Ўзбекча 'постмодерн' ёки Ғарбдан кўчирма: Тошкентнинг антиқа безакларидан шаҳарликлар ҳайратда

Published

Шу кунларда пойтахт мутасаддилари кўча ва ҳиёбонларга турли, янгича услубдаги безак ва композицияларни жойлаштиришмоқда.

Ушбу меъморий асарлар "Тошкенти азим"га замонавий кўриниш бериб, унинг ҳуснига ҳусн қўшиши масқсад қилинган.

Аммо, ижтимоий тармоқлардаги мунозаралардан келиб чиқсак, бу антиқа объектлар барча шахарликларга бирдай манзур бўлаётгани йўқ.

Баъзилар уларнинг мағзини чақолмай доғда қолаётган бўлса, қолганлар бюджет маблағи шу "матоҳларга" ишлатилдими, деб куюнмоқдалар.

Фейcбук фойдаланувчиларига қараганда, бу асарларнинг баъзилари аслида дунёнинг бошқа шаҳарларида яратилган ва ўрнатилган композициялардан кўчирма, холос.

Troll.uz

Сурат манбаси, Troll.uz

Сурат тагсўзи, Troll.uz

"Бу шифрланган ўроқ билан болға-ку", дейди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири юқоридаги шаклнинг собиқ Совет иттифоқи герби билан ўхшашлигига шаъма қилиб.

"Бўлмаган гап", дея эътироз билдиради бошқа бир фойдаланувчи Фейcбукдаги Тролл.уз саҳифасида.

"Кимдир солиқ тўловчиларнинг пулига хоҳлаган ишини қилишга уринаяпти", дейди яна бир фойдаланувчи Наталя Айрумова юқоридаги безакни шарҳлар экан.

"Фикримча, кўпчилик шаҳарликлар ўша санъаткор билан жиддий гаплашиб олиш имкони бўлса, йўқ дейишмаса керак", дея қўшимча қилади у.

Troll.uz

Сурат манбаси, Troll.uz

Бу янги иншоотни Тошкентнинг Сквер ҳиёбонида жойлашган машҳур иморатнинг кичкина "укаси" деб ўйлаган бўлишингиз мумкин.

Бироқ Фейcбук фойдаланувчиларига кўра, бу АҚШнинг Нъю Жерси штатида жойлашган 2001 йили 11 сентябрь террор ҳужумида ҳалок бўлганларни хотирловчи мемориалнинг ўзбекча нусхаси.

Бундай "плагиат" кўпчиликнинг таъбини хира қилган бўлса-да, аксар фойдаланувчилар вазиятни ҳазилга ўгиришга ўзларида куч топа олишди.

"Бир йўла Лондондаги Биг-Бенни нусхасини ўрнатиб қўя қолишмабди-да", дейди Гайрат Омон исмли фойдаланувчи.

"Бу плагиат эмас", дейди бошқа бир фойдаланувчи киноя билан. "Соатлар бошқа-бошқа вақтни кўрсатиб турибди-ку, ахир".

"Соатнинг ўрнига чинор экиб, пештоқига 'Дарахт экадиган вақтимиз келди' деб ёзиб қўйиш керак", дея таклиф билдирган Малик Муҳитдинов.

Мана бу ўриндиқ дизайни эса, айтишларича, интернетдан олинган расмларга қараб ва айнан ўхшатиб ишланган.

Troll.uz

Сурат манбаси, Troll.uz

"Ҳозирги жазирамада ўтириб бўларканми шунақа қизиб турган ўриндиққа", дейди ҳайратланиб "Гули Гули" номли фойдаланувучи.

"Ким сизга бу ўтирадган ўриндиқ деб айтди? Бу селфи оладиган ўриндиқ", жавоб беради бошқа бир ўзбекистонлик.

Юқоридаги эътирозларга қарамасдан, ўзбекистонлик ижтимоий тармоқ фойдалнувчилари орасида янгича меъморчилик обидаларини қўлаб-қувватлаган, "нима бўлганда ҳам ободонлаштиришга ҳаракат қилишяпти-ку" дея фикр билдирганлар ҳам т,алайгина.

"Шаҳарда юришга сал бўлса-да қизиқиш ортди энди", деб ёзади Азиз Султанов.

Омад Каримов номли фойдаланувчи эса Ўзбекистон шаҳарларини кўркамлаштириш ўзбек меъморларининг, иқтидорли ёш дизайнерларнинг вазифаси, деб ҳисоблайди.

"Миллийлик асносида кўп ғоялар бор, бировнинг бренди бировнинг ишларини кўчириб, шахарни чиройли килиш менимча, ўзбекларга хос эмас, биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва ҳеч кимдан кам бўлмаймиз ҳам! Ўзимизнинг ўзбек дизайнер ёшларимизнинг ишларига озгина бўлса ҳам, эътибор берилса, гўзал диёримиз ундан-да гўзал бўлиши аниқ!!!" дейди фойдаланувчи.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek