниқ шубҳаланаяпмиз!" дедик. Биламан, телефонимда бундай нарса йўқ эди. Улар дарров довдираб қолишди. Мен эса илгари берган барча кўрсатмаларимдан воз кечишимни ёздим."

фото дома

Сурат манбаси, FAMILY ARCHIVE

Сурат тагсўзи, Воронковларнинг Токмакдаги уйи

Дарвоқе, эр-хотин улар тинч қўймасликларини ва охир-оқибат Сергейга қарши иш очилишини тушунишарди. Европада яшовчи ҳуқуқ ҳимоячилари билан маслаҳатлашиб, Воронковлар аввал Россияга, кейин эса у ердан чиқиб кетишга қарор қилишди. "Аслида, ҳаммага бизнинг орқамиздан кузатишаётгани маълум эди. Шунинг учун кетишимиз кераклигини айтганимизда, қўшнилар ёрдам беришди, барча молларни сотиб олишди. Музлатгичлар ва бошқа нарсаларни ҳам арзимаган нархга бўлса-да, деярли ҳаммасини сотдик," дейди Татьяна. Энг муҳими, дейди Сергей, итларни жойлаштириш имконияти туғилди.

Ҳозир уйларингиз нима аҳволда, деган саволга Сергей шундай жавоб беради: "У ерда фашистлар яшаяпти! Икки ҳафтадан сўнг ҳарбийлар кириб келишди. Бизнинг уйимиз сув билан таъминланган, ҳатто қишлоқда сув ўчирилганда ҳам [унда сув бор], шунинг учун у ерга бирор муҳим одам жойлашган бўлса керак."

Бердянск

Сурат манбаси, ALEKSANDR POLEGENKO/TASS

Сурат тагсўзи, Бердянск шаҳри соҳили. Шаҳарни Россия қўшинлари 2022 йил 28 февралида босиб олганлар

Сергей тўсатдан озод қилинганидан кейин бир ярим ой мобайнида куч ишлатар органлар олиб қўйган паспорти нусхаси ва янги паспорт кутаётгани ҳақидаги маълумотнома билан юрди.

Аммо эр-хотин Новолюбимовкадан чиқиб кетиш учун баҳона ўйлаб топишди. Воронковлар кенг соябонли похол шляпа кийиб, пуфак қайиқни қўшниларидан сотиб олинган машина орқа ойнаси тагига қўйишди ва гўё Сергей астма касали бор хотинини денгизда дам олгани олиб кетаётгандек, Бердянск томон йўл олишди.

Улар айтишларича, бу йўлнинг осон қисми эди: ёзда босиб олинган ҳудудлар аҳолисининг кўпчилиги қирғоққа дам олгани борарди. Бердянскка эсон-омон етиб келиб, у ерда тунаб қолишгач, улар Татьянанинг укаси қабрини зиёрат қилиш баҳонаси билан Луганскка йўл олишди. Уруш бошида сафарбар этилган ука Новобахмутовка учун бўлган жангларда ҳалок бўлган эди.

КПП на автомобильной дороге

Сурат манбаси, DMITRY YAGODKIN/TASS

Сурат тагсўзи, Россия ва ўзини Донецк Халқ республикаси деб эълон қилган ҳудуддаги чегара текшириш нуқтаси

Воронковлар Луганскда яна бир кеча қолишлари керак эди. Улар биринчи уринишда давлат чегарасидан ўта олишмади. Россия Украинанинг босиб олинган тўрт вилояти Россияга тегишли эканини даъво қилса-да, чегара эскича ишлашда давом этарди, йўқолган паспорт нусхаси ўтиш учун етарли бўлмади.

Улар паспорт бўлимидан Воронков янги ҳужжат сўраб ариза бергани тўғрисида маълумотнома олиш ва у ерда яна бир кеча тунаш учун Краснодонга қайтишга мажбур бўлишди. Шу ҳужжат билан улар чегарадан ўтиб, Москва вилоятига йўл олишди.

