Аҳмад Масъуд кучлари Панжширда Толибон аскарларини ўлдирганини айтмоқда

Сурат манбаси, Reuters
Толибон Кобул шимолидаги Панжшир вилоятида Аҳмад Масъуднинг қўшинлари билан жангларда бир қатор жиноятларни амалга оширишда айбланяпти.
Би-би-сига гапирган бир маҳаллий яшовчининг даъво қилишича, Толибон унинг кекса қариндошини отиб ўлдирган.
Яна бири ўз қўшнисини Толибон ҳушидан кетгунича дўппослаганини айтди.
Ўтган август ойида Афғонистондаги иқтидорни қўлга киритган Толибон воизи бу каби ҳуқуқбузарликлар юз бергани ё Толибон жангчилари ҳалок бўлганини рад этди.
Жанглар ҳозирда фақат шу жабҳа билан чегараланган ва Толибоннинг мамлакатдаги назоратига хавф туғдирмайди. Аммо, у Толибон қудратни қўлга олганидан бери юз тутаётган энг давомий қаршилик бўляпти.
Панжшир 1990 йилларда ҳам Толибон Афғонистонни қўлга олганида аксил-Толибон курашнинг маркази бўлган.
Охирги кунларда Миллий қаршилик фронти (МҚФ) жангчилари шу ҳудуддаги Толибон аскарларига қарши ҳужумлар уюштирганлар. Бунга жавобан Толибон Панжширга катта қўшин йўллаган.
МҚФга афсонавий аксил-Толибон жангчи Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қилади. Аммо, Толибон қудратга келгач, у мамлакатдан қочган.
Гуруҳ таркибида Толибон келишидан аввал Афғонистон армияси сафида бўлган махсус кучлар аскарлари ҳам бор.
Анонимлик асосида Би-би-сига гапирган маҳаллий манбаларнинг айтишича, охирги зиддият диний тортишувлар сабаб келиб чиққан.
Уларнинг айтишича, Толибон Ҳайит Толибон белгиланган кундан бир кун кейин нишонланиши керак дея қарор чиқарган панжширлик имомни ҳибсга олишга уринган.
Ҳибсга олишга келган Толибон кучлари пистирмага учраб, бир нечаси ўлдирилгани айтилади, аммо Толибон буни рад қилмоқда.
Талафотлар сони ва жанг кўламини аниқлаш қийин. Толибон уларнинг кўламини пасайтиришга уринса, МҚФ аксинча, уни ошириб кўрсатишга уринади.
Икки маҳаллий манба Панжширда 15 қуролсиз киши Толибон томонидан ўлдирилганини айтяпти.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek






