"Омадимиз келди. Шунчаки бутун йўл давомида омадимиз юришди, менимча," дея саёҳатнинг бу қисмини якунлайди Татьяна.

Сохта паспортли одам

Москва яқинидаги Подолскда Сергей паспортни тиклашда муаммоларга дуч келди: уни Токмакдан юборишни исташмади. 2024 йил сентябрь ойида эр-хотин Беларус орқали Россияни тарк этишга муваффақиятсиз уриниб, ҳеч қандай ҳужжатларсиз Смоленскка йўл олишди.

"Ушлаб, қайтариб юборишди. Милиция қўлга олди! – деб эслайди Татьяна. – Биз уларга турли баҳоналар кўрсатардик, масалан, зиёратчилармиз, турли черковларга зиёратга кетяпмиз, мана энди Беларусга кетяпмиз деб."

Воронковларнинг ҳужжатларини текширган полициячилар Сергей аллақачон Запорожье вилоятида ҳибсга олинганини билиб қолишди ва уни олиб кетиш учун ФСБ келишини айтишди.

"Милиция ходимлари Сергей қамоқда ўтириб чиққанини билиб қолишди. Бироқ, маҳаллий УФСБ Сергей билан Запорожьеда нима содир бўлганини аниқлашга қизиқмади, шунинг учун эр-хотинни кутилмаганда қўйиб юборишди ва Москвага янги паспорт олиш учун ариза топширишга юборишди, "ходимлар уларни яна сўроқ қилишади" деб айтишди.

Шу суҳбат давомида Татьяна улар Запорожье вилоятида бўлганларида унинг телефонини махсус хизматлар ўқиганини тушунди. ФСБ ходимларидан бири унга "яхшилаб ўйлаб кўришни" таклиф қилди, у Сергей ҳибсга олинганда бошқа боғланмасликни сўраб кимга хабар юборганини айтди. Унинг таъкидлашича, ўша хабар матнини ФСБ ходими унга деярли сўзма-сўз ўқиб берган.

Пограничный столб на границе России и Беларуси

Сурат манбаси, soyuz.by

Сурат тагсўзи, Илгари Россия билан Беларус чегарасини бирор-бир текширувсиз кесиб ўтиш мумкин эди. Пандемия пайти чегара назорати ўрнатилди, ҳозир Россиядан Беларусга ўтаётганларни текширишади

Воронковлар Москвада ФСБ ходимлари билан учрашувни кутиб ўтирмасликка қарор қилишди. Москва вилоятига қайтгач, Сергей Telegram'да эски фуқаролик паспорти нусхасини буюртма қилди, уни ҳибсга олиш чоғида тортиб олишганди. Ушбу қалбаки ҳужжат билан эр-хотин Беларусга эсон-омон етиб олишди ва ундан Литва билан чегарани ноқонуний кесиб ўтишди.

Сохта паспорт туфайли Воронковлар янги муаммога дуч келишди: энди Литва хавфсизлик кучлари Сергейни нафақат чегарани ноқонуний кесиб ўтишда, балки сохта ҳужжатдан фойдаланганликда ҳам айблади – Литвада бу жиноий иш ҳисобланади. Воронков янги ҳаётининг биринчи ойини Каунас қамоқхонасида ўтказди, аммо бу қамоқхона унга Запорожье зиндонидан кўра анча ёқди.

"Бўлиб ўтган ҳамма нарсадан кейин, у ер ёпиқ турдаги санаторий эди, – деб кулади у. – Ҳафтада икки марта душ, ҳаммом. Кўрпа-тўшаклар мунтазам алмаштирилади. Нонушта келтирилганда уйғотишади. Қарта ўйнадик, қўнғироқ қилиш учун карточкалар беришарди – хоҳласанг ҳар куни 20 дақиқа гаплашишинг мумкин. Теннис ўйнаш, музлатгич, микротўлқинли печдан фойдаланиш имкони бор. Спорт зали, ҳар куни сайр. Ҳатто компьютер ҳам бор, лекин ундан фақат ҳукуматнинг www.gov.lt сайтига кириш мумкин."

граница

Сурат манбаси, MINDAUGAS KULBIS/AP/TASS

Сурат тагсўзи, 2022 йили Литва Беларус билан чегарасида девор ўрнатди

Литва суди Воронковни қалбаки паспортдан фойдаланганликда айбдор деб топди ва уни 26 кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Аммо ҳозирда Пренай шаҳар судида янги суд жараёни кетмоқда, агар у муваффақиятли якунланса, Сергейга қамоқда ўтирган вақти учун компенсация тўланади.

Сергей ва Татьяна тез орада Литвадан бошпана олишга умид қилмоқда. Россияда қолган ўғиллари ота-онасининг бошидан ўтганларини билгач, улар билан алоқани узди.

Украина хавфсизлик хизматининг собиқ куратори Новолюбимовкадаги ёрдамчиларини унутмаган эди. Литва расмийларини Россиядан қочганларнинг ҳикоясига ишонтириш учун Украина Миллий гвардиясининг 28-полки Воронковларга шахсий миннатдорлик хатини юборди.

"Ҳарбий қисмни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганингиз ва кўрсатган ёрдамингиз учун. Сизнинг фидойилигингиз, меҳрибонлигингиз ва энг қийин дамларда ёрдамга тайёрлигингиз жуда муҳим. Сизнинг ёрдамингиз туфайли биз ўз вазифаларимизни муваффақиятли бажаришимиз ва давлатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашимиз мумкин," дейилади подполковник Евген Жар томонидан имзоланган ҳужжатларда (иккала миннатдорчилик хати ҳам Би-би-си Рус хизматида бор).

Украинанинг Литвадаги элчихонаси ҳам Воронковлар оиласи "Украинада вақтинчалик яшаш рухсатномаси асосида яшаганини" тасдиқлади.

замок

Сурат манбаси, FAMILY ARCHIVE

Сурат тагсўзи, Сергей ва Татяна Украинанинг Каменец-Подолскида, 2019 йил

Келажакда Украинага қайтишни истайсизми, деган саволга Сергей шундай жавоб беради: "Биласизми, агар имкониятим бўлганида, эртагаёқ кетган бўлардим." Унинг хотини эса прагматикроқ: "Мол-мулк бор жойга боришнинг маъноси бор. Агар шунчаки Украинага борадиган бўлсак – у ерда ҳам, бу ерда ҳам ҳамма нарсани нолдан бошлашга тўғри келади."

Би-би-си мухбирлари Россияга қайтишга рози бўлармидингиз, деб сўраганларида, Воронковлар бир хил жавоб беришади – йўқ, ҳеч қачон. Сергей қўшимча қилади: "Агар инсоний қиёфаси намоён бўлса, балки. Ҳозир у ерда инсонийликдан асар ҳам йўқ."

Унинг 87 ёшли онаси Россияда яшайди ва шу вақт ичида ўғлига нима бўлганини унча тушунмайди. У бутунлай бошқа фикрда. Воронковнинг айтишича, босқин бошланганидан кейин у онаси билан гаплашганда жуда ғазабланган, ҳатто бир муддат унга қўнғироқ қилмай қўйган. Татьяна эрининг қўлидан ушлаб, мулойимлик билан дейди: "Йўқ, мен бунга қарши эдим, барибир она-ку, муносабатларни сақлаб қолишга ҳаракат қилиш керак."

«Онангизни соғиндингизми? Уни бошқа кўрмаслигингиз мумкин».

Сергей Воронков ҳеч иккиланмай:

«Йўқ, соғинганим йўқ! Соғинмайман».

*Россия ҳукумати Анастасия Лотарева ва Илья Барабановни "хорижий агент" реестрига киритган. Би-би-си ушбу қарорга кескин қарши ва қарор устидан судга мурожаат қилган.